Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмда 21 яшар йигит ўз жонига қасд қилган ёш онани қутқариб қолди

Хоразмда 21 яшар йигит ўз жонига қасд қилган ёш онани қутқариб қолди

Фото: «Xabar.uz»

Йигит кишининг аслини билиш учун унинг қилаётган ишларини кузатишнинг ўзи кифоя. Юрагида ўти бор йигитларнинг ҳар бир равишида жўмардлиги кўзга ташланиб туради.

Боғот туманининг Қипчоқ қишлоғида яшовчи 21 ёшли Ёқуббой Дўсметов куни кеча сувга чўкаётган аёлнинг ҳаётини қутқариб қолди.

— Акам билан «газ заправка»га кетаётган эдик, — дея воқеа хусусида ҳикоя қилади Ё.Дўсметов. – Бизга қарама-қарши йўналишда келаётган машина ҳайдовчиси (аёл): «Анави кўприкда бир қиз ўзини сувга ташламоқчи бўлиб турибди», деб қичқирди. Биз ўша томонга шошилдик. Етиб борганимиз заҳоти ёшгина аёл ўзини Полвонёп каналига отди...

Эни салкам 70 метр бўлган канал суви шитоб билан оқарди. Йўл-йўлакай кийимларимни ечганча каналнинг қуйироқ қисмига югириб борган Ёқуббой ўзини сувга ташлайди. Каналнинг ўртароғига сузиб боргунича аёл гоҳ чўкиб, гоҳ сув юзига қалқиб чиқарди. Йигит унинг кийимидан маҳкам ушлаганча қирғоққа базўр олиб чиқади...

Сўнг дарҳол энг яқин хонадонга олиб борилади. Хонадон эгалари шоша-пишганча аёлга бирламчи ёрдам кўрсатишга киришади...

Хонадон соҳибаси Ирода Абдукаримова қизлари билан биргаликда аёлнинг жиққа ҳўл кийимларини алмаштириб, иссиқ қаҳва ичиришади ва қалин кўрпага ўраб қўйишади. Аёл сал ўтмай ўзига келади ва ҳўнграб йиғлаб юборади...

Аниқланишича, ўзини сувга ташлаган аёл Ҳазорасп тумани Бўстон қишлоғида яшовчи 23 ёшли Н.Н бўлиб, маҳалла фаолларидан бирининг келини экан. Яқинда кўзи ёриган ёш келинчак оилавий жанжаллар туфайли қаттиқ тушкунликка тушган ва...

Бугунги кунда Н.Н Боғотда, ўзи туғилиб ўсган ота-онасининг уйида даволанмоқда. Воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг хабари бор ёки йўқлиги бизга маълум эмас.

— Қиш фасли қирчиллаб ўтадиган Хоразмда январ ойида сувга сакраб, чўкаётган одамни қутқариш учун кишининг виждони соф ва иймони кучли бўлиши керак. Ёқуббойга ҳам осон бўлгани йўқ. У бу халоскорлигидан сўнг иситмалаб бир неча кун ётиб қолди. Лекин у қилган савоб ишидан мамнун, — дейди халоскор йигитнинг қўшниси «Бўка» фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Дилбар Олимова.

Эрпўлат БАХТ,
Хоразм

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг