Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Tesla бўйича keys study ва 1 млрд. евролик лойиҳа» — Германиядаги инвестицион банкир билан суҳбат

«Tesla бўйича keys study ва 1 млрд. евролик лойиҳа» — Германиядаги инвестицион банкир билан суҳбат

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Германияда фаолият юритаётган инвестицион банкир Дилшод Давронов бўлди.

Суҳбатдошимиз Бухоро вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бакалавр, Венгриядаги Марказий Европа университетида магистратура босқичини тамомлаган.

Ҳозир Франкфуртда жойлашган Corporate & Investment Banking департаментида кўчмас мулк секторидаги инвестицион лойиҳаларни молияштириш бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият юритади.

 Элчи бўлишни орзу қилганман

Болалигимдан элчи бўлишни орзу қилганман. Ана шу истак кейинчалик Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига етаклаган. Қолаверса, ўша пайтлар олийгоҳимиз Ўзбекистондаги нуфузли таълим муассасаларидан бири ҳисобланарди. У ерда ўқишнинг энг катта плюси бу университетдаги муҳит деб ўйлайман. Ҳозир қанақа билмадиму, мен ўқиган даврда таълим олувчиларнинг аксарияти республиканинг турли нуқталаридан келган, оддий оилалардан чиққан, ўз билими билан ўқишга кирган жуда иқтидорли, ақлли ва фаол ёшлар бўлган. Шундай ёшлар билан бирга таълим олиш ва дўстлар орттириш, networking имконияти университет ўз талабаларига таклиф эта оладиган энг қимматли нарса, деб ишонаман.

Шунингдек, ЖИДУда таълим олишнинг минуслари ҳам бор. Масалан, таълим сифатининг халқаро миқёсдан ортда эканлиги ва кераксиз фанларнинг кўплиги кабиларни айтишим мумкин. Бу ўз навбатида, талабалар ўзларига керак бўлган соҳа бўйича қўшимча изланишлар олиб боришини чеклаган.

Билишимча, бу камчиликлар ҳозир бартараф этилмоқда.

Tesla бўйича амалий keys study’лар амалга оширганман

Бакалаврни тугатиб, бир муддат ўша пайтдаги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (ҳозирги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги)да ишладим. Кейинроқ, Венгрияда жойлашган Марказий Европа университетининг (Central European University) «Глобал иқтисодий сиёсат» (Global Economic Policy) мутахассислиги бўйича магистратура дастурига тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинганман. Университет АҚШнинг олий таълим муассаси бўлгани, Европа эмас, балки Қўшма Штатлар таълим тизими асосида фаолият юритган. Қолаверса, Гарвард, Стэнфорд, Принстон каби университетларининг профессорлари ҳам дарс беришган.

У ерда магистрлик диссертациямнинг мавзуси high-tech компанияларнинг қийматини баҳолашда (valuation of high-tech companies) анъанавий баҳолаш методларининг тўғри келмаслиги, янгича мазкур секторнинг ўзига хос хусусиятларига мос келадиган замонавий баҳолаш методлари таҳлил қилиш, бу методларда «market sentiment»ни молиявий моделларда тўғри интеграция қилиш борасида изланиш олиб боришга қаратилган эди. Изланишларим натижасида венчур фондлар ҳамда инвестицион банклар томонидан ишлатиладиган ҳар хил замонавий баҳолаш методларидан фойдаланган ҳолда Tesla компаниясини баҳолаш борасида амалий keys study’лар ҳам амалга оширганман.

1 млрд. евродан юқори қийматдаги лойиҳалар қилдик

Айни дамда, Corporate & Investment Banking департаментида кўчмас мулк секторидаги инвестицион лойиҳаларни молияштириш бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият юритаман. Асосий вазифамиз Европа қитъасидаги, айниқса Германия, Австрия ва Швецария бозорларидаги, тижорат кўчмас мулк (Commercial Real Estate) соҳасида катта инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда бозордаги етакчи компанияларга (alternative investment funds, developers, real estate operating companies) турли молиявий кўмак кўрсатишдан иборат.

2021 йил давоминда 1 млрд. евродан юқори қийматдаги лойиҳаларни амалга оширганмиз. Бу жараёнда вазифаларимга инвестицион лойиҳалар ва тааллуқли бозорларни таҳлил қилиш, молиявий моделлар қуриш, due diligence, ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш, лойиҳаларни банкнинг Инвестициялар ва кредит қўмитасида тақдимот қилиб юқори менежмент жамоасининг тасдиғини олиш ва инвестицион лойиҳалар бўйича шартномаларни тузиш кабилар киради.

 Тўйинтирилмаган талаб қониқтирила бошланди

Ўзбекистон кўчмас мулк бозори бўйича эксперт эмасман, шунинг учун юқори даражали аниқ таҳлилий хулосалар беролмасам керак. Бироқ шунчаки ташқаридан туриб кузатувчи ҳамда Европа давлатларидаги вазият билан солиштирувчи сифатида ўзимнинг шахсий фикрларимни айтиб ўтишим мумкин.

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида охирги бир неча йилда юқори ўсиш кўрсаткичлари кузатилди. 2016 йилга қадар Ўзбекистонда янги таклифнинг чегараланганлиги сабабли, мавжуд кўчмас мулк фондининг йиллар давомида эскириши ҳамда талаб ҳажмидан анча ортда қолиши кузатилганди. Бироқ ҳукумат ўзгарганидан кейинги ислоҳотлар натижасида иқтисодий эркинлик даражасининг ошиши ва валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммоларнинг ечилиши каби бир қанча ижобий ўзгаришлар туфайли кўчмас мулк секторидаги компанияларнинг фаоллашуви ҳамда бозорга янги компанияларнинг кириб келиши натижасида таклиф кескин ошди ва йиллар давомида тўйинтирилмаган талаб қониқтирила бошланди. Бошқа томондан эса охирги йиллардаги ислоҳотлар натижаси аҳолининг маълум қатламларида даромадларнинг ошиши, бизнес фаолиятининг ривожланиши, ипотека кредитларини олишнинг олдингига нисбатан осонлашуви ва прописка муаммосини бартараф этилиши каби сабабларга кўра уй-жой ва тижорат кўчмас мулк объектларига бўлган талаб янада ошди. Талаб билан бирга нархларнинг ўсиши кузатилди.

Бироқ ҳозирги кунда бозор бироз тўйиниб, ўсиш темплари камайиши, қолаверса охирги 2-3 йилдаги инфляция ҳамда халқаро етаказиб бериш занжири (supply chain) борасидаги жиддий муаммолар сабаб хом-ашё маҳсулотлари нархларининг кескин ошишига ва ўз ўрнида develop’ларнинг фойда маржалари камайишига олиб келди. Бундай вазиятда молиявий аҳволи кучли бўлмаган developer’лар ё «ўйиндан чиқиб» бозорда таклифнинг камайишига сабаб бўлади, ёки қурилиш лойиҳаларнинг рентабеллигини кескин тушиб кетишини олдини олиш мақсадида харажатларни камайтириш ва натижада янги қурилаётган объектларнинг сифатини пасайишига олиб келади.

Назарий жиҳатдан қараладиган бўлса, мазкур вазиятда бозордаги сифатли таклифни барқарор ушлаб туришнинг энг самарали йўли бу – кўчмас мулк нархларининг ошиши. Бироқ бу талабнинг пасайиши, бозорда талаб ва таклиф мовозанатининг бузилишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам талабни барқарор ушлаб туриш мақсадида давлат томонидан аҳолининг даромадларини ошириш, ипотека кредитларини банклар томонидан тақдим этилиш жараёнини осонлаштириш ва ипотека бўйича фоиз ставкаларини камайтириш борасида бир қатор чоралар кўрилиши керак, деб ҳисоблайман.

7 йиллик профессионал тажрибага эгалар қабул қилинади

Ҳозир ишдан ажралмаган ҳолда International Real Estate Business Schoolda «Бизнес бошқаруви» (MBA) бўйича иккинчи магистратурада ўқияпман. Бу дастур АҚШнинг Ҳарвард университети ва Сингапурнинг INSEAD бизнес мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ўқитиш сифати яхши, Европада кўчмас мулк соҳасидаги энг нуфузли MBA дастури сифатида тан олинади.

Қолаверса, Executive MBA дастур бўлиб, бу дастурга фақат муваффақиятли карьера қурган, ўз соҳасида камида 7 йиллик профессионал тажрибага эга ва ўрта ҳамда юқори лавозимдаги шахслар ўқишга қабул қилинади. Улар карьераларини кейинги босқичига, яъни юқори менежерлик лавозимлари ҳамда бу соҳада ўз бизнесини ташкил этиш ва уни муваффақиятли бошқаришга тайёрланишади.  Бу дегани у ерда бошқа йирик компаниялар ва давлатлардан келган кўчмас мулк соҳасида муваффақиятли фаолият юритувчи инсонлар билан шахсан танишиб, дўстлашиб, улар билан тажриба алмашиш учун жуда яхши имконият.

Диссертациямнинг тадқиқот мавзуси эса, ESG in Real Estate борасида бўлиб, унда асосан кўчмас мулк инвестицияларида нафақат моливавий манфаат, балки атроф-муҳим ҳамда жамиятга ҳам манфаат келтирувчи инвестицион муҳитни ташкил этиш ва уни ривожлартиришининг аҳамияти борасидаги илмий-амалий изланишларга қаратилган.

Маълумот учун, бутун дунёда йиллик ишлаб чиқариладиган CО2 нинг деярли ярми бинолар, яъни кўчмас мулк объектлари сабабли (хоҳ уларни қуриш жараёни бўлсин, хоҳ мавжуд биноларни фаолиятини юритиш) юзага келади.

Вилоятларда ҳали ҳам «оқсоқланиш» мавжуд

Ўзбекистонда ҳам Европада ҳам ҳар хил турдаги компанияларни учратиш мумкин ва жуда кўп нарса компания менежмент жамоаси ва бошқарув услубига боғлиқ. Ўзбекистонда ҳам, Европада ҳам корсерватив ва эгоистик характерга эга бошқарув жамоасидан ташкил топган компаниялар етарлича топилади. Шу билан бир қаторда либерал бошқарув тизимига эга бўлган, ўз ходимларини қадрлайдиган ва уларни ривожланиши ҳақида қайғурадиган, ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган инновацион ёндашувга эга компаниялар ҳам талайгина. Шунчаки Европада иккинчи турдаги компанияларни улуши Ўзбекистондагидан кўпроқ. Бироқ охирги йиллар бу борада Ўзбекистонда, айниқса Тошкентда жойлашган хусусий ташкилотларда жуда яхши ўзгаришлар кузатилди. Бироқ вилоятларда бу борада ҳали ҳам «оқсоқланиш» мавжуд. Европадаги ташкилотларнинг Ўзбекистондагиларидан устунлик томони ривожланган инфраструктуранинг мавжудлиги, халқаро даражадаги иқтидорли кадрларнинг етарлича кўплиги ва халқаро молиявий ва савдо тизимига юқори даражада интеграция қилинганида. Шунинг учун ҳам бу иккала ҳудуддаги ташкилотларни таққослашда, юқорида таъкидлаб ўтилган омилларни ҳисобга олган ҳолда хулоса чиқариш, яъни Ўзбекистондаги ташкилотларни ривожланган давлатлардаги ташкилотларга тўғридан-тўғри солиштириб, уларни қолоқ дея хулоса чиқариш нотўғри деб ўйлайман. Чунки мамлакатда юқори малакали кадрлар етишмовчилиги ва халқаро борозлар билан интеграция даражасининг пастлигида уларнинг айби йўқ. Бироқ бу борада кескин бўлмасада ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўляпмиз. Шу темпда давом этиладиган бўлса маълум муддатдан сўнг Европа даражасига етиб қоламиз деган умиддаман.

 «Ярим чақага» сотиб юборилмаслиги лозим

Бозор иқтисодиётида асосий улуши давлатга тегишли бўлган ҳар қандай ташкилотнинг фаолиятида самарадорлик даражаси хусусий ташкилотларга нисбатан паст бўлади. Банклар ҳам бундан мустасно эмас. Ишончим комил, мамлакатимизнинг ҳозирги ҳукумати буни жуда яхши билади. Шунинг учун Президент фармонига асосан бир қатор банкларни IPO қилиш ёки давлатда тегишли бўлган улушларни қимматли қоғозлар биржаларига жойлаштириб хусусий инвесторларга сотиш орқали хусусийлаштириш режалаштириб, бу борада аниқ режа ва дедлайнлар белгиланган. Қолаверса, хусусийлаштириш жараёнида чет эллик инвесторларни ҳам жалб қилишга алоҳида муҳим аҳамият қаратилаётгани жуда ижобий ҳолат. Умид қиламанки, хусусийлаштириш жараёни кутилганидек муваффақиятли амалга оширилади. Бу борада, авваламвор, банклардаги ҳисоботлар тизимидаги камчиликлар, капитализациянинг пастлиги, корпоратив бошқарув борасидаги камчиликлар ҳамда ходимлар малакасининг ва профессионал маданиятнинг пастлиги каби муаммолар бартараф этилиши зарур. Қолаверса, хусусийлаштириш жараёни шаффоф ва адолатли тарзда амалга оширилиши, хусусийлаштирилаётган банкларнинг фаолияти сунъий равишда сусайтирилиб, маълум бир шахслар манфаатлари юзасидан «ярим чақага» сотиб юборилишига йўл қўйилмаслиги лозим.

 Университетда дарс бериш режамда бор

Яқин йиллар ичида Ўзбекистонга қайтиш режам йўқ. Чунки бу ерда карьера ва бизнес борасида яна қиладиган ишларим бор. Кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади.

Ўзбекистонга қайтганимда хойнаҳой давлат органларида ишлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ижросида ўз ҳиссамни қўшишга ҳамда ярим ставка асосида университетда дарс бериб, ўз билим ва тажрибаларим билан улашишга ҳаракат қилган бўлардим.

 Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг