Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тарбия усулларини яратиш ва амалиётга жорий қилиш устида ишловчи институт ташкил этилади

Тарбия усулларини яратиш ва амалиётга жорий қилиш устида ишловчи институт ташкил этилади

Жорий йил 21 июн куни имзоланган Президентнинг ПҚ-232-сон қарорига мувофиқ Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этилади.

Институт янги тарбия методикаларини яратиш ва амалиётга жорий қилиш бўйича олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат муассасаси ҳисобланади ҳамда тарбия соҳасини такомиллаштиришга оид илмий асослантирилган истиқболли таклифлар ишлаб чиқади.

Институт ҳузурида «Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи», «Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси» ҳамда «Ижтимоий педагогика» ихтисосликлари бўйича илмий кенгашлар ташкил этилади.

2025/2026 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасаларида тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич жаҳонда тан олинган ижтимоий-эмоционал таълим (Social and Emotional Learning – SEL) методикаларини жорий қилинади.

Тарбия соҳасидаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи республика кенгаши фаолияти ташкил этилади.

Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан:

  • умумий ўрта таълим муассасаларида «Фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти» мавзусида тарбия ҳафталиклари ўтказилади;
  • ота-оналарнинг фарзанд тарбияси борасидаги билимини оширишга қаратилган «Намунали ота-оналар мактаби» лойиҳаси амалга оширилади.

2024 йил 1 декабргача:

  • ўқувчиларда «ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет»ни шакллантиришда «мактаб – ота-она – маҳалла» ҳамкорлиги занжирини яратиш бўйича илмий асосланган ўқув ва оммабоп услубий тавсиялар ишлаб чиқилади;
  • ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига оид дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган халқчил тилдаги адабиётлар яратилади.

2024 йил декабрь ойида «Тарбия – шахс маданий-маънавий камолотининг мезони» мавзусида халқаро форум ўтказилади.

2025 йил якунигача ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ёшлар тарбиясига оид рақамли контентларни жойлаштириш мақсадида «milliytarbiya.uz» электрон платформаси ва унинг мобиль версияси ишлаб чиқилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг