Тошкентдаги онкология марказининг 4 гектар ҳудудида яшил боғ барпо этилади
Тошкент шаҳар онкология марказига тегишли 4,36 гектар ҳудудда аҳоли учун очиқ яшил боғ барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар бермоқда.
Марказ ҳудудидаги бинолар бўшатилгандан сўнг, мазкур майдоннинг асосий қисми кўкаламзорлаштирилиб, шаҳар аҳолиси учун очиқ жамоат маконига айлантирилади.
Шу билан бирга, ушбу ҳудудда «Ёшлар шаҳарчаси» ҳам барпо этилиши кўзда тутилган бўлиб, у боғ ўрнини эгалламайди. Ўқув ва ижодий марказлар, кутубхона, коворкинг майдонлари, симуляция устахоналари ҳамда стартап-студияларни мавжуд бинолар ичида жойлаштириш режалаштирилган.
Мавжуд бинолар сақлаб қолиниб, реконструкция қилинади ва таълимий, ижодий ҳамда ижтимоий мақсадларга мослаштирилади.
Лойиҳада бизнес-офислар ёки бошқа тижорат объектларини қуриш кўзда тутилмаган. Бинолар атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади.
Натижада ҳудуд яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси, ёшлар ва барча шаҳарликлар учун очиқ жамоат масканига айланиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг келажакдаги кўриниши акс этган рендерлар ва тақдимот материаллари ҳам жамоатчиликка тақдим этилди.
Пойтахт маъмурияти лойиҳа бўйича савол ва таклифларни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter