Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сабоҳат Раҳмон: «Аёлнинг ташвиши тугамайди деманг, тугайди қачонки...»

Сабоҳат Раҳмон: «Аёлнинг ташвиши тугамайди деманг, тугайди қачонки...»

фото: Xabar. uz

Журналист Сабоҳат Раҳмон анчадан бери аёллар мавзусини ёритади. Нафақат ёзади, балки хотин-қизлар билан боғлиқ турли лойиҳаларда бевосита иштирок этади. Нияти қўлидан келганча юртимиз аёлларига ёрдам бериш, уларнинг мушкулини осон қилиш, ютуқларини юзага чиқариш...

Яна икки нафар фарзандига буюк севгисининг ўлчови йўқ. Икки фарзанди ҳам Германияда яшайди. Унинг бошқалардан ажраб турадиган жиҳати одамлар нима дейди, деган қолипга сиғмаслиги. Унинг шиори шундай: «Ортга камдан-кам қарайман, бугун билан яшайман ва эртадан умидларимни узмайман. Ҳар куни инсонларни шунчаки бўлса-да, бирор хислати учун эса-да севишга ҳаракат қиламан». Тил ўрганишни яхши кўради. Рус, немис ва турк тилларида таржималар қилади. 15 йил Андижонда телевидение соҳасида ишлаган. «Кўпболали оилада катта бўлганман. Айтишади-ку, «пул нималигини билмасдан катта бўлган авлод». Мен ҳам унинг вакилларидан бириман. Ҳеч қачон пулга ўч бўлмаганман, мен учун инсонларнинг қалби пулдан юксак», дейди у суҳбатимиз бошида. 

– Бирор лойиҳага қўл уришдан олдин ўша мавзу чуқур ўрганилади. Сизнинг-ча юртимизда аёллар муаммолари айтилаётганидан ҳам кўпроқми ёки аксинча? Нима учун гендер тенгликка кўп урғу берилаяпти?

 – Гендер тенглиги бўйича BMT, USAID ACTED каби бир қанча халқаро ташкилотлар томонидан ташкил қилинган семинарлар орқали билганларимни янада теранроқ англадим. Чунки юртимиз мустақиллигидан кейинги йиллар давомида бу мавзуда обдон ёзганмиз. Фақат «гендер» терминини ишлатмасдик. Бу мавзу бизнинг «оғриқли нуқта»миз. Бугунги муаммоларнинг барчаси эски «газак олган яралар» оқибатидир. Мен юртимдаги оғир шароитда яшаётган аҳолининг 40 фоизини ташкил қиладиган аёллари ҳақида гапираяпман. Юртимизда ҳаминқадар ўзгаришлар қилишга ҳаракат бўлсада болаларнинг оталарини Россия, Қозоғистондан, оналарини Туркия, Дубайдан қайтариб олиб келолмаяпмиз. Мустақиллик арафасида, ёдингизда бўлса, ўзига ўт қўйган аёллар кўпайиб кетганди. У ёнғинлар чорасизлик, қуллик, хақсизликка қарши бир исён эди. У аёллар ўлса ҳам бировнинг юртига бориб хизматкорлик қилмаган бўларди. Улар ўзбекнинг ғурурли аёллари эди. Эри ва унинг бир сурув уруғига бош эгди, аммо виждонига арзитмади бу қулликни.  Ҳозир-чи? Нима ўзгарди? Бугун биз гендер тенглиги ҳақида гаплашяпмиз. Аммо, келинг, биринчи галда аёлнинг анча қуйидаги тенг ҳуқуқларини бир оз юқорига чиқарайлик ва ундан сўнгра эркак-аёл тенглигидан баҳс этайлик.

– Аёллар муаммолари билан боғлиқ лойиҳалар орқали сиз англаб етган ҳақиқатлар...

– Илк бора халқаро ташкилотларнинг биридан грант ютдим: «Мен уй зўравонлигига қаршиман!» мавзусида. Айнан ўша лойиҳа менинг ҳаётимни ўзгартириб юборди – менга мақсадимни англатди. Бундан сўнг чорасиз қолган аёллар ҳақида нафақат ёзиш, шунингдек, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва тиргак бўлиш ғояси келди ўз-ўзидан. Ишонасизми, ўша грант пулларининг деярли барчасини қаҳрамонларимга сарфладим. Буни илк маротаба сизга очиқлаяпман. Аммо бу аёлларнинг хурсандчилиги, арзимас нарсага бахтли бўлаётгани менга ҳар сафар ҳузур берарди.. Мен ҳанузгача у аёллар билан хабарлашиб тураман – дардлашишади, пули йўқ бўлса менга айтишади, йиғлашади, кулишади. Мен эса бу ишончга сазовор бўлганимдан бахтлиман.

– Қишлоқ аёли ва зўравонликка учраб имконсиз қолган аёллар ҳақида видеороликларингиз ҳақида тўхталсангиз. Улар нима учун шу қадар чорасиздек...

 – Аёллар ҳақида жудаям кўплаб видеолавҳалар тайёрладим, Ютуб каналим, ayollar.uz сайтим ва бошқа платформаларда улашдим. Уларнинг барчаси аёллар ҳақида. Мен бу жамият аёлни АЁЛ бўлгани учун қадрлашини, улуғлашини хоҳлайман. Энг буюк истагим бу. Ҳозирда Туркиядаман. Бир куни Истанбулдаги давлат ташкилотидан хунобим ошиб чиқиб келдим. Йўлда кетаяпман. Кўча тўла одам. Рўпарамда келаётган бир киши қўлидаги катта сумкани ёнимга келганда тушириб юборди, унда турли темир-терсак бор эди. Улардан бирининг учи қўлимга тегди ва мен кутилмаган оғриқдан бақириб юбордим. Ишонасизми, сониялар ичида уч нафар ёш йигитлар югуриб келиб, бояги темир-терсакни тушуриб юборган эркакни «Хоним-афандига нима қиляпсан?», дея турта бошлашди. Мен уларни танимайман, улар ҳам мени. Бу ерлик эмаслигим кўриниб турибди, аммо бу мамлакатда «ҳеч бир аёлга қўполлик қилинмайди», деган ёзилмаган қонун борлигини билдим ўша куни ва орзу қилдим бизнинг Ўзбекистонда ҳам ўзбек аёллари шундай ҳимояда бўлишларини.

 – Туркияда яшаётган ўзбек аёллари ҳаётини ўрганмоқчиман дегандингиз...

– Мен Туркияга яшаш учун келдим. Албатта, ғояларим бор эди. Бирор халқаро ташкилотдан грант оламан дедим, афсус, бу истагим амалга ошмади. Шунда ҳам уларни амалга оширишга ҳаракат қиляпман. Кўча-кўйда, транспортларда, хуллас, қаерга борсангиз ўзбекистонлик бор. Баъзан трамвайда кета туриб «хой Ҳалима-ю, ўшаттамисан? Бекзод сен биланми? Туравер, тушишдан олдин айтаман», деган баланд овозни эшитиб қоламан ва ишонасизми, ўша куни бу содда ифода таъсирида юраман. Бу ердаги ўзбеклар Ўзбекистондаги аёллардан бир оз фарқли. Шунга эътибор бердим. Яъни шароит, муносабат уларни ўзгартириб юборган (баъзилари ҳатто кўча-кўйда ўзбекча гаплашишга уялишади. Чунки кўпчилик маҳаллий аҳолининг ўзбекларга нисбатан қарашларини яхши билишади. Бир оз айёрлашгандек.) Ҳозирча «Туркиядаги ўзбеклар» рукнида кичик ҳикоялар ёзаяпман. Бу ерда яшаётган бир ўзбек аёли тимсолида ҳужжатли фильм олиш мақсадим бор (бу борада тажрибам бор, ҳамкорликда «Қрим карвони» ҳужжатли фильмни суратга олганмиз), ҳозирча ҳамкорим йўқ, аммо бу режамни албатта амалга ошираман. Бир нечта видеолавҳалар олдим, монтажи турибди. Бир ойдан ошди келганимга, ҳалиям атрофни кузатяпман.

Аёллар билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишда ҳукумат билан улар ўртасидаги боғлиқликни қанча баллга баҳолаган бўлардингиз?

 – Аёллар мавзуси – оғир. Мен ўтган йили айнан шу мавзу бўйича Internews халқаро ташкилотининг тажриба алмашиш дастурида қатнашиб, бир ойга яқин Қозоғистонда бўлиб қайтдим. Уларнинг қонунларини, давлат миқёсида амалга оширилаётган ижтимоий дастурларини ўргандим. Бир маҳаллада яшовчи турли дин вакиллари бир-бирларининг диний маросимларида иштирок этаётгани, оға-ини каби  тўй-маракаларда ёнма-ён турганига гувоҳ бўлдим. Аёллар учун ўнлаб ижтимоий лойиҳалар «ҳей» деган аёл учун «лаббай» деб ёрдамга шай турибди. Фуқаролар ўз муаммолари билан ҳокимият эшигини пойлагани йўқ, жойида ҳал қилиняпти. Журналистлар шаҳарларда камдан-кам содир бўладиган зўравонлик ҳақида буюк сенсация каби бонг уришади.

Ўзбекистонда бундай тизим йўқ. Аёллар ҳимоясиз қолгандай. Менга  нодавлат ташкилотларнинг ёрдамлари кўпроқдай туюлади, яъни шелтерларни назарда тутаяпман. Аввало, таълим тизимини ислоҳ қилиш керак. Миллатимиз қизлари тарбияга, кўпчилик оналар ўқитишга муҳтож.  Оналарнинг ўз боласига ўргатадиган билими, ҳаётий тажрибаси, хунари йўқ. Ўз-ўзига йўл-йўриқ кўрсатолмайдиган она қандай қилиб қизига ҳаётни англатсин? Бу жамият – қачонки ҚИЗ, ОНА, АЁЛ улуғланса, уларнинг маънавий етук бўлишлари учун шарт-шароит яратилсагина ривожланади. Кичик-кичик фондлар ташкил қилиш, бу фондларга юртда бойиб, пулларини четга ташиётган ишбилармонларни мажбуран бўлса-да бириктириш керак, савоб учун ҳам ишласинлар ахир!  Аёлларга иш бериш керак, иш бўлмаса ўз ишини бошлаши учун пул бериш ва шу билан тўхтаб қолмасдан маълум муддатга қадар уларга мадад ҳам даркор.  Ҳал этилиши керак бўлган яна бир мавзу: оила қураётганлар ўртасида никоҳ шартномасини имзолашни йўлга қўйиш керак. Марҳамат қилиб, ҳар икки томон олдиндан ҳуқуқларини англасин, мабодо ажрашса, кимга уй, кимга машина тегади, ким кимга пул ёки нафақа беради – булар мажбурий шарт сифатида илова қилинсин. Шунда ҳеч бир аёл, фарзанд кўчада қолмайди ва боласини боқиш учун аёл бегона ўлкаларда хизматкорлик қилмайди, болалари бегоналар қўлида қолмайди ва эр «ялло» қилиб, қайта-қайта уйланолмайди.

Биласизми, ҳукуматимизнинг аёллар билан ишлаш тизимида хотин-қизларни ҳис қилмайдиган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Бунга жуда кўп гувоҳ бўлдим. Аёлларга чиндан ёрдам берадиган малакали, сабрли, аёлни ТИНГЛАЙДИГАН, унинг ташвиши, дардига ечим топишда ёрдамлашадиган ходимлар лозим. Аёлнинг ташвиши тугамайди деманг! Бу – хато! Мен Қозоғистонда ўз кўзларим билан кўрдим аёлларнинг муаммолари битганини.. Бизда ҳам шундай бўлади... агар уларни тингласалар, ёрдам қўлини чўзсалар.Ўтган йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда хотин-қизларни зулм ва зўравонликдан ҳимояловчи қонун кучга кирди. Бундан ташқари, аёллар учун бир қатор имтиёзлар тақдим этилди. Булар ажойиб, албатта. Аммо амалда улар ишлаяптими? Сизга бир мисол айтайин: бу имтиёзлар орасида «оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади» дейилган. Шароити ўта оғир андижонлик бир аёл учун шу имтиёзни сўраб, тумандаги масъул идора раҳбарига мурожаат қилдим. Тилидан заҳар томади. Худди бу имтиёзли уйлар унга тегишлидек муомала қилади. Мен унга вазиятни тушунтирдим, аёл қишлоқдаги шароити оғир уч аёлнинг бири эканини тасдиқловчи маълумотномалар бор эди қўлимда. Раҳбар аёл бу уй учун отнинг калласидек нарх айтди. Эътироз билдирдим. Аёл эса: «Қурби етмаса олмасин, жонга тегиб кетишди. Яхшиси бу уйларни бошланғич нархни тўлай оладиганларга бераман!» Мен: «Сиз бундай қилолмайсиз! Чунки бу уйлар имтиёзлидир!» – дедим. Раҳбар аёл бўлса: «Менга ким халақит беради? Сиз-ми? Қаерга борсангиз боринг»,  – деди ва очиқдан-очиқ устимдан кулди. Албатта, бу воқеанинг давоми бор, аммо мавзу бу эмас. Айтмоқчи бўлганим, маҳаллий ҳокимият вакилларининг кўпчилиги аёлларни ҳис қилмайдиган ходимлар. «Шундай қонун бор», десангиз, «йўқ, ҳали кучга кирмади, бўлса биз билардик, юқоридан айтишган бўларди», деб туриб олишади. Шунинг учун қишлоқлардаги муаммоларнинг аксарияти ечимсиз қолмоқда. Фуқаролар давлатга ялинишдан кўра, қийналса ҳам бошқа юртда ишлаб тирикчилик қилишни афзал кўрмоқда.

– Қишлоқ жойларда айниқса аёллар қизларини эртароқ узатиш ташвишига тушиб қолишади,  бунга мисол: яқинда 7-синф ўқувчисининг унаштируви орқали ҳам кузатдик...

– Менимча, аёлларнинг дунёқарашини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Токи аёл ўзи буни истамагунича. Агар биз ҳозирдан бошлаб, ёшларимизнинг тарбиясини қўлимизга олсак, қизларга «келин бўласан», деб эмас, «инсон бўласан», дея уқтирсак, уларга емай-ичмай тилло тақинчоқлар эмас, китоблар сотиб олишни бошласак бирор натижага эришамиз. Бундан ҳам аввал ўзимиз буларга амал қилсак яхши бўларди. Ўғилларимиз масаласига келсак, уларга тилло сўрғич сўрдириб, «насл давомчиси» кўзи билан қарамай, онаси, опа-синглисини ҳурмат қилишга ўргатиш, ҳунар ўргатиш (камида 3-4та), кичиклигидан кичик харажатлари учун ўзи пул топишини рағбатлантириш лозим. Яъни ўғил ва қизга муносабатимизни ўзгартиришимиз керак.

Аёллар орасида сарпо-суруқ, тўй-маросимлар борасида ҳаддидан ошганлари ҳам бор. Бу ҳам бўлса уларнинг ҳаётларидаги театр ўйини кабидир. Ишонингки, бу сиртмоқ ичидагиларнинг ҳеч бири бахтли эмас. Мажбурлик, манманлик касаллиги, «бошқадан қолмай» танловининг иштирокчиларидир улар. Бу кўзбўямачиликлар бора-бора йўқ бўлади. Чунки ғоялар ўзгараяпти. Пандемия инсонларга манманликдан улкан сабоқ берди: кўпчилик бошқаларга қараб яшамаслик, ўз ҳаёти, ўз оиласи ҳар қандай дабдабадан устун эканини тушуниб етди.  Биз булар ҳақида кўпроқ ёзишимиз, юртдошларимизнинг кўзларини очишимиз керак. Чунки интернет матбуоти саҳнасидан бошқа ўрганиладиган, англатиладиган даргоҳ қолмади. Довул каби ҳар ерни синдириб-вайрон этиб кечаётган ВАҚТ ичидан, ҳеч бўлмаганда, баъзи бир қадриятларимизни омон сақлаб қолайлик. Юқорида айтилганларни амалга оширишни бошлашимиз билан орадан 15-20 йил ичида жамият аста-секин янги юзини кўрсатади. У вақтгача балки юртдан чиқиб кетган малакали мутахассисларимиз қайтиб келар, Ўзбекистонда таълим, тиббиёт, иқтисод, молия каби соҳаларда янги тизимлар, миллий мактаблар барпо этилар. Ҳар ҳолда умид бор.

– Аёл аёлни тушуниши, деганда нимани назарда тутган бўлардингиз?

– Ҳар сафар бир аёл билан гаплашганимда, қаршимда айтар сўзини кўз ёши билан ичига ютган ЎЗИМни кўраман. Чунки мен ҳам 30 ёшида 2 боласи билан туртиниб-суртиниб, аччиқ ҳаёт мевасини тотиб кўрган аёлман.  Аслида мен аёлларга эмас, ўзимга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Шу пайтгача бирор аёлнинг дардига бегона кўз билан қарамаганман. Мен ўзбек аёлларини яхши кўраман. Одоби учун, соддалиги, беғуборлиги учун қувонаман. Ишонувчанлиги, синиқлиги,чидамлилигидан куюнаман. Ҳар сафар «шу аёлга ёрдам бериб бўлганимдан сўнг кетаман», дейман. Аммо бир аёлга бир марталик ёрдам етмайди, уни йиллар давомида қўллаб қувватлашингиз керак. Чунки юртимизда аёллар юрадиган ижтимоий йўллар тошли-тиканли. Бир ерда албатта қоқилади.

– Яқинда бир лойиҳа бошлаётганингизни айтгандингиз...

– Биласизми биз четга кетган аёллар ҳақида гап кетганда доимо ижобийдан кўра салбий фикрлар эшитишга ўрганиб қолганмиз. Аммо ҳозир бошламоқчи бўлган лойиҳам ўзбек аёлларининг ютуқларини кўрсатиш, уларнинг ибрат бўладиган ҳаёт йўлларини  ўрнак қилиш. Ўйлайманки, ўзбек аёлларининг салбий томонларидан кўра ижобий томонларини кўрсатиш бошқаларга албатта мотивация беради...

Демак «Хабар» жамоасини ҳам бу эзгуликлардан хабардор қилишни унутмайсиз...

– Албатта...

                                                                        Суҳбатни Барно Султонова тайёрлади

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг