Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янбу портига зарба: Ҳўрмуздан кейинги асосий нефть йўли ҳам хавф остида

Янбу портига зарба: Ҳўрмуздан кейинги асосий нефть йўли ҳам хавф остида

Яқин Шарқдаги кескинлик янги босқичга ўтмоқда. 19 мартга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Қизил денгиз бўйида жойлашган Янбу саноат ҳудудида кучли портлашлар қайд этилди. Турли манбаларга кўра, бу ҳодиса Эрон томонидан амалга оширилган эҳтимолий ракета ҳужуми билан боғланмоқда.

Эрон оммавий ахборот воситалари нефт терминали ва нефть қайта ишлаш иншоотларига зарба берилганини маълум қилган. Маҳаллий аҳоли тунги соатларда портлашлар ва ёруғ чақнашларни кузатгани ҳақида хабар берган. Спутник маълумотлари ҳам мазкур ҳудудда иссиқлик аномалияларини қайд этгани айтилмоқда.

Айни пайтда Саудия расмийлари бу ҳужумни тўлиқ тасдиқламаган, аммо уни инкор ҳам этмаган. Фақат айрим ҳудудларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлагани ҳақида қисқа баёнот берилган.

Янбу стратегик жиҳатдан жуда муҳим нуқта ҳисобланади. У Саудиянинг нефть экспорт қилишдаги асосий захира йўлларидан бири бўлиб, айнан Ҳўрмуз бўғози блокадаси шароитида янада катта аҳамият касб этган эди. Шарқдан ғарбга чўзилган Petroline қувури орқали нефть ташиш ҳажми охирги ҳафталарда кескин ошган ва Янбу асосий экспорт хаби сифатида ишлаётганди.

Жумладан, Bloomberg Янбу порти орқали нефт экспорти феврал ойига нисбатан уч бараварга ошганини қайд этган.

Шу боис, эҳтимолий зарба нафақат Саудия инфратузилмасига, балки глобал нефть таъминотига ҳам таъсир қилувчи омилга айланди. Бу воқеа Ҳўрмуздан ташқари муқобил йўллар ҳам хавф остида эканини кўрсатди.

Воқеалар занжирига назар ташласак, бу ҳужум аввалги эскалациянинг давоми сифатида қаралмоқда. Аввал Исроил томонидан Эроннинг Жанубий Парс газ конига зарба берилган, кейинчалик Қатардаги Рас-Лаффан инфратузилмасига ҳужумлар ҳақида хабарлар тарқалган эди. Янбу воқеаси эса можаронинг энергетика инфратузилмасига қарши кенгайиб бораётганини англатади.

Бозорлар ҳам бу сигналга тезкор реакция қилди. 19 март эрталабига келиб, Brent нефти нархи 110 доллардан ошиб, бир кечада сезиларли ўсиш қайд этди. Танкерлар ҳаракатида узилишлар кузатилаётгани, айрим кемалар Янбу атрофида тўпланиб қолгани ҳақида маълумотлар бор.

Мутахассислар фикрича, бу ҳужум стратегик жиҳатдан муҳим сигналдир. Агар илгари асосий хавф Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ бўлса, энди муқобил нефть йўллари ҳам нишонга олинаётгани кўринмоқда. Бу эса глобал энергия бозорида ноаниқликни янада кучайтириши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Янбу атрофидаги воқеалар Яқин Шарқдаги уруш энди фақат ҳарбий эмас, балки энергетик инфратузилмаларни ҳам қамраб олган кенг кўламли можарога айланаётганини кўрсатятпи. Бу жараён давом этса, нафақат минтақа, балки бутун дунё иқтисодиёти учун жиддий оқибатлар юзага келиши мумкин.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг