Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қани бизнинг қаҳрамонлар? Ёки ойнаи жаҳондаги «хаста» кўрсатувлар

Қани бизнинг қаҳрамонлар? Ёки ойнаи жаҳондаги «хаста» кўрсатувлар

Сўнгги йилларда мамлакатимиз медиа бозорида қатор ўзгаришлар кузатилиб, янгича форматдаги маҳсулотлар кўлами кенгайиб бормоқда. Бу жараённи биз бир қанча газетаю журналлар, радио ва интернет сайтларининг фаолият бошлаши ва нодавлат телеканалларининг ишга туширилишида кўришимиз мумкин. Эътироф этиш жоизки, аҳолимизга таклиф этилаётган ҳар бир медиа маҳсулот ва телекўрсатувларнинг ортида юзлаб, ҳатто минглаб ижодкор ходимларнинг заҳматли меҳнати ётади.

Албатта, оммавий ахборот воситаларимизда замон талабларига мос ва ранг-баранг материалларнинг кўпайиши қувонарли ҳол. Аммо аҳолимизнинг аксар қисмига хизмат кўрсатиш баробарида катта таъсирга эга бўлган айрим нодавлат телеканалларимизда бугунги кунда эфирга узатилаётган бир қатор теледастурлар миллий менталитетимиз ва қадриятларимиз сарҳадларини қўпол равишда топтаб, йўриғини тополмай ҳар мақомга йўрғалаётгандек.

Афсуски, бу каби халқимизнинг миллий манфаатлари ва ўзига хос қарашларига зид бўлган кўрсатувлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Тўғри, эътирофга лойиқ яхши теледастурлар, ибратли сериалларимиз ҳам бор, аммо бугун айрим каналлар эфирларида намойиш этилаётган, ўзлигимизга, умуман инсонийликка ёт енгил-елпи қатор кўрсатувлар олдида юқорида санаб ўтган, биз кутаётган дас­турлар жуда ҳам кам.

Дард устига чипқон деганларидек, шу кунларда ойнаи жаҳонимиздаги айрим «хаста» кўрсатувлар қаторига яна бир савияси саёздан-саёз кўрсатув қўшилганлиги ачинарли. Енгил-елпиликни тарғиб этаётган мазкур кўрсатувнинг номи «Илк учрашув» эмиш. Ўзи «Ёр, ёр» каби бачкана кўрсатувлар, мазмунига боқиб беихтиёр «астағфуриллоҳ» деб юборадиган «Алҳазар» теленовеллалари етмай турувди! Агар мазкур кўрсатувларга сабрингиз чидаб, бир оз эътибор қаратсангиз, улардаги мазмун, мавзу, қўйингки, жараёнга таклиф этилган иштирокчиларнинг эфирда, миллионлаб томошабинлар олдида уялмай-нетмай айтаётган гапларига ҳайрон боқиб, ёқа ушлайсиз. Наҳотки, минг йиллардан буён оиланинг муқаддаслиги, эркак орияти, аёл-қизларимиз шаъни, номусини асраб-авайлаб, қадр­лаган миллатнинг ойнаи жаҳонида шу қадар шармандали ҳолатлар оммага намойиш қилинмоқда? 

«Илк учрашув»да чиққан бир қиз «Йигит менга ёқмади, лапашанг, бўш экан» деса (ўша лапашангнинг ҳамма таниш-билиши кўряпти-ку эфирда), яна бошқа қизимиз чиқиб иштирокчи йигитга: «Менга бақувват, кучли эркаклар ёқади, кучлимисиз?» деяпти. Энг ачинарлиси, омма олдида бу каби тутуриқсиз гап­ларни айтаётганлар орасида шу миллатнинг, зиёли ота-оналарнинг фарзандлари, олий маълумотли йигит-қизларимиз ҳам бор. Бундай ҳолатларни кўриб қандай замонга тушиб қолдик, қани бизнинг ўзлигимиз, қани кўп асрлардан буён қадр­ланиб келаётган қадриятларимиз, дея оғир ўйларга толади, одам.

Шу ўринда мазкур кўрсатув ва сериалларни «ижод» қилаётган, уни оммага, халқимизга намойиш қилишга йўл қўйиб бераётган айрим телеканаллар ижодкорлари ва масъулларига бир саволим бор: миллатнинг эътиборига бундай ғоявий-бадиий жиҳатдан қашшоқ «асар»ларни намойиш қилишга қандай ҳаққингиз бор? Наҳотки бизнинг халқимиз шунга лойиқ бўлса, наҳотки сизларнинг ўзбек томошабинларига бўлган ҳурматингиз шу қадар паст? Ёки ғоявий-бадиий жиҳатдан пишиқ кўрсатувлар, сериаллар яратишга бизнинг жамиятимизда мавзу қуриб қолганми?

Аслини олганда, бугун жамиятимизда аҳолимизга бой маънавий озуқа берувчи, юртдошларимиз орасида меҳр-оқибат, инсоний қадриятларни тараннум этувчи, ёшларимизни ватанпарвар, ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш борасида ибрат бўла оладиган мавзулар талайгина. Бундай ноёб мавзуларни қидириб узоққа бориш шарт эмас. Фақат миллат ва жамият тақдирига дахлдорлик ҳисси билан атрофимиздаги юртдошларимиз турмушига, меҳнат фаолиятига эътиборингизни қаратсангиз, кифоя.

Мана, биргина мисол, яқин ўтган даврдаги пандемия ҳолатида қанчадан-қанча шифокорларимиз ва соҳага алоқадор бошқа касб эгалари ҳар бир беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш, ҳар бир фуқаронинг саломатлигини асраш йўлида тилсиз ёв билан мардонавор курашиб, ўз хизмат вазифасини сид­қидилдан бажариш чоғида керак бўлса саломатлигини, ҳаётини ўртага қўйиб бўлса ҳам фидоийлик намунасини кўрсатганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Аслини олганда, уларнинг ҳар бир даврдаги фаолиятида кўп­лаб қаҳрамонликлар топилади. Мана шуларнинг фаолиятини ёритувчи кўрсатувлар, экран асарлари яратса бўлади-ку! Ёки об-ҳавонинг иссиқ-совуғига қарамай, ҳар қандай шароитда фуқароларимизнинг тинч­лиги, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тун-кун ўзининг шарафли хизмат фаолиятини олиб бораётган Ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари сафида ҳам минглаб замонамиз қаҳрамонлари борки, уларнинг фаолиятига оид кўп­лаб ибратли асарлар яратиш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам кўплаб ўз касбининг фидойилари фаолият олиб бормоқда. Улар фуқароларимизнинг жонини, мулкини муҳофаза қилиш, турли об-ҳавонинг инжиқлик­ларию инсонларнинг эҳ­тиётсизлиги оқибатида келиб чиқадиган фалокатлардан асраш йўлида турли хавф-хатарларга қарамай шарафли вазифасини намунали тарзда олиб бормоқдалар.

Ўзим ҳам кўп йиллар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борганлигим учун хизмат давримда кўп бора инсонлар ҳаётини асраб қолиш йўлида ўз жонини хавф остига қўйиб бўлса-да қаҳрамонлик кўрсатган инсонларни кўрдим.

Умуман олганда, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин, чунки атрофимиздаги ҳар бир йўналиш, касб-корга қарасангиз, ўзига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис қилиб, меҳнат фаолиятини фидойилик билан олиб бораётган замонамиз қаҳрамонлари чиқиб келаверади. Бу ёшларга сифатли таълим бериш йўлида тинимсиз изланиб, беминнат меҳнат қилаётган ўқитувчи ёки халқимиз дастурхонини турли нозу неъмат билан таъминлаётган оддий деҳқон бўлсин, умуман, барча йўналишларда Ватан тараққиёти, жамият фаровонлиги, турмушимиз тўкинлиги учун ўз умрини, салоҳиятини сарф этиб, бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугундан янада яхши бўлиши керак деб заҳмат чекаётган қаҳрамонларимиз кўп-ку! Нега шуларни экранларимизда кўрмаяпмиз?

Агарда кўрсак ҳам бундай намо­йишлар эфирларга кам узатилмоқда.

Афсуски, бугун ойнаи жаҳонимиздаги аксар кўрсатув ва сериалларнинг қаҳрамонлари миллий мақсад у ёқда турсин, ҳали ўзининг яшашдан маслагини ҳам тўлиқ анг­лаёлмаган «пуфак» қаҳрамонлардир. Уларнинг ўрнига ўзининг ҳалол ва беминнат фаолияти билан ҳақиқий ибрат мактабини намоён қилаётган чин қаҳрамонларимизга оид намойишлар кўпроқ бериб борилса, бадиий асарлар орқали халқимизга, ёшларимизга ибрат сифатида кўрсатилса, айни муддао бўларди. Зеро, бугун халқимиз ўз қаҳрамонларини кўришни истайди!

Тўрамирза Орипов,
«Жасорат» медали соҳиби,
истеъфодаги подполковник.
Adolat» газетасидан)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг