Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Бекободда йиғилиш ўтказмоқда

Шавкат Мирзиёев Бекободда йиғилиш ўтказмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. 

Давлатимиз раҳбари қора металлургия қурилиш, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби жами 50 миллиард долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун асосий хомашё манбаларидан бири эканини таъкидлади. 

Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш модельига ўтказиб, ялпи ички маҳсулотни 2030 йилда 240 миллиард долларга етказиш учун йилига камида 8-9 фоизли ўсишни таъминлаш зарурлиги қайд этилди. 

Шу билан бирга, соҳада импортга қарамлик, таннарх ва энергия сарфининг юқорилиги, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича натижалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. 

Айниқса, жаҳондаги зиддиятлар ва асосий транспорт йўлакларидаги логистика муаммолари шароитида қора металлургияда хомашё базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот тури ва сифатини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди.

Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда пўлат лист, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга эҳтиёж 3 карра ортиб, 5,5 миллион тоннага етди. 

Янги қурилаётган атом электр станцияси, Тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводининг ўзига 2,5 миллион тоннага яқин пўлат лист ва арматура керак бўлади. 

Келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик янги қувватлар ишга туширилади, 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. 

Натижада металл маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар кўпайиб, 8 миллион тоннадан ортади. 

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ушбу эҳтиёж қайси қувватлар ҳисобидан таъминланиши юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар бўлиши зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг