Қиморбоз ўз уйини ўмариб, унга ўт қўйди
Онлайн ўйинда салкам 100 миллион сўм миқдорда пул ютқазган фуқаро ўз яшаш хонадонидаги сейфдан пулларни ўғирлаб, жинояти изини яшириш мақсадида сейфни ёқиб юборди.
Судланувчига нисбатан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди раиси Бобур Умаров маълум қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган 20 ёшли Х.Г. ўз қўл телефонидаги «1xBet» иловаси орқали тотализатор ўйинларида иштирок этиб келган. У берилиб кетиш оқибатида ўйинда бир неча бор иштирок этган ва жами салкам 100 миллион сўмга яқин пулни тиккан ва ўйинда бой берган.
«Тотализатор ўйинларнинг қимордан фарқи йўқ экан. Аввалига ўйинларда кичик миқдордаги суммаларга бой берсам ҳам кейинги тур онлайн ўйинларда қатнашавердим. Бу ўйин мени худди оҳанрабодек ўзига жалб қилганди. «Ана ютаман, мана ютаман», деб афсуски, боши берк кўчага кириб қолганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Турли ўйинларда бой бериб, жами қарийб 100 миллион сўм пулга «чув» тушдим. Бу пулни қаердан ва қандай топишни билмадим. Охири, ишкал ишга қўл урдим», — деган тергов давомида Х.Г.
Воқеа ривожига кўра, Х.Г. йирик миқдорда пулга «тушгач», ота-онасининг меҳмонга кетганидан фойдаланиб, ўз яшаш хонадонида жиноят содир этган. У ота-онасининг хонасида ёғоч пол остида бўлган темир сейфни жойидан чиқариб олган ва сейфни гилам устига қўйиб, эшигини бузиб, ундан 100 миллион сўмга яқин пулларни ўғирлаб олган. Сўнгра ўз жиноятини яшириш мақсадида сейф ичида бўлган қолган пулларни, шунингдек, хонадон ва оила аъзоларига тегишли ўнга яқин ҳужжатларни ёқиб юборган. Ётоқхонани тартибсиз ҳолатга келтириб, уйни ўғри «ургани» тасвирини «яратган». Бироздан сўнг ёнғин авж олмай туриб, оловни ўзи ўчирган ва гўё уйга келиб қолгану, шундай ҳолат устидан чиққандек бўлиб ота-онасига қўнғироқ қилган.
Х.Г. уйни ўғри «ургани» юзасидан ота-онасига билдиргач, улар зудлик билан уйларига етиб келишган ва вақтни бой бермай, туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилишган.
Кўп ўтмай, ИИБ ходимлари келиб, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришган. Сейфнинг ичида 15 миллионга яқин пулларнинг ҳамда кўплаб ҳужжатларнинг куйиб қорайгани ва яроқсиз ҳолга келгани аниқланган. Терговга қадар суриштирув ишлари бошлаб юборилган. Айни шу жараёнда кучли стресс ва ҳаяжонда қолган Х.Г. айбини тан олган ва қилган хатти-ҳаракатига иқрор бўлган.
Қилмишидан пушаймонлигини, оилавий аҳволини инобатга олиб, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб, кўрсатма берган.
Отаси Ф.Г. ва онаси Н.Г.лар ўғлига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирган.
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Х.Г.ни оила аъзоларининг муҳим шахсий ҳужжатларига зарар етказганликда ифодаланган жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисмининг «а» банди билан тўғри квалификация қилинган, деб ҳисоблаган.
Унинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 56-моддасида (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганида жазо тайинлаш) назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб топилган. Ва 55-моддага (Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар) асосан, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, дея баҳоланган.
Судланувчининг барча ҳатти-ҳаракатлари ўрганилиб, унга нисбатан 227-моддага асосан, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter