Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тўрткўлда 8 та уй ва 2,5 гектар ерни сув босди (фото)

Тўрткўлда 8 та уй ва 2,5 гектар ерни сув босди (фото)

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги каналда сув босими ортиши оқибатида уйларни сув босгани акс этган суратлар тарқалди. 

Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазирлиги мазкур вазият юзасидан расмий маълумот бериб, маълум қилишича, жорий йилнинг 24 февраль куни соат 04:00 атрофида Тўрткўл туманидаги «Калта минор-1» хўжаликлараро канали 192-пикетида ён томондан (тўғон) сув тушиши натижасида ҳудуддаги уйлар ва бинолар шикастланган.

Ишчи кучлари ва махсус техника сафарбар қилиниб, эрталаб соат 7:00 да каналдан сув чиққан жой бутунлай ёпилган.

Сувнинг ювилиши ва канал қирғоқларининг қулаши натижасида 8 та хонадоннинг уй-жойлари ва 2,5 гектар экин майдонлари зарар кўрган.

Қайд этилишича, каналда ўтган йилнинг куз фаслидан буён сув сатҳи ҳозиргидек кўтарилмаган ва дастлабки тахминларга кўра, қирғоқ канал ёқасидаги кемирувчилар уяси орқали ўпқон очилиб, юқоридаги ҳолат юзага келган.

Шунингдек, салбий ҳолатнинг юзага келишида ҳудудга бириктирилган сувчиларнинг ўз вазифасига лоқайдлик билан қарагани ёки айрим сув истеъмолчилари (фермер, томорқа ер эгалари)нинг сувни бошқаришда белгиланган меъёр ва талабларга бўйсунмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилгани ҳолатлари ҳам текширилмоқда.

Айни вақтда зиён миқдорига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Расмий муносабатда аҳоли вакилларининг ҳодисада жабрланган ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг