Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Толибон» юк ташиш учун етарлича хавфсизликни таъминлаб бермоқда – Иргашев

«Толибон» юк ташиш учун етарлича хавфсизликни таъминлаб бермоқда – Иргашев

Кеча, 16 ноябр куни Москвада Афғонистон бўйича Москва форматининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, бу учрашув Москва ва «Толибон» юқори расмийлари иштирокисиз ўтган.

Жорий йилда учрашув давлатларнинг Афғонистон, хусусан, Россия, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон бўйича махсус вакиллари даражасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистонни қайта изоляция қилиш, уни мавжуд муаммолар билан ёлғиз қолдириш, албатта, бутун минтақавий ва халқаро хавфсизлик тизими учун салбий оқибатларга олиб келишини таъкидлади.

– Биз унинг яккаланиб қолишига ва 2000 йиллардаги каби ҳолатнинг такрорланишига йўл қўя олмаймиз. Жаҳон ҳамжамиятидаги бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, минтақа афғон муаммоларидан халос бўла олмайди, – дейди Исматулла Иргашев.

У, шунингдек, Ўзбекистон узоқ вақтдан бери Афғонистоннинг барча ички сиёсий кучлари, шунингдек, Толибон ҳаракати билан тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатиб келаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили сўзларига кўра, «Толибон» юк ташиш учун етарлича хавфсизликни таъминлаб бермоқда.

– Энг муҳими, амалдаги ҳокимият халқаро ҳамжамият талабларига риоя қилиши керак, – дейди Иргашев. – Бу ҳозирги вазиятдан чиқишнинг ягона йўли. Шу билан бирга, Тошкент Афғонистоннинг бошқа қўшниларидан минтақа транспорт тизимини ривожлантириш билан боғлиқ “тахминан 5-6 миллиард долларлик молиялаштиришга эга мега лойиҳа”ни амалга ошираётгани билан ажралиб туради. Гап Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Кобул шаҳарлари орқали Ўзбекистоннинг Термизидан Покистоннинг Пешоварига олиб бориладиган темир йўл ҳақида кетмоқда. Ушбу йўл қурилиши тахминан 3-5 йил давом этади.

Иргашев, шунингдек, иқтисодий манфаат Афғонистондаги ҳозирги ҳукуматнинг ички сиёсатига бўлган ёндашувларини ўзгартиришини тахмин қилади. Мамлакат эса Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзига хос қуруқлик кўпригига айланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг