Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркор аёллар энди Жаҳон банкининг имтиёзли кредитларидан фойдаланишлари мумкин

Тадбиркор аёллар энди Жаҳон банкининг имтиёзли кредитларидан фойдаланишлари мумкин

Фото: Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Жаҳон банки Ўзбекистон ваколатхонаси билан “Қишлоқ ҳудудларида фермер аёллар ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларини тадбиркорликка, ҳудудларда боғдорчиликни ривожлантиришга ўқитиш ва уларни маслаҳат хизматлари орқали қўллаб-қувватлаш” номли икки йиллик лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бу ҳақда ассоциация ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантираётган хотин – қизлар учун бизнес тренинглар ўтказилади, соҳалари бўйича малакали мутахассислар томонидан керакли маслаҳатлар берилади. Жаҳон банкининг имтиёзли кредитларини олиш учун бизнес режа тузиш, банк билан ишлаш кўникмаларини ўргатиш, кредитлардан самарали фойдаланишга кўмаклашувчи мониторинг маркази тузилади. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган хотин-қизлар боғдорчилик ва сабзавотчиликни ривожлантиришда инновацион усуллардан фойдаланишни ўрганишади. Муҳими, тадбиркор аёлларимиз қишлоқ хўжалигида замонавий ресурс тежовчи илғор агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини, шунингдек инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишда Жаҳон банкининг имтиёзли кредитларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар.

Яна бир лойиҳа Ислом Тараққиёт Банки билан амалга оширилади. Лойиҳа тадбиркор аёлларнинг кичик инновацион бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. “Тадбиркор аёл” ассоциацияси томонидан инновацион лойиҳалар танлови ўтказилиб, ғолиблар кичик грантлар билан тақдирланадилар. Танловда иштирок этадиган лойиҳалар камида 10 та янги ишчи ўринларини ярата оладиган бўлиши даркор. Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга 2017-2019 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик шартномаси доирасида 1 миллиард 400 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Банк маблағлари ижтимоий тараққиётга қаратилган лойиҳаларга сарфланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг