Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент инвесторларга: «ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз»

Президент инвесторларга: «ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз»

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида сўзлаган нутқида инвесторларни иқтисодий тараққиётнинг асосий ҳамкорлари сифатида эътироф этди. Давлат раҳбари инвестицияларни нафақат молиявий ресурс, балки замонавий технологиялар, билим ва тажрибалар манбаи сифатида баҳолашини таъкидлади.

Президент Осий тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ташаббуси билан Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашларининг минтақавий альянси ташкил этилаётганини ўз вақтида қабул қилинган қарор сифатида баҳолади. Қайд этилишича, бозорлар қанчалик катта ва қоидалар қанчалик уйғун бўлса, минтақага сармоялар оқими шунчалик кўпаяди.

Шу муносабат билан мазкур ташаббус келгусида умумий инвестиция маконини шакллантириш йўлидаги дастлабки қадам бўлишига ишонч билдирилди. Давлат раҳбари бу жараён нафақат иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки минтақа мамлакатларининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилишини таъкидлади.

Президент ўз нутқида инвесторларнинг иқтисодиётдаги ўрнига алоҳида урғу берди. Унинг таъкидлашича, инвестиция мамлакат учун янги иш ўринлари, инновациялар ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш имконини беради.

«Биз учун инвестиция бу фақатгина иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари ва давр билан ҳамнафас тараққиёт демакдир», деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент хорижий инвесторларларга мурожаат қилиб, ҳар қандай йирик мақсад ва режаларни амалга оширишда инвесторлар муҳим ўрин тутишини қайд этди. У Янги Ўзбекистон хорижий бизнес ва сармоялар учун очиқ эканини яна бир бор тасдиқлади.

Нутқ якунида давлат раҳбари мамлакат раҳбарияти инвесторлар билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

«Ҳар қандай буюк орзу ва ниятни ҳаётга тўла татбиқ этишда асосий ҳамкор, ҳеч шубҳасиз, эзгу ниятли инвесторлар, десак, муболаға бўлмайди. Шу боис, диёримизга катта ишонч ва ғоялар билан келаётган хорижий сармоядорларга Янги Ўзбекистоннинг эшиклари ҳамиша очиқ», деди Президент.

«Президент сифатида шахсан ўзим ва Ҳукуматимиз ёнингизда елкадош бўлишга доим тайёрмиз», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг