Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар — прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими — меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман!» (аудио)

Шавкат Мирзиёев: «Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар — прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими — меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман!» (аудио)

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Ўзбекистон Президентининг дабдабали тўй маросимларини ва давлат амалдорларининг уларга ташриф буюришини танқид қилаётгани ёзилган аудиоси интернетга сиздирилди. Бу ҳақда «UzNews.uz» хабар бермоқда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда кенг таралаётган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган аудиоёзув халқаро тармоққа ким томонидан сиздирилгани, бу нутқ қачон ва қайси йиғилишда айтилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Фақатгина аудионинг сўнгроғида Шавкат Мирзиёев бу борада Андижон вилоятидаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтганидан воқеа Андижон вилоятига борганда юз берганини тахмин қилиш мумкин.

— Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача барча ижро органлари раҳбарларининг тўй-маросимларга бориши маън этилади. Чойхоналарнинг олдида давлат машинаси турганини кўрган куним ўшани ишдан олиб ташлайман, жавобгарликка тортаман.

Тўй энг кўпи 150 кишига бўлади, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам ўтказмайди. Бўлди, у замонлар тугади. Одамларнинг ғашини келтиряпти. Маросимлар ҳам, тўйлар ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўддайиб ҳамма муовинлари билан, ҳамма туради. Ўша 20 килограмм гўштингни пулига бирор камбағалнинг уйини таъмирлаб бер, телевизор олиб бер!

Қарор чиқади! Қарор! Президент қарори эмас, Сенат қарори чиқади! Қани бирортанг ғинг деб кўр. У тўйга бориш энди ман этилади. Мен ўзим юрагимдан билган ҳолда шуни айтяпман. У ҳаммаси хиёнат бизнинг халқимизга, иккинчидан, тўй қилишнинг ҳам меъёрини ёзиб берамиз.

Тошкентда тўртта қизи бор одам тўй қилиши учун ўзини осиши керак тўй қилиш учун. Оддий, бюджетдан маош олиб яшайдиган одам тўрт қизини эрга бериши учун ўзини осса ҳам бўлаверади. Нимага?! (Чунки тўй қилиш учун) ҳеч қандай имконият йўқ. Бировдан қолмай деб, қарз олади, ўзига қарамайди, дўхтирга бормай, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй?

Аввалига биз ташвиқот қилиб кўрдик, фойда бўлмади. Хиёнат қиляпмиз халқимизга! Тўйларни жой-жойига қўйсак, коррупция бўлмайди. Адолат ўрнатилади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар — прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими — меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман.

Қайси вазир ё бош вазир ўринбосари 500 кишига тўй қилишга етадиган маошни қаердан олади? Ҳаммаси ўғрилик бу, агар бунинг тагини суриштирсак. Ўғрилик! Бу ҳам адолатсизликнинг бир оқибати. 110 киши, 120 киши. Тамом! Жуда бўлмаса, махсус комиссиядан рухсат олиб, 150 кишилик тўй қилади. Бундан ортиғи ҳеч қаердан бўлмайди. Жуда яхши бўлади, фақат ёшлар бўлади. Қариялар нон синдиришга, тўйга ёшлар боради.

Мен шуни ҳаммасини ёзиб, қарор чиқаришга мажбурман. У замон ўтиб бўлди энди. Нима учун буни айтяпман? Чунки Андижонда ҳам бу жуда кучайиб кетган. Авваламбор эрталабки тўйлар йўқ бўлади. Бўлди энди. Маросим тушлик вақти, 13:00 дан 14:00 гача бўлади. Қайси ресторан кечқурун ўшани қилса, ўша ресторанни ўша куниёқ ёпамиз. Адолатсизликни ўзимиз бошлаб беряпмиз.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Президенти

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг