Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент шаҳрида ишлаган 8 нафар имом-хатиб ишдан олинди, яна 2 нафарига ҳайфсан берилди

Тошкент шаҳрида ишлаган 8 нафар имом-хатиб ишдан олинди, яна 2 нафарига ҳайфсан берилди

Бугун, 11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлис аввалида муфтий ҳазратлари бугунги кунда имом-хатибларнинг дин ва юрт тақдири йўлида қилиши лозим бўлган вазифалари ҳақида тўхталди.

Танқидий масалалар муҳокамасида эса айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг ўтган саккиз ойида мана шундай хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилган ҳамда 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига эса ҳайфсан интизомий чораси қўлланган.

Муфтий ҳазратлари ҳар бир имом-хатиб дин ва меҳроб омонатини чуқур ҳис этиши, фаолиятини яхшилаб бориши, замон билан ҳамнафасликда доимий билим-малакаларини ошириши ва пешволик мақомига муносиб бўлишини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, барча имом-хатибларни ушбу мартабада шариат ходими сифатида ихлосу муҳаббат, тақво ва садоқат билан хизмат қилишларига даъват этдилар.

Йиғилиш якунида берилган топшириқлар юзасидан режа ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифалари юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг