Президент Сурхондарё вилоятига қанча маблағ ажратилганини маълум қилди
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга қилган ташрифи давомида вилоят фаоллар йиғилишида иштирок этмоқда. Давлат раҳбари йиғилиш давомида вилоятдаги муаммоларни кўтариб чиқди ва амалдорлар ҳамда депутатлардан эътиборли бўлишни сўради.
— Туман кенгашларига жуда катта ваколатлар берилди. Нима учун? Чунки улар халқ вакили. Депутат чапак чалиб, вақтини ўтказмасдан, халқ дарди билан яшаши керак.
Депутат дегани менга ҳам мурожаат қилиб, «Жаноб президент, мана шу масалани ҳал қилишимиз керак», — деб шарт қўйиши керак. Албатта ҳамма ишни бирдан уддалаб бўлмайди, аммо қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз.
Сурхондарёдаги оғир жойларни мен сизлардан яхши биламан. Нима учун муаммоларни жойида ҳал қилмаяпсиз? Тошкент ёрдам беради, албатта, аммо ҳудудлар ҳам ҳаракат қилиши керак эмасми? Вилоятни кўтариш учун 1 триллион 900 миллиард сўм беряпмиз. Бу маблағнинг назорати қани? Депутатларнинг овози қани?
Президент сиёсат юритади. Аммо бу сиёсатни халқ вакиллари, депутатлар амалда кўрсатиши лозим.
Ўзбекистон дунёга очилди. Ҳамма ҳаракатлар биримизни икки қилишга қаратилган. Аммо ҳудудларда лоқайдлик ҳамон бор. Муаммоларга қарамаяпсиз, ҳурматли депутатлар. Шерободда, Бойсунда, Шўрчида одамлар президент билан учрашиш учун муаммосини кўтариб юрибди. Шундай одамлар борлигини депутатлар билмайдими?
Ким бўлмасин, ўшалар ҳам ўзимизнинг фуқаромиз. Маҳаллабай дегани шу ўзи — амалдорлар, депутатлар уйма уй юриб, одамларнинг дардини эшитиши керак.
Туман марказини асфалтлаб қўйиб, кўзбўямачилик қилиш менга керак эмас. Узоқ қишлоқлардан марказга қараб юришимиз керак, —деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter