Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Улар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё тўғрисида ҳам билишмайди». Гоадаги ҳамюртимиз билан суҳбат

«Улар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё тўғрисида ҳам билишмайди». Гоадаги ҳамюртимиз билан суҳбат

Фото: Xabar.uz

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали бу гал Ҳиндистоннинг туристик марказларидан бири бўлган Гоа штатида илмий изланишлар олиб бораёган ватандошимиз – Жаҳонгир Жавмиров билан суҳбат уюштирдик. Қаҳрамонимиз 1992 йили Сурхондарё вилоятида туғилган. Ҳозирда Гоа университетининг Master of philosophy босқичида таҳсил олади.

–  Жаҳонгир нима учун айнан Ҳиндистонда илмий изланиш қилишга қарор қилдингиз?

–  2011-2015 йиллар Тошкент давлат шарқшунослик институтининг «Марказий Осиё халқлари тарихи» йўналишида бакалавр, 2015-2017 йиллар «Хорижий мамлакатлар тарихи» йўналиши бўйича магистр босқичида ўқидим. Ўқишни тамомлагач, бир муддат шу институтда ишладим. Дунёқарашим, характерим ҳам ўша ерда сайқалланди десам, хато бўлмаса керак. Лекин, янги тамойилларни ўрганиш, бошқа муҳит, турли жамиятларда ҳаётга қандай қарашларини билиш учун чет элга кетишга қарор қилдим.

Шарқшунослик институтида деярли барча шарқ тиллари кафедралари мавжуд. Кафедрадаги устоз ва ўқитувчилар билан маслаҳатлашиб, Хитой, Туркия ва Ҳиндистонга PhD босқичида ўқиш учун ҳужжат топширдим. Улар орасида ўқиш, яшаш ва саёҳат қилиш учун энг қулайи – ICCR (Indian council for cultural relations) стипендия дастури орқали Ҳиндистон давлати бўлди.

ICCR стипендия дастури ўзбекистонлик талабаларга ҳар йили камида 20 та ўрин ажратади. Дастур барча ҳаражатларни қоплайди. Бунга ўқув курси тўловлари, турар жой, китоб пули ва ҳар ойлик стипендия, ҳаттоки шароити оғир талабалар учун йўл чиптаси ҳам киради. Талаб қилинадиган асосий нарса инглиз тилини яхши билиш керак.

Ҳозир «Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги тарихий алоқалар» мавзусида илмий иш қиляпман.

Фото: Xabar.uz

–  Тарих фанининг аҳамияти қай даражада, деб ўйлайсиз?

–  Аслида, тарих жуда қизиқ гуманитар фан ҳисобланади. У идеология ва одамларнинг ўзлиги билан чамбарчас боғлиқлиги боис доим ҳам холис бўлавермаган. Аммо, фаннинг асосий тамойили – холисликдир. Кўпчилик зиёлилар томонидан «Холис тарих бўлмайди», «Тарих сиёсат хизматида» каби гаплар кўп айтилади. Албатта, бу гапларнинг ҳам етарлича асослари бор. Совет даври тарихчилигини бунга яққол мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Ғарб тарихи эса, жуда яхши ўрганилган. Улардаги турли воқеаларнинг энг майда тафсилотлари-ю, тарихий шахсларнинг суҳбатларигача маълумотга эгамиз. Бироқ, афсуски, Ўзбекистон тарихи, Марказий Осиё тарихи ҳали ҳам тўлиқлигича ўрганилгани йўқ. Бу тарихни ўрганишда ва объектив ёритишда хориж манбаларини ва уларнинг методларини ўзлаштиришни муҳим, деб ўйлайман.

–  Ҳиндистондаги ҳаёт ва ҳиндлар ҳақида нималар дея оласиз?

–  Ҳиндистондаги яшаш ҳаётни тўлароқ англашим ва қийинчиликларни енгиб ўтишимда сабрли бўлишга ўргатяпти. Бу ерда ўзимни жаҳон фуқаросидек ҳис қиляпман. Одамларни ирқ, дин ёки миллатларга бўлиш, умуман қабул қилиб бўлмайдиган тушунчага айланмоқда. Африкалик, европалик ва афғон талабалари билан бирга илм қиламиз, турли минтақа вакиллари сифатида бир-биримизни ўрганамиз.

Таълим тизимида эса бакалавр босқичидан талабаларнинг кийиниши ва ташқи кўринишига эътибор берилмайди. Асосий эътибор талабанинг билим олиши, соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши ва мустақил таълим олишига катта эътибор қаратилган.

Ҳиндлар характери ҳақида тўхталадиган бўлсам, уларнинг хорижликларга нисбатан муносабати яхши шаклланган. Чет эллик эканингизни билишса, сизда илиқ таассурот қолдиришга интилади. Ажаблантиргани, уларнинг доимий саволи «Овқатландингми ёки йўқ?» ибораси экан. Кейин, бироз мақтанчоқликлари ҳам бор. Ўзбекона соддалик ва камтарликни кўп ҳам учратавермайсиз.

Бундан ташқари, ҳиндларда меҳмондўстлик деган тушунча деярли йўқ. Бизнинг халққа ўхшаб қўйган нонини емасангиз хафа бўлиб қоладиган одатлари йўқ. Мен кўрган ва мулоқот қилган ҳиндлар нотаниш ҳиндларга кўп ҳолларда ҳурмат кўрсатмайди. Ўзбекларга ўхшаб «ака», «оғайни» ёки «дўстим» деб мулозамат қилишмайди. Жамоат транспортларида ёши катталарга ва аёлларга жой бериш одобини ҳалигача кўрмадим.

Аммо, айрим характерлари бизникига ўхшаш. Улар ҳам бизлардек ҳар қандай вазиятда ҳеч нарсага қарамай табассум қилишдан тўхтамайдиган, ҳар кунини бахтли лаҳзалар билан бойитишга, тез-тез қувонч ва кулгига тўла байрамларни нишонлайдиган одамлар.

Фото: Xabar.uz

–  Гоанинг мамлакатдаги қолган штатлардан фарқли жиҳатлари қандай?

–  Ҳиндистон маъмурий жиҳатдан 28 та штатга бўлинади. Гоа ушбу штатлар ичида ҳудудига нисбатан энг кичиги. Штат аҳолиси ҳам бошқа ҳудудларга қараганда камчиликни ташкил қилади. Бу, ўз навбатида, штат ҳаётига ижобий таъсир кўрсатган. Кўчалар тоза, уйсизлар йўқ.

Шунингдек, Гоа энг кўп сайёҳлар келадиган ҳудуд. Бу ерда 20 дан ортиқ дам олиш пляжлари бор. Қиш фаслида ҳаво ҳарорати +20 градусдан +30 градусгача иссиқ бўлиб, бу туристик мавсум ҳисобланади. Шу боисдан, туристлар учун хавфсизлик ва барча қулайликлар яратилган. Биргина мисол, фақат Гоадагина қорамол гўштини топиш муаммо эмас. Бундан ташқари, сайёҳлик фирмалари очишга имкон катта.

Шунингдек, онлайн бозор хизмати яхши йўлга қўйилган. Ички бозорни ҳимоя қиламиз деб, ҳеч қандай чекловлар ва монополиялар ўрнатилмаган.

–  Гоаликлар Ўзбекистон ҳақида қандай тасаввурга эга?

–  Очиғи, гоаликлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё тўғрисида кўп ҳам билишмайди. Гоага энди келган вақтларим, баъзи профессорларнинг ҳам минтақамиз ҳақида билмасликларидан ҳайратланганман. Бунинг асосий сабаби, уларда география, тарих сингари фанларнинг ўтилмаслиги ва фақат соҳасига алоқадор нарсаларни ўрганишида деган хулосага келдим.

Баъзида дарс жараёнларида бутун гуруҳ мен ва Ўзбекистон ҳақида гапира кетишади. Ана шундай пайтларда Ўзбекистонни бошқаларга танитяпман, деб ўзимча ғурурланиб қўяман.

Лекин, бу ҳолат бутун Ҳиндистонда шундай, деган хулосани келтирмаслиги керак. Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудларида мамлакатимизни яхши билувчилар, маданиятимиз, тилимизга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, пойтахт Деҳлининг «Jamiya Millia Islomia» университетида 15 йилдан буён ўзбек тили фан сифатида ўқитилади.

–  Келгусидаги режаларингиз қандай?

–  Ҳозир ўқиётган курсимни бир йилда ниҳоялаб, сўнг 2 йиллик PhD босқчини давом эттириш имкониятига эгаман. Лекин, Гоа олдин Португалиянинг мустамлакаси бўлгани, ҳозиргача алоқаларни яхши кечиши ортидан университетда португал тили ҳам ўргатилади.

Шу боисдан ҳам PhD босқчини Португалияда давом эттиришим мумкин. Ҳозир шунинг ҳаракатидаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг