Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси сентябргача ҳал қилинади

Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси сентябргача ҳал қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган оқова сув тозалаш иншооти атрофидаги нохуш ҳид муаммоси муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга 1 сентябрга қадар оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, муаммони тўлиқ бартараф этиш бўйича топшириқ берди.

Қайд этилишича, келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлари иштирокида Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бу Сергелидаги мавжуд иншоотга тушаётган юкламани сезиларли даражада камайтиради.

Йиғилишда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш чоралари ҳам белгиланди. Жорий йил Сергели туманидаги асосий 23 километр йўлда ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилиб, 455 та «ақлли» светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади ва 10 минг ўринли автотураргоҳ барпо этилади.

Шунингдек, келаси йил Янги Сергели кўчасида 5,5 километрлик BRT автобус йўлаги қурилиб, у Шота Руставели кўчаси билан боғланади. Йиғилишда Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини жадаллаштириш вазифаси ҳам қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг