Термизда муз майдонига эга кўнгилочар марказ очилди
Термиз шаҳрида сунъий қопламали муз майдонига эга «ICEBERG» кўнгилочар марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифида белгилаб берилган топшириқлар ижроси доирасида бунёд этилган тўрт қаватли мажмуада оилавий ва дўстлар билан мароқли дам олиш учун барча қулай шароит яратилган.
Замонавий қиёфада бўй кўрсатган салобатли кўнгилочар марказда сунъий қопламали муз майдони, супермаркет, банк хизмати, 40 га яқин савдо дўкони, болалар ўйингоҳи, ресторан, Fast-fud таомланиш шаҳобчаси қурилиб жиҳозланди. Кўнгилочар маркази «Термиз тезкор қурилиш» ихтисослашган таъмирлаш-қурилиш ташкилоти бунёдкорлари томонидан юксак дид билан сифатли барпо этилди.
«Бу ерда 300 га яқин иш ўрни яратилди. Энг аҳамиятли жиҳати шаҳар ҳокимлиги тавсияси билан «Ёшлар ва аёллар дафтари» га киритилган йигитлар ҳамда хотин-қизлар ишга қабул қилинди. Эндиликда улар тоза, озода ва кўркам марказда меҳнат қилиб, оилавий бюджетларига яхшигина даромад олиб бориш имкониятига эга бўлди», — дейди «ICEBERG» кўнгилочар маркази директори Х. Қодиров.
Шаҳар марказидаги 4 минг 500 квадрат метр майдонда қад ростлаган марказнинг биринчи қаватида фигурали учиш, хоккей ва бошқа спорт ўйинлари учун мўлжалланган сунъий қопламали муз майдони барпо этилиб, Испанияда ишлаб чиқарилган жиҳозлар ўрнатилган. 100 ўринга эга томоша зали қурилган. Шунингдек, тўрт қаватда жойлашган аттракцион, ресторан, супермаркет, савдо дўконлари, Fast-fud таомланиш шохобчаси ва бошқа қўшимча ёрдамчи бинолар бир йилда ўртача 60 минг аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter