Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга доир янги қарор қабул қилди

Президент Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга доир янги қарор қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилди.

Соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш мақсадида:

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг асосий фаолият йўналишларини белгилаш ва қуйидаги янги бошқарув тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

2021 йил 15 июндан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилди.

Молия вазирлиги ушбу мақсад учун 2021 йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратади.

«Ўзавтосаноат» АЖ 2021 йил 1 октябрга қадар жойларда, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда аҳолини манзилли профилактика ва скрининг қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган махсус автобусларнинг камида 3 та тажриба намунасини яратади ва киритади.

2021 йил 1 июндан бошлаб

а) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмаларига амалдаги штат бирликлари доирасида бошлиқнинг рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинади. Бунда, ушбу лавозимларга тайинланаётган шахсларнинг аввалги давлат ташкилотларидаги иш жойи бўйича ойлик иш ҳақи миқдори юқори бўлган тақдирда, уларнинг аввалги иш жойи бўйича ойлик иш ҳақи миқдори сақлаб қолинади.

Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов):

икки ҳафта муддатда IT оператор – ҳамширалар ҳамда бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида уларни ўқитиш бўйича дастур ишлаб чиқади;

режа-жадвалга асосан IT оператор – ҳамширалар ҳамда бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида уларни туман (шаҳар) IT марказларида бепул ўқитиш машғулотларини ташкил этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.Пекось), бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар соҳада катта тажрибага эга бўлган маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда ташкилотларни жалб этган ҳолда Соғлиқни сақлаш соҳасини 2025 йилгача рақамлаштириш (E-health–2025) стратегиясини ва уни амалга оширишга доир йиллар бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2021 йил якунига қадар 17 400 та замонавий компьютер жиҳозларини харид қилиш билан боғлиқ маблағлар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан, етмаган қисми эса ҳар йили Давлат бюджетида Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилишини назарда тутади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида компьютер жиҳозлари бўйича техник ходим лавозимлари компьютер техникаси хизмати бўйича муҳандис лавозимларига алмаштирилади ҳамда улар зиммасига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ҳамда ривожлантириш вазифалари юкланади.

Бунда, компьютер техникаси хизмати бўйича муҳандисларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб иш стажи беш йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг