Тошкентда қалбаки пул тайёрлаган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди
2018 йилнинг февраль ойи бошларида И.Б.И., А.Ф.Р., К.Д.Б. ва И.Ш.М. ўзаро жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикасининг миллий пул бирлиги ҳисобланган сўмни қалбакилаштиришни режалаштирган.
Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, 50 000 сўмлик купюралардан иборат бўлган жами 100 дона 5 000 000 сўм қалбаки пулларни ясаганлар ва мазкур пулларнинг 3 600 000 сўмини ноқонуний равишда ўзларининг эҳтиёжлари учун сарфлаб келганлар.
Кеча, 7 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир жараёнида ушбу тўртовлон Яшнобод тумани жойлашган дўконда аввалдан ясалган қалбаки пуллар эвазига маҳсулот ҳарид қилмоқчи бўлганликлари аниқланиб, ушланганлар ва улардан 1 400 000 сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўтказиш мақсадида қалбаки қимматли қоғозлар ясаш ва уларни ўтказиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter