Сомон орасига яширилган жиноят
Ёшларга ўрнак бўлиб, ҳаётда кексалик гаштини суриш ўрнига, қинғир йўлларни танлаган кимсалар учраб туради. Бухоро шаҳрилик 73 ёшли Р.Б.нинг хонадонидан топилган кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаси фикрни тасдиқлайди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, вилоят ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилган. Вилоят ИИБ Тезкор-қидирув бошқармаси ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд давомида «Отбозор» маҳалласида яшовчи, 73 ёшли нафақахўр фуқаро Р.Б.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Кинология хизмати итлари ёрдамида ўтказилган қидирув натижасида хонадон дарвозахонасидаги сомон пресслари орасига яширилган кўк рангли полимер пакет топилган. Пакет ичида ўткир ҳидли, яшил рангли, соф вазни 6,58 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Маълум қилинишича, фуқаро ушбу моддани сотиш мақсадини кўзламай, ўз хонадонида сақлаб келган. Шунга қарамай, қонун олдида жавоб бериш вақти келди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter