Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Мирзиёев Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раисини қабул қилди

Президент Мирзиёев Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раисини қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда «Air Products», «CNH Industrial» ва «Silverleaf» компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларида юқори даражага эришилгани ҳамда палата мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Шунингдек, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми барқарор ошмоқда, энергетика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Кэролин Лэмм АҚШ ишбилармон доиралари номидан Ўзбекистон етакчисига икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигига шахсан эътибор қаратаётгани ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Америка тадбиркорларининг Ўзбекистондаги фаолиятни кенгайтириш, молиявий инструмент ва механизмларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибани жорий этиш ҳамда турли тармоқларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалари муҳокама қилинди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида АҚШнинг пешқадам компания ва банклари иштирокида бизнес форумини ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг