Пойтахт ҳокимлиги давлат ходимларига миллий либосда бўлишни тавсия қилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокими шаҳарда миллийликни тарғиб қилиш, миллий маданиятни асраб-авайлаш, ўзбек халқининг бой меросини ёш авлодга етказиш, шаҳар аҳолисининг маданий савиясини ошириш, шунингдек, шаҳар ҳаётида миллий анъаналарнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни амалга оширишга доир қарорини имзолади.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади ва ушбу мақсадларга хизмат қиладиган «Миллий Тошкент» лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ишчи гуруҳ миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қатор чора-тадбирлар, жумладан, миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқиш ва миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш каби ишларни амалга оширади.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар ҳамда туман ҳокимликлари мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда миллий либосларда юришни, миллийликни тарғиб қилишни ва миллий маданиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўради.
Қолаверса, давлат ташкилотларида ҳафтанинг ҳар жума куни «Миллий либослар куни» деб белгиланади. Пойтахтдаги давлат органлари ва муассасалари ходимлари иш кунларида миллий либосларда юриши тавсия этилади (тасдиқланган хизмат кийимлари бундан мустасно). Уларнинг миллий либосларда юриши учун алоҳида шарт-шароитлар яратиб берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter