Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Ангела Меркель билан музокара ўтказади

Шавкат Мирзиёев Ангела Меркель билан музокара ўтказади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20-22 январь кунлари расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлади. Бу ҳақда Президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Германия пойтахти Берлин шаҳрида Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказилади.

Кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш каби масалалар ўрин олган.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, шунингдек, Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Ташриф доирасида иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация, илм-фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан «Жўшқин  Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун 2019 йил 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатда амалий ташриф билан бўлиши хабар қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг