Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шофиркон туғуруқхонасида жанжал: аслида нима бўлган?

Шофиркон туғуруқхонасида жанжал: аслида нима бўлган?

Ижтимоий тармоқларда Шофиркон туманида жойлашган туғуруқ комплексида содир бўлган ҳолат юзасидан видео тарқалди.

Видеода ёши кекса фуқаронинг шифокорларни порахўрликка айблаб, эшик ойнасини синдиргани ва бир аёлнинг ерда йиқилиб ётгани ҳолати акс этган. Унда фуқаро, яъни туғилган чақалоқнинг бобосининг айтишича, туғуруқ комплексидан болани олиб чиқиш учун шифокорлардан бири ундан пул беришини талаб қилган. Улар сўралган пулни беришмаса, она ва болани уйига рухсат бермасликларини билдиришган. Шундан сўнг фуқаро тиббиёт ходимлари билан тортишувга борган.

Видеохабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълум бўлишича,  жорий йилнинг 6 октябрь куни Шофиркон тумани, Жўйрабод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аёлда туман Марказий шифохонаси Туғуруқ бўлимида физиологик туғуруқ қайд этилган. Орадан уч кун ўтгач, 9 октябрь куни аёлнинг  қайнотаси келинини уйига олиб кетишини сўраган. Бироқ, тиббиёт ходимлари томонидан келиннинг ҳолатидан келиб чиқиб, уни 10 октябрь санасида уйига кетишга рухсат берилиши маълум қилишган.  Шунга қарамасдан, қайнота томонидан кескин норозилик билдирилган. Жаҳлга минган фуқаро шифокорларнинг суюнчи пули талаб қилишганини ва улар сўраган пулни бера олишмагани учун уйига рухсат беришмаётганини айтган.

Ҳолат ички ишлар идоралари томонидан кузатув камералари орқали ўрганилган. Унда ерда ётган аёл, яъни фуқаронинг хотини у эшик ойнасини жаҳл устида қасддан синдираётган вақтда қўлининг зарб билан тегиб кетиши оқибатида аёлнинг ерга йиқилиб кетгани кўринган.

Мавзу юзасидан муҳокамалар кучайган, Туғуруқхонада жанжал кўтарган фуқаронинг кейинги видеоси тарқалган. Унда ўзини К.Н. деб таништирган фуқаро бўлган ҳолатни сўзлаб бераётганда: «Мени шифокорлар ўз қабулига чақиришди ва келиним туққани учун хайрия қилишимни сўрашди. Мен «сизларга давлат ойлик бермайдими» деб сўраганимда: «колодецларни чиқиндидан тозалаш учун хайрия қилинг» дейишди. Мен эса нархини сўраганимда «Ҳимматингиз» дейишди. Мен эса рози бўлиб, чўнтагимдан йигирма беш минг сўм пул чиқариб бердим. «Бу пулингизни бориб лўлиларга беринг» деб пастга уришди. Мен ҳозир ёнимда пулим йўқлигини, ўғлим келса, ўзи ҳал қилишини айтдим.  Ўғлим 10 йилда ўғил фарзанд кўрганди, 4 нафари нобуд бўлганди. Вазиятни тушунтиришимниям инобатга олишмади. «Жарима» сифатида келинимга рухсат беришмаслигини айтди»,-деган фуқаро.

Фуқаро Н.К.нинг сўзига кўра, йиқилган хотинига эътибор бермай, тиббий ёрдам кўрсатишмагани учун жаҳл устида эшик ойнасини синдириб, бақир-чақир қилган. Шунингдек, фуқаро уни тиббиёт ходимларининг ножоиз сўзлар билан ҳақорат қилишгани, ҳатто, пичоқни қўлга олиб, К.Н.ни ўлдиришга таҳдид қилгани тўғрисида гапирган.

Кўп ўтмай, Шофиркон туманидаги гуруҳлардан бирида тиббиёт ходимларининг бир неча кун илгари туққан ва бемор ҳолатда бўлган аёл билан тортишишгани, аёлнинг қон йўқотаётган ҳолатда ўрнидан туриб,  йиғлаб, номаълум муаммога дуч келгани видеоси тарқалган.

«Кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган ҳолат текширилмоқда. Аниқлик киритилганидан сўнг жавобгарлик масаласи ҳал этилади. Айни дамда фукаро томонидан келтирилган важ, яъни тиббиёт ходимларининг «коррупция ҳолатлари қайд этилган» деган жумла ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинган ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Яна шу ўринда айтиш керакки, пул сўраса, касалхонанинг эшикларини синдириб ташлаш керак, дегани эмас. Белгиланган тартибда органга мурожаат қилиши керак эди. Бу ерда ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик масаласи йўқ эмас. Тафсилотлар тўлиқ ўрганилгач, ҳар иккала ҳолатга ҳам ҳуқуқий баҳо берилади»,-деди Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

Ўзини таништиришни истамаган шофирконлик фуқаронинг айтишича, бундан 3 йилча илгари унинг ушбу Туғуруқ комплексида фарзандини дунёга келтирган турмуш ўртоғига ҳам худди шундай қўпол муносабатда бўлишган. «Ушбу Туғуруқ комплексида одамларни ҳаддидан ошишига мажбур қиладиган ҳолатлар кўп. Юқори турувчи органлар ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиддий ва синчков ўрганилса, жуда кўп салбий ҳолатларга гувоҳ бўлишади»,-дейди фуқаро.

Мавзуга қайтамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг