20 га тўлмаган самарқандлик йигит бошчилик қилган киберфирибгарлар гуруҳи 60 дан ортиқ кишини чув туширди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-техник тадбирлар натижасида йирик кибержиноят схемаси фош этилди.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, республика бўйлаб амал қилган жиноий гуруҳга Самарқанд вилоятида яшовчи 20 ёшга тўлмаган йигит ва унинг турли ҳудудлардаги шериклари раҳбарлик қилган.
Гумонланувчилар қўлга олинганида ўнлаб банк карталари, SIM-карталар ҳамда махсус мобил қурилмалар ашёвий далил сифатида мусодара қилинган. Тергов маълумотларига кўра, улар узоқ вақт давомида йирик миқёсдаги киберўғриликлар билан шуғулланган.
Аниқланишича, фирибгарлар Telegram орқали яширин аккаунтлардан фойдаланиб, фуқароларнинг телефонларига зарарли APK-файллар юборган. Ушбу дастурлар ўрнатилгач, қурбонларнинг банк маълумотлари ва SMS орқали келадиган тасдиқ кодлари жиноятчилар назоратига ўтган.
Ўғирланган маблағлар изини йўқотиш мақсадида пуллар бегоналар номига очилган транзит банк карталари ва сохта аккаунтларга тезкор равишда ўтказилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, мазкур жиноий тармоқнинг қурбонлари сони республика бўйлаб 60 нафардан ошган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда ушбу жиноий гуруҳга алоқадор барча шахсларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ҳамда жабрланганларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter