Тайёр заргарлик буюмларини импорт қилишда божхона божи камайтирилади
2027 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилади.
Бу борада Президентнинг заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга доир ПФ-104-сонли фармони қабул қилинди.
Фармонда, шунингдек, 2024 йил 1 ноябрдан:
- чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади;
Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябргача расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди.
- қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилади;
- Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилади;
- жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;
Шу билан бирга, 2025 йил 1 январгача Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида заргарлик буюмларининг асиллигини тезкор текшириш бўйича хизматларни кўрсатувчи шохобчалар фаолияти йўлга қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter