Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тоғли ҳудудлар барқарорлигини ошириш бўйича минтақавий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди

Тоғли ҳудудлар барқарорлигини ошириш бўйича минтақавий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (UNFCCC COP31) доирасида Қирғизистоннинг миллий иқлим мажбуриятларини амалга ошириш ва Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудлари барқарорлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Қирғиз Республикаси Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Ақил Токтобоев, Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Алибек Куантиров, Тожикистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода, Туркманистон Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Овезгелди Гошжанов иштирок этди.

“Мажбуриятлардан амалий ҳаракатларга: ММБҲ 3.0 ни амалга ошириш ҳамда Қирғиз Республикаси ва Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудлари барқарорлигини ошириш” мавзусидаги сайд-ивент Қирғиз Республикаси Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда Қирғизистон миллий павильонида ташкил этилди. Иштирокчиларнинг асосий эътибори Қирғиз Республикаси томонидан 2025-йил сентябрь ойида тақдим этилган янгиланган миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссани (ММБҲ 3.0) амалга оширишнинг амалий механизмларига қаратилди. Мазкур ҳужжат 2035-йилгача иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш борасидаги мамлакат устувор йўналишларини белгилайди.

Тадбир давомида иқлим мажбуриятларини тармоқ дастурлари ва ривожланиш режаларига интеграция қилиш, иқлим кўрсаткичларини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва верификация тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, миллий устувор йўналишларни амалга ошириш учун халқаро молиялаштиришни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудлари иқлим ўзгаришига нисбатан заифлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Музликларнинг қисқариши, сув режимининг ўзгариши, ерларнинг деградацияси ва хавфли табиий ҳодисаларнинг кўпайиши нафақат баланд тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, балки дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудларнинг сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлигига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Иштирокчилар тоғли ҳудудлар барқарорлигини ошириш комплекс ёндашувни талаб қилишини таъкидладилар. Бунда криосферани сақлаш, сув ресурсларини оқилона бошқариш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, экотизимларни тиклаш ва маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.

Муҳокамалар доирасида иқлим молиялаштиришини сафарбар этиш, жумладан, Қирғиз Республикасининг ММБҲ 3.0 доирасидаги шартли мақсадли кўрсаткичларини амалга ошириш, инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ҳамда кўп томонлама тараққиёт банклари ва халқаро иқлим фондлари маблағларини жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Марказий Осиё давлатларининг “сув — энергетика — мослашув” ўзаро боғлиқлиги доирасидаги минтақавий ҳамкорлиги ҳам муҳим мавzulardan бири бўлди. Иштирокчилар иқлим устувор йўналишларини мувофиқлаштириш, техник ҳамкорликни ривожлантириш ва умумий иқлим муаммоларига жавобан қўшма ечимларни шакллантириш борасидаги ёндашувларини ўртоқлашдилар.

Тадбир 2027-йилда ўтказилиши режалаштирилган “Бишкек+25” Глобал тоғ саммитига тайёргарлик жараёнида алоҳида аҳамият касб этди. Муҳокамалар давомида мослашув чораларини молиялаштириш, тоғ экотизимларини сақлаш ва аҳоли барқарорлигини мустаҳкамлаш каби йўналишларда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Мазкур тадбир минтақа мамлакатлари, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари ўртасида иқлим мажбуриятларидан тоғли ҳудудлар барқарорлигини ошириш ҳамда Марказий Осиёнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган амалий ҳаракатларга ўтиш масалалари бўйича мулоқотни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг