Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Телерадиоэшиттириш соҳасида иқтисодий эркинлик ва рақобатни таъминлаш муҳокама қилинди

Телерадиоэшиттириш соҳасида иқтисодий эркинлик ва рақобатни таъминлаш муҳокама қилинди

Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес-марказида 2019 йил 9 октябрь куни «Ўзбекистонда телерадиоэшиттириш соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш» мавзусида ахборот соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4151-сон қарори билан тасдиқланган оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ва уларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига Ўзбекистон Республикасининг «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ аниқ вазифа юкланган эди.

Ўз ўрнида, Агентлик томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 6 та боб ва 38 та моддадан иборат бўлган мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада телерадиоэшиттириш соҳасини тартибга солиш, уни молиялаштириш, миллий телерадиоэшиттириш тизими, телерадиоэшиттириш масалалари Кенгаши, хорижий телерадиоташкилотлар билан ишлаш каби кўплаб муҳим ва янги меъёрлар жамланган.

Ушбу лойиҳада телерадиоэшиттириш соҳаси субъектлари фаолиятини лицензиялаш масалалари ва тартиботига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, лицензиялаш тартиб-таомилларини имкон қадар соддалаштириш, давлат божи ставкаларини сезиларли даражада камайтириш, лицензия берувчи орган сифатида илк бор давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда ташкиллаштириладиган махсус кенгашга ваколат бериш режалаштирилмоқда.

Давра суҳбатида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий Медиа Кенгаш вакиллари, давлат ва нодавлат телерадиоканаллар раҳбар ва масъул ходимлари, тажрибали ҳуқуқшунослар шунингдек, профессор-ўқитувчилар билан қуйидаги асосий масалалар кўриб чиқилди:

— миллий телерадиоэшиттириш тизимида телерадиоэшиттириш эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик, телерадиоэшиттириш соҳасида иқтисодий эркинлик ва ҳалол рақобатни таъминлаш, мустақиллик кафолатлари ва бошқа асосий принципларини белгилаш;

— амалдаги қонун ҳужжатларида телерадиоэшиттириш соҳасидаги фаолиятни тартиб солишда ягона ваколатли органнинг мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда давлат-жамоат коллегиал органни ташкил этиш;

— соҳага телерейтингни киритиш, миллий контент яратилишини қўллаб қувватлаш ҳамда телеконтентнинг монетизацияси билан боғлиқ масалаларни қонунчиликка киритиш;

— телерадиоэшиттириш соҳаси субъектлари ҳозирда дуч келаётган ҳуқуқий ва иқтисодий муаммоларни ечишга қаратилган нормаларни ишлаб чиқиш ва мазкур қонун лойиҳасига киритиш;

— телерадиоэшиттириш соҳасидаги халқаро нормаларга риоя қилиниши бундан ташқари муаллифлик ҳуқуқи ва халқаро ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама этилиши, соҳага сўнги замонавий техника воситаларини жалб қилиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш.

Тадбир давомида таъкидланганидек, «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришнинг институционал-ҳуқуқий асосларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг