Турк компанияси иштирокида Ўзбекистонда IT-хавфсизлик бўйича ўқув курслари ташкил этилади
«BePro IT Academy» киберхавфсизликка ихтисослашган «Barikat» етакчи турк компанияси билан шериклик тўғрисида келишув имзолади. Ҳужжат яқин вақт ичида пойтахт ўқув маркази базасида IT-хавфсизлик бўйича сертификацияланган курсларни ташкил этиш ва ўтказишни назарда тутади.
«Barikat» компанияси 2008 йилда ташкил этилган. Компания штатида юздан ортиқ техник экспертлар мавжуд бўлиб, улар бутун дунёдаги 300 мижозга IT-хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат берадилар, ўқитадилар ва технологик хизматлар кўрсатадилар. Мижозлар сирасида вазирликлар, армия, ҳарбий-ҳаво кучлари, банклар, суғурта, саноат, энергетика, тиббиёт компаниялари ва бошқалар мавжуд. 2016 йил якунларига кўра, «Barikat» Туркиянинг йирик IT-компаниялари 500талигида 46-ўринни эгаллаган.
— Ўта кучли рақобат шароитида конфеденциал ахборотни ҳимоя қилиш IT-мутахассисларнинг асосий вазифасига айланди, — дейди «BePro IT Academy» директори Сабина Эрматова. — Ҳар қандай корхона ахборот хавфсизлигини юқори даражада ушлаб туриш нечоғли аҳамиятли эканлигини тушунган ҳолда, биз Туркиянинг тўлиқ киберхавфсизлик масалаларига ихтисослашган «Barikat» компанияси билан шериклик келишувини туздик. Яқин вақтларда ўқув маркази базасида курслар очилади ва уларда экспертлар тингловчиларга IT-хавфсизлик соҳасидаги билимлари ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашади.
Сертификатланган курслар киберхавфсизлик соҳасидаги янги комплекс ечимларни ишлаб чиқиш ва таъминлаш борасидаги мавзулар ва ёндашувларни кенг қамраб олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter