Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Солиқ қарзи пластик карталардан сўзсиз ундирилади

Солиқ қарзи пластик карталардан сўзсиз ундирилади

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки бошқарувининг «Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Низомга кўра, қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олинади.

Энг кам иш ҳақи миқдори қонун ҳужжатларига мувофиқ инкассо топшириқномаси юборилган санада шу ой учун белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Агар энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда, ўзгарган миқдордан келиб чиқиб қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Банк пластик карталардан жисмоний шахсларнинг мол-мулк, ер солиқлари ва даромадлар тўғрисидаги декларация асосида ҳисобланган солиқ ҳамда тадбиркорлик мақомини йўқотган ва банкда ҳисобварақ очмаган ёки банк ҳисобварақлари ёпилган якка тартибдаги тадбиркор-жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти бўйича солиқ қарзи сўзсиз ундирилади.

Жисмоний шахсларнинг пластик карталаридаги қуйидаги пул маблағларига нисбатан ундирув қаратилмайди:

  • майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли тўлаб берилган зарар суммалари;
  • хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланган суммалар;
  • бола туғилганлиги муносабати билан тўланган суммалар;
  • алимент мажбуриятлари бўйича тўланган суммалар;
  • меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланган суммалар, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тўланган суммалар;
  • ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланган нафақа суммалари;
  • дафн этиш маросими учун берилган нафақа суммалар;
  • қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланган суммалар;
  • бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланган суммалар;
  • хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланган суммалар;
  • меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланган суммалар;
  • ёшга доир пенсия, болаликдан ногиронлик, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар нафақа суммалари.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг