Санамай «саққиз» деманг, «кимдирлар» устиздан кулиши «мумқун», кейин «ростакасим» хафа бўласиз!
Эслайсизми, аввалги бадиий фильмларнинг боши ёки якунида рол ижро этган, овоз берган актёрлар, дублёрлар, сценарий муаллифи, режиссёр, овоз режиссёри, тасвирчи, монтажчи, чироқчи, грим усталари — хуллас, кино яратишга меҳнати сингган барча инсонларнинг исм-фамилияси эълон қилинарди.
«Комил Ёрматов номидаги “Ўзбекфильм” киностудиясида дубляж қилинган. Дубляжда артистлардан...» деган ёзувлар ҳам бўларди.
Биласиз, дубляж санъатимиз ўз вақтида бутун дунёни лол қолдирган. Ёқуб Аҳмедов, Ҳамза Умаров, Воҳид Қодиров, Обид Юнусов, Рихсивой Авазов, Зикир Муҳаммаджонов, Тўйчи Орипов, Пўлат Саидқосимов, Ҳожиакбар Нурматов, Ғани Аъзамов, Диас Раҳматов, Римма Аҳмедова, Фарзиддин Фаёзовлар нафақат буюк санъаткорлар, балки дубляж санъатининг ҳам усталари эдилар.
«Омадли жентльменлар», «Гугуртга кетиб» каби бадиий фильмлардаги Евгений Леонов образларига театр ва кино санъати актёри, марҳум Воҳид Қодиров овоз берган. Айтишларича, Леонов фильмларнинг ўзбекча талқинини кўриб, «Ўзбек тилида шунчалик яхши гапиришимни билмаган эканман», дея тан олган экан.
Ёки марҳум Диас Раҳматовни олайлик. Унинг овози Георгий Вицинга шу даражада мос тушган эдики, бу актёрни ўзбекларнинг «Вицин»и деб аташарди. Чиндан ҳам, Диас Раҳматовга машҳурликни кўпроқ унинг овози келтирганди...
Илгари хорижий фильмларгина эмас, ҳатто ўзимизнинг «Ўзбекфильм» киностудияси маҳсулотлари ҳам бошқа тилларда суратга олинган бўлса, ўзбек тилига қайта овозлаштириларди. Биронта фильм ёки сериал қаҳрамонларининг турли шеваларда гапирганини, актёрларнинг адабий тил меъёрларидан четга чиққанини деярли учратмасдик.
Ҳозир ҳам дубляж санъатимиз юқори савияда, деб бемалол айта оламан. Аммо барча фильмлар, айниқса, сериаллар қайта овозлаштирилмаяпти, назаримда. Ёки овозлаштирилган тақдирда ҳам мулоқот маданияти, тил меъёрлари унутилиб, гўё катта холасининг уйида бемалол гапираётгандек, шевага хос сўзлар билан дубляж қилиняпти.
Давлат буюртмаси асосида суратга олинган фильмлар бундан мустасно, албатта. Лекин Ўзбекистон телеканалларида бундай фильмлар намойиши кам-ку! Аксарият каналларнинг эфир вақтини олди-қочди сериаллару маиший муаммоларга тўла новеллалар эгаллаган. Ва буларнинг барчаси аҳолининг истеъмол дастурхонига «Олинг-олинг!» дея тортиқ қилинмоқда.
Ижодкорлар тинимсиз ишлашяпти: биттаси тугамай, иккинчиси суратга олиняпти. Аммо сериаллар бир-бирига жуда ўхшаш. Ҳар сафар бир хил актёрлар жамоаси. Ўтган сафар «ота ва қиз» бўлиб ўйнаганлар бу сафар «эркак ва унинг жазмани» бўлиб роль ижро этаверади.
Чеҳралар бир хиллиги учун сериал номларини ҳам адаштириб юборасиз. Тасвирга олинадиган уйлар ҳам ўша-ўша, ижарага олинадиган болачалар ҳам. Образлар би-и-и-р хил. Ҳатто шевалар ҳам ўша-ўша.
«Мен учун яша», «Мени сев», «Гуноҳлар сояси», «Рангсиз гуллар», «Сенга муҳтожман», «Хаста», «Сукунат»... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Тўғри, ижодкорлар қўлларидан келганча ҳаракат қилишяпти. Аммо гап бизнинг гўзал она тилимизни ифодалайдиган ўзбек адабий тили ҳақида кетмоқда. Нима учун ҳозирги фильм ва сериалларда қаҳрамонлар шевада гапиришяпти?
Бир марталик новеллалар-ку майли. Аммо ойлаб халқимизнинг кўз ўнгида намойиш этиладиган сериалларнинг шевада суратга олинишига сабаб нима?
Менимча, ёш актёр ва актрисаларимиз ё адабий тилда гапиришни билмайди, ёки гапиришни хоҳламайди. Адабий тилда гапирмагани етмагандек, шеваларни ҳам аралаштириб юборишади.
Мисол учун, ишдан келган қизи онасига қараб:
— Ухлавоссилами? — деб сўраяпти.
Онаси эса:
— Ухлаяпмиз, — деб жавоб беряпти.
Она ролидаги аёл андижонлик, қиз ролидаги эса тошкентлик. Бириси ўз шевасида, иккинчиси ўз шевасида роль ижро этаяпти. Келишволинглар-эй! Ё адабий тилда гапиринглар, ёки бир хил шевада.
Яна бир мисол, бош қаҳрамон вилоятларда қурилиш компаниясининг филиалларини очди. Воқеалар ривожи пойтахтдан вилоятга кўчди. Аммо бу ерда ишлайдиган йигит маҳаллий аҳоли вакили, наманганлик бўлса-да, Тошкент шевасида қойиллатиб гапиради. Қойил!
Бироқ бирорта ҳам Наманган шевасини эшитмайсиз. Ҳудуднинг ўзига хослигини ифодалайдиган биронта тасвир ҳам йўқ. Ҳеч замонда наманганликлар ўз уйида, ишхонасида Тошкент шевасида гапирадими? Сизлар шундай ҳолатни эшитганмисиз?
Самарқанд, Бухоро ёки Хоразмда деб тасвирга олинаётган саҳналардаги маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам Тошкент шевасида гапиради. Кулгили-ку! Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос, ширин шеваси бор. Уларнинг ҳар бири бир-биридан фарқ қилади.
- Хоразмлик қизларнинг гапиришини эшитсангиз, уларга яна бир бор «Қўйсанғиза!» дегизгингиз келаверади.
- Воҳанинг шеваси негадир «Тўмарис», «Гўрўғли» каби достонларни эслатади.
- Наманган шевасини ҳеч ким наманганликларнинг ўзидек қойиллатиб гапира олмайди.
- Андижонликларнинг дангаллиги, тантилиги шевасидан ҳам сезилади.
- Марғилонлик қизлар гапирса, кўз олдингизда Кумушбиби гавдаланади.
- Бухоро ва Самарқанд аҳолиси ўзбек тилининг тожик тили таъсирида шаклланган ширин лаҳжасида сўзлашади. Ҳеч қайсиси бир-биридан кам эмас. Аммо ҳар ким ўз шевасида кино ишлайверса, адабий тил нимага керак?
Агар шу сериалларда бошқа шевалардан ҳам фойдаланилганида, эътироз билдирмас эдим. Чунки бадиий адабиётда қаҳрамоннинг шевада гапириши асар таъсирчанлигини оширади, муайян ҳудуд ҳақида яхшироқ тасаввур уйғотади. Бу — табиий ва ўринли бадиий усул.
Бироқ умумхалқ тили турганда, битта шевага ёпишиб олиш, фильм ва сериаллар сифатини назорат қиладиган самарали тизимнинг йўқлиги, ҳеч бўлмаганда, муҳаррирнинг адабий тил борасида эътироз билдирмаслиги — тилимизга нисбатан ҳурматсизликдир.
Биламан, дубляж учун анча-мунча маблағ талаб этилади. Аммо томошабинга сифатли медиамаҳсулот тақдим этиш керак. Актёрларнинг овози образга мос келмаса ёки улар адабий тилда чиройли гапира олмаса, қайта овозлаштириш зарур. Овозлаштирганда ҳам адабий тил меъёрларига риоя қилиниши шарт. Агар бу режиссёрга қимматга тушса, унда актёрлардан адабий тилда роль ижро этишни талаб қилсин.
Санъатимиз дарғалари, устоз санъаткорларимиз адабий тилда гапириб, бир жойлари камайиб қолмаган. Аксинча, ҳурмат ва обрў қозонишган. Уларнинг ижросида шевалар деярли сезилмайди, гапиришларига қараб ҳатто қайси вилоятдан эканликларини ҳам билмайсиз.
Адабий тил умумхалқ тилининг муайян меъёрларга солинган, сайқалланган ва барча учун тушунарли бўлган шаклидир. У жамиятда ягона мулоқот меъёрини шакллантиради, миллий бирликни мустаҳкамлайди ва тилнинг ривожланишига хизмат қилади.
Энг асосийси, адабий тил умумий мулоқот маданиятини юксалтиришга, маҳаллийчилик ва тил билан боғлиқ камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Она тилимиз — бизнинг ўзлигимиз! Уни озгина бўлса-да, севайлик, ҳурмат қилайлик. Ўзини ўзи ҳурмат қилмаган инсонни бошқалар бир тийинга олмайди.
Яна бир гап. Илтимос, «мумкин» сўзини «мумқун», «саккиз»ни «саққиз», «ростакам»ни «ростакасим», «кимлардир» сўзини эса «кимдирлар» деб талаффуз қилмайлик.
Оммавий ахборот воситалари, санъат ва маданият соҳаси вакиллари юриш-туриши, гап-сўзи, ширин лутфи, собит лафзи, қолаверса, юксак маданияти билан жамиятга ўрнак бўлишлари керак. Зеро, она тилига ҳурмат — миллатга ҳурматдир!
Муаззам Иброҳимова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter