Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдаги ОТМда Халқаро ёзги мактаб ўз фаолиятини бошлади

Тошкентдаги ОТМда Халқаро ёзги мактаб ўз фаолиятини бошлади

Фото: Институт матбуот хизмати

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Германиянинг Лейбниц қишлоқ хўжалигини ландшафтлари илмий-тадқиқот маркази (ZALF) билан ҳамкорликда Европа, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Эфиопия, Ҳиндистон, Канада, Колумбия давлатларининг ёш тадқиқотчилари, докторантлари ва фан докторлари иштирокида «Суғорма деҳқончилик учун сув – энергия – озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигини баҳолаш: Марказий Осиё бўйича фанлараро ёндашувлар» мавзусидаги Халқаро ёзги мактаб жорий йилнинг 29 апрелида ўз фаолиятини бошлади.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзовнинг хабар беришича, ушбу тадбир Германиянинг Фольксваген фонди (VolswagenStiftung) томонидан молиялаштирилмоқда.

Халқаро ёзги мактабнинг мақсади: сув – энергия – озиқ-овқат хавфсизлигининг барқарорлигини баҳолаш бўйича билим ва кўникмаларни докторантлар, ўқитувчилар ва ёш олимларга етказиш ва уларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлашдан иборат.

Ёзги мактаб қатнашчиларига ўқиш даврида:

  • Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида ҳосилдорликни ошириш;
  • Тупроқ хусусияти ва сув танқислиги шароитида қайта тикланувчи энергияни ишлаб чиқариш;
  • Бир нечта секторлар учун трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш;
  • Ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда иқтисодий тиклаш тизимни йўлга қўйиш;
  • Cув – энергия – озиқ-овқатнинг ўзаро боғлиқлиги ва синергияни бошқариш мавзуларида қизиқарли маъруза ва амалиёт машғулотларини ўтиш имкониятига эга бўладилар.
Фото: Институт матбуот хизмати

Машғулотларни Германия, Ўрта Осиё ва ТИҚХММИнинг сув ва энергия ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук олимлари олиб борадилар.

Таълим олиш мобайнида иштирокчиларни амалий ва ижодий машғулотлар, қизғин муҳокамалар кутмоқда. Шунингдек, ёзги мактаб дастурида ирригация ва мелиорация объектларида сайёр машғулотлар ўтиш, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ва спорт-маданий тадбирларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Ўқув курси якунида барча иштирокчилар халқаро малака ошириш сертификатига эга бўладилар. Халқаро ёзги мактаб 5 майга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг