Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Шерали Жўраев: «Наврўз» байрамида халқимизга янги дастурлар тақдим этамиз

Шерали Жўраев: «Наврўз» байрамида халқимизга янги дастурлар тақдим этамиз

«Халқимиз билан бўладиган учрашувлар режалари тузилган»− деди Шерали Жўраев.

Фото: «YouTube»

«Унутмағил аввалги ёрларни»

«Агар адолат бўлса, бу улуғ олимнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз керак», — деган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратнинг обрўсини осмон қадар юксалтирди. Аллоҳ рози бўлсин! Вафотидан сўнг бўлса-да, мартабасига яраша эҳтиром кўрсатилди.

Шайх ҳазратлари эъзозлаган яна бир муҳтарам инсон борки, у киши ҳақида ҳазратимиз «Инсон қасидаси»ни айтганидан кейин бошқа қўшиқ айтмаса ҳам элнинг ардоғидаги шу ҳофиз бўлар эди», — деган эди. Бу ҳофиз − Шерали Жўраев. Ҳазратимиз сингари ҳофизнинг ҳам боши ғийбатдан, туҳматдан, фисқу-фасоддан, ҳасад туфайли туғилмиш маломатлардан чиқмади. Мен жуда қўрқар эдимки, «Ўлдинг – азиз бўлдинг!» шиорига амал қилувчи бизнинг каттаконлар Шерали Жўраев тирик туриб у кишига йўл бермайдилар деб.

Алҳамдулиллоҳ, мана, президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан элда байрам устига байрам. Аввалига шайх ҳазратимизнинг қадри тикланган бўлса, куни кеча президентнинг матбуот хизмати буюртмаси билан «Миллий» телеканали орқали Ўзбекистон халқ артисти, Навоий номидаги давлат мукофоти соҳиби Шерали Жўраев иштирокида салкам бир ярим соатлик «Ғазалхонлик кечаси» элга тақдим қилиниши санъат ихлосмандларининг, ҳофиз мухлисларининг, ҳазрат Навоий ва ҳазрат Бобур ғазаллари шайдоларининг чексиз шодлигига сабаб бўлди.

Ғазалхонлик кечасига энг қисқа таъриф шуки, Шерали Жўраев кеча қолган жами ҳофизларга том маънода «мастер класс» ўтиб берди!

Ижтимоий тармоқларда минг-минглаб шинавандалар «Ана, бўлар экан-ку?!» деб ёзмоқдалар. «Эътиқодни бузадиган, ахлоқни яксон қиладиган телесериаллар ўрнига кишининг маънавиятини юксалтирадиган мана шундай кўрсатувлар қилишса бўлар экан-ку?!» дейишмоқда.

Албатта, қўшиқлар ижроси, созандалар маҳорати, ҳофизнинг қандай тор чалганларини таъриф қилсак, бир мақолага сиғмайди.

Кўрсатувда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, Навоий ғазалларининг тарғиботчиси Анвар қори Турсуновнинг, навоийшунос олим, айнан «Навоий асарларида Қуръон оятлари ва ҳадислар талқини» мавзусида докторлик ишини ёқлаган фалсафа доктори Олимжон Давлатовнинг иштироки кўрсатув қадрини чандон ошириб юборди. Қори ака ва олимимиз ҳазрат Навоий ва ҳазрат Бобур ғазалларини шундай шарҳлаб бердиларки, қўшиқни эшитиб, бир маза қилган шинавандалар байтларнинг шарҳини тинглаб, қайтадан роҳат қилдилар.

Шерали Жўраевнинг хонадонида бўлганимизда бир қўшиқни айтиб берган эди, аммо тўйларда сўрасак «ҳали тайёр эмас» деб ҳеч айтмас эди. «Тайёр бўлибди» шекилли, кеча ана шу қўшиқ илк бор тингловчилар эътиборига ҳавола қилинди:

Оразин ёпқач, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш...

Ана энди бу байтни «Бир гўзал қиз юзини ёпганидан кейин кўзимдан ёшлар отилди, бу юлдузлар йўқолгач, қуёш чиқишига ўхшайди» деб тушунтириб юрган «аллома»лар Анвар қорининг гўзал шарҳини эшитишсин: «Бу бир мартаба эканки, у муҳаббатдан баландроқ бўлган ишққа эришганларга берилар экан ва кечаси то тонг отгунча Ўзига ошиқ бўлган бу зот қалбида Аллоҳ бир қуёшни порлатиб қўяр эканки, у зот бунинг шавқидан тонггача бедор бўлар экан. Қалбидаги қуёш ниҳон бўлғачгина, юлдузлар кўринар экан».

Шундай шарҳлардан кейин ҳам Анвар қори ҳақида «Ҳофизлар билан бирга юрибди, концертларга аралашиб юрибди, шу иш пойтахт бош имомига ярашадими?» дея маломат тиғларини қайраётган фитначиларга ассалому алайкум!

Ахир Анвар қоридек уламолар ҳазрат Навоий ва ҳазрат Бобур сингари сўфий шоирларнинг байтларини шарҳлаб бермасалар, «Навоий ҳам май ҳақида шеърлар ёзган, майхўр бўлган, Умар Хайём-ку ўзимизнинг шишадошимиз» деб юрган «мардуми ғофил»лар қанча.

Ғазалхонлик кечасида ҳофизнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраев ҳам ҳазрат Навоий ғазалига отаси басталаган «Ошиқ бўлдим» қўшиғини юксак маҳорат билан ижро этдики, бу ижро ҳам таҳсинга сазовор.

«Миллий» телеканали раҳбарларига, ижодий ходимларига халқимиз номидан ташаккур билдириб, қолган телеканаллар ҳам ана шундай мароқли, юксак савияли, энг муҳими, халқимиз маънавиятига хизмат қиладиган кўрсатувлар тайёрлашда улардан ўрнак олишади деган умидимиз борлигини ҳам изҳор қиламиз.

Кўрсатувдан сўнг ҳофиз Шерали Жўраев билан суҳбатлашдик, кўрсатувдан шод бўлган барча юртдошларимизга миннатдорчилигини билдирди ва бу эзгу ишларга сабаб бўлиб турган юрт раҳбари – президентимиз Шавкат Мирзиёевни дуо қилиб туришларини сўради.

«Ишимиз кўпайиб кетди, шунақа кўрсатувлардан яна бир нечасига таклифлар бўлди, − деди Шерали Жўраев. – Бу ёқда «Наврўз» байрамига янги қўшиқлар билан чиқадиганмиз, вилоятларга концертлар билан бориш, халқимиз билан бўладиган учрашувлар режалари тузилган».

Эл ардоғидаги санъаткор Шерали Жўраевга омадлар тилаб, юртимизда ана шундай яхшиликлар, хурсандчиликка сабаб бўладиган яхши ишлар, хушхабарлар кўпаяверсин деймиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг