Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қуддуснинг Трамп томонидан тан олиниши нега муаммо туғдиради?

Қуддуснинг Трамп томонидан тан олиниши нега муаммо туғдиради?

Қуддус

Фото: Endryu Shiva / «Wikipedia»

Доналд Трамп томонидан Қуддус шаҳрининг Исроил пойтахти сифатида тан олиниши Исроил-Фаластин можаросида янги саҳифа очиб бермоқда. Франциянинг машҳур «Le Monde» нашри сайтида шу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилинди.

АҚШ президенти шу йилнинг 6 декабр куни Қуддус шаҳрини бундан буён Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилди. Хўш, унинг бу қарори қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? 

Нега Қуддус узоқ вақтдан буён баҳсли ҳудуд бўлиб қолмоқда?

Дунёдаги уч йирик дин вакиллари — мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун муқаддас саналган Қуддус шаҳри борасидаги можаронинг яқин тарихи Усмонийлар империяси қудратига дарз кетган Биринчи жаҳон уруши охирига бориб тақалади. Пойтахти Қуддус шаҳри бўлган Фаластинни ўз мандати остига олган Буюк Британия 1917 йилдан бошлаб Фаластин ҳудудида «яҳудий халқи учун бошпана» яратиш шартини ҳам қабул қилади.

1947 йилда БМТ мамлакатни икки — яҳудий ва араб давлатига бўлиш учун овозга қўяди. Бунда Қуддус шаҳри муқаддас қадамжоларга ташриф буюриш эркинлигининг кафолати сифатида БМТ назоратида қолиши керак эди. Шунга қарамай, 1949 йилда Британия мандати ниҳоясига етганидан ва биринчи араб-исроил урушидан сўнг ёш Исроил давлати ўз пойтахтини Тел-Авивдан Ғарбий Қуддусга кўчиради. 

1967 йилги урушдан буён, яъни фаластинликлар яшайдиган шарқий ҳудудларни ҳам эгаллаганидан кейин Исроил Қуддусни ўз давлатининг «бўлинмас ва абадий» пойтахти сифатида кўриб келади. 1980 йилда Исроил парламенти — кнессет шаҳарни «қайта бирлашган пойтахт» сифатида эълон қилади. Лекин дунёдаги бирор бир давлат буни тан олгани йўқ. БМТ эса шаҳарнинг мавқеини икки давлатнинг ўзаро келишуви орқали ҳал этилишини истайди. Ўз навбатида Фаластинликлар ҳам бу ҳудудда ўз пойтахтларини ўрнатиш истагини билдирадилар. 

Қуддуснинг ҳозирги ҳолати қандай?

Бугунги кунда шаҳар икки қисмга бўлинганича қолмоқда. Исроилнинг бошқарув институтлари (парламент, вазирликлар, марказий банк…) жойлашган ғарбий қисмида асосан яҳудийлар истиқомат қилади (ғарбий шаҳарнинг 300 минг аҳолисидан 290 минги яҳудий). Фаластин мухториятига тегишли шарқий қисмда эса 500 минг аҳоли истиқомат қилади, шундан 60% араблар, 40% яҳудийлар. Бу ҳудуд муқаддас қадамжолар жойлашган шаҳарнинг эски шаҳар қисмини ўз ичига олади. Аммо, бир неча йиллардан буён Исроил Шарқий Қуддус ҳудудига яҳудийларни кўчириш мақсадида ноқонуний равишда тураржой бинолари қуришни давом эттирмоқда.

Трампнинг қарори қандай оқибатларга олиб келади? 

Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиши билан Доналд Трамп, фаластинликларнинг норозилигини хаёлига ҳам келтирмасдан, Исроилнинг бир пайтлар қилган сўровига розилигини билдирди. Исроил томони рад этиб келадиган шаҳарни бўлиш ҳақида гапиришдан эса ўзини тийди.

Бундан ташқари, бу қарор АҚШ элчихонасининг Қуддус шаҳрига кўчирилишига ҳам олиб келади. Бугунги кунда барча давлатлар элчихоналари сингари АҚШ элчихонаси ҳам Тел-Авив шаҳрида жойлашган. Тел-Авив Исроилнинг иккинчи энг йирик шаҳри ҳисобланади.

Франциянинг ҳам элчихонаси Тел-авивда жойлашган. Ўз навбатида Фаластин мухторияти билан алоқаларни ривожлантириш мақсадида Шарқий Қуддусда ҳам Франция консуллиги фаолият юритади. 

Аслини олганда, Трамп 1995 йилда Конгрес томонидан қабул қилинган ва ўтмишдошлари томонидан ҳар 6 ойда ортга суриб келинаётган қарор ижросини таъминлади. Бу ҳақида у ўз сайловолди кампаниясида маълум қилган эди ва сўзида туришини айтиб ўтган эди. 

Қуддуснинг пойтахт сифатида тан олиниши тинчлик музокаралари жараёнига хавф соладими?

АҚШ 40 йилдан буён Исроил-Фаластин тинчлик музокараларида асосий воситачи ролини ўйнаб келган. У Исроилнинг яқин иттифоқчиси, 1967 ва 1973 йиллардаги араб-исроил урушида Исроилни қўллаб-қувватлаган ва бугунги кунда ҳам кенг кўламда ёрдам бериб келмоқда. Трампдан олдинги президентлар икки тараф ўртасидаги музокараларнинг осон кечишини таъминлаш мақсадида бетараф, холис воситачи сифатида қолишни маъқул кўришган.

Уларнинг муваффақиятларидан ўзиб кетишига ишонган Трамп, бу муаммони ҳал қила олишини кўрсатиб қўйди. У куёви Жаред Кушнерга АҚШ иттифоқчилари бўлган араб давлатлари — Саудия Арабистони, БАА ва Миср билан музокаралар олиб боришни топширди. Лекин араб давлатлари етакчилари АҚШнинг бу қарорини фақатгина қоралай олишди, холос. Фаластинликлар эса, ўз навбатида, айтарли ҳеч қандай фойда бермаган тинчлик музокараларини давом эттириш зарурлигини шубҳа остига олмоқдалар.

АҚШ президенти қарорига қандай муносабатлар билдирилди

Трампнинг бу қарори АҚШни дунё сиёсий саҳнасида ёлғизлатиб қўйди. Фақатгина Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу буни «тарихий кун» деб атади. Қўшимчасига бу қарор Исроил ва араб монархлари ўртасидаги уларнинг минтақадаги умумий душмани бўлмиш Эронга қарши яқинлашувини ҳам мураккаблаштиради. 

Америкаликларнинг бу қарорига норозиликларини билдирган бўлишларига қарамай, араб давлатлари тарафидан бирор бир амалий ҳаракат бўлгани йўқ. Аҳолиси энг кўп бўлган араб давлати Миср ва икки муқаддас шаҳар қўриқчиси Саудия Арабистони АҚШ билан илиқ муносабатларини сақлаб қолишга муҳтожлар. Миср президенти Сиси жаноблари иқтисодий жиҳатдан Вашингтонга қарам ва инсон ҳуқуқлари борасидаги қилмишларининг унутилишини жуда истайди. Саудия Арабистони эса Эрон билан курашда Трампнинг мададида ишонади.

Фаластинликлар нима қила оладилар?

Ўрдун (Иордан) дарёсининг ғарбий соҳилини бошқариб турган Фаластин мухториятининг ҳаракат доираси жуда чекланган. У АҚШга орқа ўгириб тинчлик музокараларидан чиқиб кетиши мумкин, аммо бу давлат Фаластин бюджетининг ҳам асосий молиялаштирувчиси ҳисобланади. Ўз навбатида, Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳам дипломатик ёки ҳуқуқий томондан БМТ ёки Халқаро Суд қошидаги юқори органларга мурожаат қилиши мумкин. 

Шунингдек, Фаластин шу ёзда Исроил билан амалга оширилган хавфсизлик келишувини ҳам бекор қилиши мумкин. Агар бундай қиладиган бўлса, Ўрдун дарёси ғарбий соҳилидаги назоратнинг бир қисмини қўлдан бой бериши хавфи бор. Чунки Фаластин бу ҳудудда Ғазо секторида бошқарувни ушлаб турган ҲАМАС ташкилотининг таъсири ёйилишини истамайди ва бунга доимий тўсқинлик қилиб келади. 

Мамлакатда барча ташкилотлар умумий норозилик намойишларига чақиришди. Тинчлик музокараларига ҳеч қачон ишонмаган ҲАМАС «янги Интифада (қўзғолон)»га чақирган (Таҳририят: Исроил агрессиясига қарши бундай қўзғолонлар 1987 ва 2000-йилларда бўлиб ўтган). 

Жаҳонгир Остонов тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг