Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Пешонасига тўппонча тирашган...» – Ҳибсдаги мухолиф журналист иқрор руҳида интервью берди

«Пешонасига тўппонча тирашган...» – Ҳибсдаги мухолиф журналист иқрор руҳида интервью берди

ОНТ телеканали эфиридан скриншот

Беларусдаги давлат телеканалларидан бири – ОНТ эфирида «NEXTA» Телеграм канали собиқ бош муҳаррири, айни пайтда ҳибсда бўлган Роман Протасевичнинг интервьюси эълон қилинди. Мазкур интервьюда президент Александр Лукашенконинг ашаддий танқидчиси бўлган 26 ёшли журналист буткул ўзгача қиёфада намоён бўлган. Интервью ОНТ раҳбари, Лукашенко маъмуриятининг собиқ ходими Марат Марков томонидан олинган.

Интервью чоғи Протасевич оммавий тартибсизлик уюштириш жиноятини содир этганини эътироф этар экан, эндиликдан сиёсат билан шуғулланмаслигини қайд этади.  У, айни чоқда, Александр Лукашенкони ҳурмат қилишини таъкидлайди.

Сўнгги пайтга қадар Беларусь мухолифатининг ахборот жабҳасидаги яловбардорларидан бўлган ҳибсдаги журналист интервью давомида мухолифатни танқид қилади. Хусусан, мухолифат етакчиси Светлана Тихановскаяни Литва молиявий қўллаб-қувватлаётганини айтади ва Телеграм каналларда уни танқид қилиш мумкин эмаслигини урғулайди.

Романнинг отаси Дмитрий Протасевич интервьюга муносабат билдирар экан, «пешонаси тўппонча тиралгани» сабаб ўғли шундай фикрлар айтишга мажбур этилганини тахмин қилган.

«Мен фарзандимни жуда яхши биламан. Ўғлим ҳеч қачон ўзи содир этмаган қилмишни бўйнига олмайди... Муттасил қўрқитиш, жисмоний ва руҳий зўравонлик оқибатида шундай интервью берганига ишончим комил», – деган  Дмитрий Протасевич.  

Беларусь президентлиги учун курашган номзод, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская штаби ҳам интервью қийноқ остида олинганини таъкидлаган. Айни чоқда, мухолифат интервью пайти Р. Протасевичнинг қўлида жароҳат аломатлари кўринганига эътибор қаратган.

Сўнгги йилларда хорижда яшаб келган мухолиф журналист Р. Протасевич жорий йил 23 май куни Ryanair авиаширкати самолётида Афинадан Вильнюсга кетаётган пайти учоқни Минскка мажбурий қўндириш йўли билан ҳибсга олинган эди.

Самолётнинг ёлғон маълумотлар асосида мажбуран қўндирилиши ва мухолиф журналистнинг ҳибсга олиниши Ғарб давлатлари томонидан кескин қораланган, ўнлаб мамлакатлар Беларусь самолётлари учун ўз ҳудудини ёпган.

23 май куни Роман билан бирга унинг маъшуқаси, Россия фуқароси Софья Сапега ҳам қўлга олинган. У ҳам Роман каби Беларус давлат хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторида экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда 2020 йил 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида мамлакатни чорак асрдан бери идора этиб келаётган Александр Лукашенко ғалабаси эълон қилингач, мамлакат бўйлаб норозилик чиқишлари бошланиб кетди.

Лукашенконинг ғалабасини сохта деб билган кўп сонли аҳоли ҳамда мухолифат унинг истеъфосини талаб қилди. Ғарб мамлакатлари, хусусан, Европа иттифоқи 9 август сайлови натижаларини тан олмади. Бир неча ойга чўзилган ва пировардида кўплаб мухолифат фаолларининг ҳибсга олиниши ёки хорижга кетиши билан якунланган норозилик намойишлари вақтида Роман Протасевич асос солган «NEXTA» Телеграм канали дунё матбуоти учун асосий ахборот манбаларидан бирига айланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг