Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ҚҚС борасида энг кўп берилаётган саволларга мутахассислар жавоби

ҚҚС борасида энг кўп берилаётган саволларга мутахассислар жавоби

Фото: «Segodnya.ua»

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясидан келиб чиқиб, 2019 йил 1 январдан йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар умумбелгиланган солиқларни тўлаш тартибига, жумладан, қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтмоқдалар. Шу боис қуйида қўшилган қиймат солиғи бўйича энг кўп берилаётган саволларга мутахассислар жавобларини тақдим этамиз.

– Матбуот ва ОАВ соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғида имтиёзлар мавжудми?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 208-моддасига асосан босма маҳсулотлар, яъни китоб маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларининг даврий босма нашрлари (реклама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомларини реализация қилиш оборотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

– Умумий овқатланиш тармоғига ҚҚС қандай татбиқ этилади, батафсил маълумот берсангиз?

– Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни билан Солиқ кодексининг 350-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошмаган юридик шахслар ягона солиқ тўлови тўловчилари бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 351-моддасига асосан солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошган ягона солиқ тўловини тўловчилар белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтадилар.

Шунингдек, нарх-навонинг кескин ошиб кетишини олдини олиш мақсадида 2019 йилдан йиллик ялпи тушуми уч миллиардгача бўлган юридик шахслар учун қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди. Соддалаштирилган тартибдаги қўшилган қиймат солиғи бўйича пасайтирилган солиқ ставкалари белгиланган, шу жумладан, умумий овқатланиш тармоғи корхоналари учун солиқ ставкаси 10 фоиз миқдорида белгиланган.

– Оилавий корхона бугунги кунда ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади, унинг ялпи тушуми 1 млрд. сўмдан ошганда қўшилган қиймат солиғи тўлаши лозим бўладими?

– Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, яъни Солиқ кодексининг 350-моддасига киритилган ўзгартиришга асосан солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошмаган юридик шахслар ягона солиқ тўлови тўловчилари бўлиши мумкин.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 351-моддасига асосан солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошган ягона солиқ тўловини тўловчилар белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтадилар.

Ушбу нормалар барча солиқ тўловчилар учун бир ҳилда қўлланилади, шу жумладан, оилавий корхоналар учун ҳам.

– Корхона 2018 йилда қўшилган қиймат солиғисиз олган товарлар қолдиғини 2019 йилда сотса қўшилган қиймат солиғи ҳисобланадими?

– Товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинган вақтда корхона Солиқ кодексининг 197-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиб ҳисобланса ҳамда реализация қилинаётган товарлар қонун ҳужжатларига асосан қўшилган қиймат солиғидан озод қилинмаган бўлса, реализация қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаши лозим бўлади.

Бунда товарлар қўшилган қиймат солиғисиз сотиб олинган бўлса ҳам уларни реализация қилишда қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади.

– Дори-дармон чакана савдоси билан шуғулланадиган дорихонанинг йиллик айланмаси 5 млрд. сўмдан ортган. 2019 йилдан умумбелгиланган солиқ тўлови режимига ўтадиган бўлса, йиллик айланмаси 1 млрд. сўмдан ошмаган дорихона қўшилган қиймат солиғини тўламайдиган бўлса, ушбу иккита дорихонадаги  нархлар ўртасида тафовут юзага келади. Бундай ҳолатда қандай йўл тутиш лозим?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 208-моддасига асосан тиббий хизматлар (косметология хизматлари бундан мустасно) ва ветеринария хизматлари, дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар, шу жумладан, уларни ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилинаётган шундай воситалар ва буюмлар обороти қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Корхона 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади, лекин корхона томонидан реализация қилинаётган дори воситаларига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмайди. Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби имтиёз қўлланилган ҳолда тақдим этилади.

– Газ қуйиш шохобчаси маҳсулотнинг таннархига қўшилган қиймат солиғи суммаси таъсир кўрсатмоқда, Бунда акциз солиғи суммаси устидан қўшилган қиймат солиғи суммаси олинмоқда. Бу солиқларни икки карра тўлашга олиб келмоқда. Ушбу ҳолатни қандай ечими мавжуд?

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 204-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинганда солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида унга қўшилган қиймат солиғи ҳамда бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига реализация қилиш чоғида тўланадиган акциз солиғи киритилмаган ҳолда аниқланади ва ушбу солиқ солинадиган базадан келиб чиқиб қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади.

Шунга кўра, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига реализация қилиш чоғида тўланадиган акциз солиғи қўшилган қиймат солиғининг солиқ солиш базасига киритилмайди, яъни қўшилган қиймат солиғи ҳисоблангандан сўнг акциз солиғи ҳисобланади.

– Маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона хомашё маҳсулотларини импорт қилган тақдирда божхонада тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисобга олинадими?

– Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибини қўлловчи корхоналар Солиқ кодексининг 218-моддасига асосан импорт қилинган хомашё ва материаллар бўйича божхона расмийлаштируви жараёнида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўлловчи корхоналар Солиқ кодексининг 2263-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш механизмини қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

Қандай товарлар қўшилган қиймат солиғидан озод?

– Солиқ кодексининг 208-моддасига асосан дори воситалари, босма маҳсулотлари, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун мўлжалланган инвентарлар почта маркалари ва бошқа товарлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги «Қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 1065-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган қуйидаги товарларнинг реализацияси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди: гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, ҳайвонлар (қорамол ва парранда) тирик ҳамда уларни сўйиш маҳсулотлари, балиқ, картошка, пиёз, тухум, гуруч (барча навлари), шакар (шу жумладан, импорт қилинган), нон маҳсулотлари.

Импорт қилинган асосий восита бўйича декларацияда «ҚҚС тўловисиз» ёзуви қайд этилганда қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олса бўладими?

– Солиқ  кодексининг 218-моддасига асосан товарлар, шу жумладан, асосий воситалар импорт қилинганда фақатгина бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғи ҳисобга олинади. Агар тўлов амалга оширилмаган бўлса, солиқ тўловчи қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Бунда қонун ҳужжатлари доирасида божхона тўловлари бўйича бўшаган маблағларни мақсадли ишлатилишини назарда тутувчи имтиёзлар белгиланган бўлса, импорт қилинган товарларга божхона расмийлаштируви жараёнида қўшилган қиймат солиғи бўйича тўлов амалга оширилмаган бўлса ҳам солиқ тўловчилар божхона юк декларациясида кўрсатилган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Соддалаштирилган қўшилган қиймат солиғи нима?

– Соддалаштирилган қўшилган қиймат солиғи бу – қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ўзига хос тартиби бўлиб, унда 4 фоиздан 15 фоизгача бўлган фарқланган ставкалар белгиланган ҳамда бюджетга тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммасини аниқлашда ҳисобга олиш механизми қўлланилмайди.

Ушбу тартибни Солиқ кодексининг 2261-моддасига асосан ялпи тушуми уч миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар қўллаши мумкин.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибининг умумбелгиланган тартибидан фарқли жиҳати шундаки, пасайтирилган ставкаларни қўллаш имкониятининг мавжудлиги (мисол учун, савдо корхоналари учун 6 фоиз, қурилиш ташкилотлари учун 8 фоиз), шунингдек, солиқ суммаси товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Ким қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмайди?

– Солиқ кодексининг 197-моддасига асосан нотижорат ташкилотлари ҳамда ялпи тушуми 1 миллиард сўмга етмаган хўжалик юритувчи субъектлар ҚҚС тўловчилари ҳисобланмайди.

ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган ва стандарт тартибининг фарқи нимада?

– Биринчидан, принципиал фарқи шундаки, соддалаштирилган тартибдаги ҚҚС тўловчилар харид қилинган товар (иш, хизмат)лар бўйича тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Иккинчидан, соддалаштирилган тартибдаги ҚҚС реализация қилинаётган товар (иш, хизмат)лар қийматидан келиб чиққан ҳолда, ҳисоблаб чиқарилади.

Учинчидан, соддалаштирилган тартибдаги ҚҚС умумбелгиланган тартибдаги ҚҚСнинг амалдаги ставкасидан паст бўлган дифференциаллашган ставкалардан келиб чиққан ҳолда, ҳисоблаб чиқарилади.

Менинг корхонам 2019 йил 1 январдан бошлаб стандарт ҚҚС тўловчиси ҳисобланади, бунинг учун биз нима қилишимиз керак?

– Сиз товар-моддий бойликлари, шунингдек, тайёр маҳсулотларнинг қолдиғини инвентаризациядан ўтказишингиз лозим. Чунки ҚҚС тўлашга ўтилганда, улар илгари ҚҚС билан харид қилинган бўлса, тўланган ҚҚСни ҳисобга олишингиз мумкин бўлади.

Мисол учун, Сиз 2018 йилда ўсимлик ёғини ва тамаки маҳсулотларини ҚҚС билан, қандолат маҳсулотларини эса ҚҚСсиз харид қилгансиз.

Омборда қиймати 2400 сўм, шундан 400 сўми ҚҚС бўлган ўсимлик ёғи, қиймати 1200 сўм, шундан 200 сўм ҚҚС бўлган тамаки маҳсулотлари ҳамда ҚҚСсиз харид қилинган қандолат маҳсулотлари қолган.

Ўсимлик ёғи ва тамаки маҳсулотлари қолдиқлари 2019 йилда реализация қилинганда, улар бўйича тўланган ҚҚСни ҳисобга олишингиз лозим.

Мисол учун, ўсимлик ёғи 2500 сўмга реализация қилинган тақдирда, 500 сўм (2500*20%) ҚҚС ҳисобланади. Бунда бюджетга 100 сўм (500-400) ўтказилиши лозим бўлади. Яъни бу маҳсулот реализацияси қийматининг кўпчилик ўйлаганидек, 20 фоизини эмас, балки 4 фоизини ташкил қилади.

Қандолат маҳсулотлари ҚҚСсиз харид қилинганлиги боис, уларнинг реализация қилинганда ҳисобга олишдан фойдаланиб бўлмайди ҳамда ҚҚС суммаси уларни реализация баҳосидан келиб чиқиб аниқланади.

Агар товарлар учун тўлов 2018 йилда, юклаб жўнатиш 2019 йилда амалга оширилган бўлса нима қилиш зарур?

– Бунинг учун Сиз қўшимча шартнома имзолашингиз лозим бўлади. Бунда товарларни юклаб жўнатиш 2019 йилда амалга оширилганлиги учун Сиз ҳисобварақ-фактура тақдим этишингиз ва ушбу солиқни тўлашингиз керак. Мисол учун, Сизга 100 тонна цемент учун 20 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари олдиндан тўлов сифатида келиб тушди. Лекин мазкур цемент 2019 йилда реализация қилинмоқда. Бу ҳолатда Сиз ҚҚСни ҳисоблашингиз ва бюджетга тўлаб беришингиз лозим бўлади.

Агар товарларни юклаб жўнатиш 2018 йилда, тўлов эса 2019 йилда амалга оширилган бўлса, ушбу шартнома бўйича ҚҚС тўланадими?

– Товарларни реализация қилиш обороти амалга оширилган (ҚҚС бўйича мажбуриятларнинг юзага келиш) сана товарлар жўнатилган ва ҳисобварақ-фактура тақдим этилган сана бўлганлиги учун мазкур шартнома бўйича ҚҚС тўланмайди.

Масалан, Сиз 2018 йилда 100 тонна цемент етказиб бериш бўйича қиймати 20 млн. сўмга тенг бўлган шартнома имзоладингиз ва товарларнинг ҳаммасини 2018 йилда реализация қилдингиз.

2018 йилда реализация қилинган товарлар бўйича тўлов 2019 йилда амалга оширилганлиги сабабли ҚҚС ҳисобланмайди ва тўланмайди. Чунки Сиз реализация қилиш сана – ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган санада, яъни 2018 йилда ҚҚС тўловчиси бўлмагансиз.

 

Давлат солиқ қўмитаси

Жамоатчилик билан алоқалар

ва ҳуқуқий ахборот бўлими.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг