Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Солиқ соҳасида ўттиздан ошиқ мансабдор ишдан кетди

Солиқ соҳасида ўттиздан ошиқ мансабдор ишдан кетди

Фото: Xabar.uz

Президент йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала - тадбиркорликни ривожлантириш орқали солиқ базасини кенгайтиришга тўхталди.

Биринчи ярим йилликда республикада солиқ тушумлари 76,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 107,5 фоизга ўсди.

Ушбу даврда 2,3 триллион сўм маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилди.

“Лекин, бу мавжуд салоҳиятимиздан анча кам. Тан олиш керак – кундан-кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти.

Бу борада тадбиркорларни айблаб бўлмайди. Бунинг учун солиқ идоралари ўз дунёқарашини ўзгартириши керак.

Солиқчилар тадбиркорларга пул ундириш нуқтаи-назаридан эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали ўстириб, солиқ базасини кенгайтириш манбаи сифатида қараши зарур”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда солиқ тушумларининг 60 фоизини Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси электрон тизим орқали жойига чиқмасдан ундираётгани, лекин вилоят ва туман солиқ ходимлари хотиржам бўлиб ўтиргани танқид қилинди.

Мисол учун, бугунги кунда даромад солиғи тўлаётган корхоналар сони 425 мингтани ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 9 фоизга камайган.

Айниқса, бундай корхоналар Хоразм ва Қорақалпоғистонда 20 фоизга, Тошкент вилоятида 14 фоиз, Бухоро, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 12 фоизга камайган.

Ёки, жорий йилнинг беш ойида 40 та туманда тадбиркорлар даромади деярли ўзгармаган, айримларида ҳатто тушиб кетган.

Шу боис, Қўнғирот, Тахтакўпир, Улуғнор, Олот, Пахтакор, Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Косон, Муборак, Деҳқонобод, Ургут, Каттақўрғон, Нуробод, Музработ, Хива, Хонқа, Китоб туманлари ҳамда Бухоро, Когон, Самарқанд, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари, жами 26 та солиқ идоралари раҳбарларини ишдан олишга қарор қилинди.

Шу билан бирга, солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олгани қайд этилди.

Масалан, 2022 йилда тадбиркорлар томонидан ортиқча тўланган солиқлар ҳажми 320 миллиард сўмга ошиб, 4,4 триллион сўм бўлган.

“Афсуски, солиқ ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда”, - деди Президент.

Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент назоратни сусайтириб юборгани танқид қилиниб, унга солиқчилар томонидан ортиқча тўловлар ундириш, уларни вақтида қайтармаслик, текширишдаги сохтакорлик каби қонун бузилишларни олдини олиш бўйича амалий тизим яратиш топширилди.

Шунингдек, бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун:

- Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилиш;

- Иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Д.Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари М.Мирзаев, Ж.Абдиев, С.Эшматов, М.Маҳкамов, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг