Қорақалпоғистонда 22 та «заправка» жаримага тортилди
Рақобат қўмитасига келиб тушган фуқаро мурожаати асосида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият юритаётган 22 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасидаги нархлар ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, мазкур шохобчаларда сиқилган газнинг 1 куб метри бир вақтнинг ўзида амалдаги нархга нисбатан ўртача 1 050 сўмгача қимматлаштирилиб сотилгани аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан шохобчаларга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси талаблари бузилиши аломатлари бўйича ишлар қўзғатилди.
Ишларни кўриб чиқиш якунлари бўйича 22 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Махсус комиссия қарорларидан норози бўлган 9 та субъект судга мурожаат қилган. Суд жараёнлари якунида қўмита қарорларининг қонунийлиги яна бир бор тасдиқланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter