Яна бир МИБ ходими калтакланди
Фарғонада Мажбурий ижро бюроси ходими калтакланди. Воқелик шаҳарнинг Қўқон кўчасида содир бўлгани айтилмоқда.
Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими давлат инспектори Ш. Қодиров шу кўчада истиқомат қилувчи фуқаро А. Ф.нинг хонадонига келиб, фойдаланилган электр энергияси учун 75 минг сўмлик қарздорлик ҳосил бўлгани, қонунда кўрсатилган 5 кун муддат берилганлигига қарамай қарз бартараф этилмаганини аниқлайди. Шу боис нисбатан ваколати доирасида кейинги ҳаракатларни амалга оширишга мажбур эканини истеъмолчига тушунтиришга ҳаракат қилади. Бироқ фуқаро А. Ф. унга дағдаға қилиб, ҳақорат ва пўписа қила бошлайди. Давлат инспектори ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уяли алоқа воситаси орқали тасвирга олишга тушганда А.Ф.нинг укаси чиқиб, акасига «ёрдам»га шошилади. Улар уяли алоқа телефонини олиб қўйиш мақсадида инспекторни бўғиб, бир неча маротаба тепишади. Натижада давлат инспекторига тан жароҳати етади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати мазкур воқеликни тасдиқлади. Ва «Xabar.uz»га маълум қилдики, айни пайтда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро А.Ф.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб (ЖК, 219-модда 1-қисми), дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter