Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вилоятлардаги шифокорлар етишмовчилиги 2020 йилда тўлиқ бартараф этилади

Вилоятлардаги шифокорлар етишмовчилиги 2020 йилда тўлиқ бартараф этилади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган “Тиббий таълимдаги ислоҳотлар  соғлиқни сақлаш тизимини тараққий эттиришнинг муҳим мезонларидан бири” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Аввал хабар қилинганидек, тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ўқиш муддатлари 7 йилдан 6 йилга ва “тиббий профилактика” йўналишида 6 йилдан 5 йилга қисқарди. Шунингдек, ўқув режаларидаги ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 23 фоиздан 7 фоизга қисқартирилиб, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 55 фоиздан 85 фоизгача оширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, давлат грантлари асосида бакалавриатура йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари бўйича қабул йўлга қўйилган. 2017 йилда 1180 та, жорий йилда 1548 та квота шакллантирилган. Мақсадли тайёрланаётган кадрлар 3 йилдан 10 йилгача муддатда тегишли ҳудудларда ишлаб беришади. Бундан ташқари, пенсияга чиққан мутахассисларнинг ишга жалб этилиши, хориждаги мутахассисларимизнинг юртимизга қайтиб, фаолият юритаётгани ва ўқув йилининг қисқариши кадрлар етишмовчилигини бартараф этишга ёрдам бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановнинг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланган. Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади.

Жорий ўқув йилида Тошкент давлат стоматология институтида Москва давлат тиббиёт-стоматология университетининг “Стоматология” ва Италиянинг Турин политехника университетининг “Биотиббиёт муҳандислиги” таълим йўналишлари очилди. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Жанубий Кореянинг Индже университети Ильсан госпитали билан “Травматология ва ортопедия” магистратура мутахассислиги бўйича қўшма дастур асосида Тошкент педиатрия тиббиёт институтида  магистрларни тайёрлаш ҳақида келишув имзоланган. Шунингдек,  ушбу институтда “Педиатрия иши” таълим йўналиши бўйича қўшма дастур асосида ҳалқаро факультетда талабаларни тайёрлаш юзасидан Россия Федерациясининг Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан ҳам келишув имзоланган. Беш юздан зиёд ёш мутахассислар чет элда малака оширган, 400га яқин хорижлик мутахассис Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида маҳорат дарсларини ўтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг