Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Сув кечиб ўтишга мажбур» — Шерободда кўприк битмасдан қолиб кетди (видео)

«Сув кечиб ўтишга мажбур» — Шерободда кўприк битмасдан қолиб кетди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» телеграм ботига Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги кўприк битказилмасдан чала қолиб кетгани ҳақида видеомурожаат келиб тушди. Қайд этилишича, аввалги кўприкни бундан 20 йиллар аввал сел олиб кетган. Шундан буён аҳоли кўприксиз қийналиб келади.

«Сиз кўриб турган кўприк Шеробод туманидаги Қишлоқбозор ва Гегирдак қишлоқларини шаҳар билан боғлаши лозим эди. Унинг қурилиши бошланганига салкам бир ярим йил бўлиб қолди. Бундан аввалги кўприкни 20 йиллар аввал сел олиб кетган. Кўприк қурилиши бошланганида биз ниҳоят қийинчиликлардан қутиламиз, оғиримиз енгил бўлади деб ўйлаган эдик, аммо қувончимиз кўпга чўзилмади», дейди мурожаат эгаси.

Кўприк қурилиши етти ойдан буён тўхтаб қолган. Унинг остидаги дарё орқали кунига 500 га яқин машина ўтиб-қайтади. Дарёдаги сув мунтазам равишда йўловчи машиналарнинг эҳтиёт қисмларига зарар етказмоқда.

«Мана шу Гегирдак қишлоғи ҳудудида қурилаётган кўприк қурилиши тўхтаб қолганлиги сабабли қийинчиликларга дуч келяпмиз. Ҳар куни шу аҳвол», — дейди машинаси ўт олмай, сув ўртасида тўхтаб қолган ҳайдовчи.

«Шеробод туманидаги ушбу кўприкнинг мана ярими битказилган, аммо қолган қисмининг қурилиши тўхтаб қолган. Раҳбарлардан илтимос қилган бўлар эдик, ушбу муаммога эътибор қаратсалар. Исо Термизий зиёратгоҳига мана шу йўлдан ўтиб борилади. Бир кунда бу ердан минглаб одам ўтади», дея қўшимча қилади ҳайдовчи.

Сув кўплигида бу ердан ёш болалар, қариялар ва аёллар ҳам сувни кечиб ўтишга мажбур бўлишмоқда.

Гегирдак қишлоғида яшовчи Омон бобо кўприк қурилиши учун 2020 йилнинг апрелидан бери елиб-югуради.

«Қурилишни тугаллаш мақсадида тинмасдан ҳаракат қиляпмиз. Бир йили қишда музда йиқилиб оёғим синди... Туман ҳокимларига, раҳбарларга ёзаман, улар келишади, ваъда беришади, лекин қурилиш ишлари яна қолиб кетаверади», — дейди Омон бобо.

Баҳор ёғингарчилик фасли. Катта сел келиш эҳтимоли мавжуд. Маҳаллий аҳоли бошланган ишни кучли сел ҳавога совуришидан хавотирда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг