Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдан уй олиш осонлашди. Бу ҳақда Президент фармони имзоланди

Тошкентдан уй олиш осонлашди. Бу ҳақда Президент фармони имзоланди

Фото: Xabar.uz

Бундан буён ишдан бўшатилган ходимнинг пропискаси «куйиб кетмайди» ва Тошкентдан уй сотиб олиш учун прописка талаб қилинмайди. Бошқа вилоятда яшовчи шахслардан Тошкент шаҳридан уй олганда ундириладиган оширилган қийматдаги давлат божи бекор қилинмоқда. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, президент томонидан 21 апрель куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат имзоланди.

Фармонга кўра «прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилмоқда.

Илгари фуқаро давлат органидаги фаолияти даврида пропискага кирган, ишдан бўшатилганда ёки шартномада белгиланган муддати якунига етганда пропискадан чиқариб юборилган бўлса, энди бундай бўлмайди. Унинг пропискаси сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, шу пайтгача эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаши талаб этилган ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилган бўлса, фармон билан ушбу талаб бекор қилинмоқда.

Шу билан бирга, муқаддам Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролар маълум муддат бошқа ҳудудда яшаб, ўзлари яшаган жойга қайтиб келганда, улар ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши белгиланмоқда.

Шунингдек, фармон билан оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлиши белгиланмоқда.

Фармонга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати ҳам узайтирилмоқда. Ҳозирчага бу муддат 10 кунни ташкил этган бўлса, фармон билан у 15 кунга ўзгартирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг