Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон дунёвий давлат эканлиги қатъий белгилаб қўйилди

Дунёвий давлатда миллати, тили, эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ва улар учун бир хил шароит яратилади. Дин, диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ҳамда давлат ҳокимиятидан ажратилган бўлади. Давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, балки Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қилишда диний асослар бош мезон ҳисобланмайди.
Дунёвий давлатда барча дин вакиллари қонун олдида тенг бўлади. Бу тамойил давлатни диний қарашлардан ажратишни назарда тутади, яъни, дунёвий давлатда дин давлатдан ва сиёсатдан ажратилса-да, жамиятдан ажратилмайди.
Дунёвий давлатда давлат диний масалаларда расман бетараф бўлади ёки диний масалаларга аралашишдан ўзини тияди. Дунёвий давлат ўз фуқароларига динидан қатъи назар, тенг муносабатни таъминлайди ва инсонларга уларнинг диний эътиқоди, мансублигига кўра ҳеч қандай имтиёз бермайди.
Бошқача айтганда, дунёвий давлатда динни сиёсийлаштиришга йўл қўйилмайди, бироқ айни пайтда диний ташкилотлар ва конфессияларнинг ривожланишига кўмак кўрсатилади, уларнинг ички ишларига аралашилмайди, диндорларга диний эҳтиёжларини қондиришларига тўсқинлик қилинмайди.
Дунёвий давлатнинг муҳим хусусиятларидан бири турли дин вакилларининг бағрикенглик ва тинч-тотувликда яшашидир. Жамиятда турли туман дин ва маданиятлар вакиллари мавжуд бўлган ҳолда, давлат бошқаруви ва сиёсати албатта бир мафкурага ёки диний қарашга асослана олмайди. Бундай шароитда энг адолатли ва тўғри йўл дунёвий давлат бўлиб, ушбу принцип барча динлар ҳамда турли қарашларни тенг ҳурмат қилиш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлайди.
Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2337 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. Турли диний эътиқодга мансуб аҳолига эга давлатда эътиқод эркинлигининг кафолатланиши сиёсий ва ҳуқуқий аҳамият билан бирга ижтимоий аҳамиятга эга.
Шу боис, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги ҳуқуқига эгалиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлиб, шахснинг диний эътиқоди бўйича унга қўшимча ҳуқуқ ёки мажбуриятлар юкланмайди.
Дунёвий давлат тамойили дунёга ва дунёвий ислоҳотларга йўл очади.
Маърифатпарвар жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек, “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур”.
Дунёвийлик ижтимоий-иқтисодий тараққиёт эҳтиёжларига ҳамоҳанг бўлиб, модернизация жараёнларини ҳаракатлантирувчи кучдир. У жамият илмий салоҳиятининг узлуксиз ошиб бориши, технологик тараққиётнинг давомийлиги, иқтисодий ҳаётнинг рационаллашуви, маданиятнинг юксалиб бориши каби муҳим жараёнлар билан уйғун равишда такомиллашиб боради.
Дунёвийлик демократиянинг муҳим шарти бўлиб, эркинликни ва унинг муҳим қисми бўлган диний эркинликни, жамиятда бошқача фикрлайдиган, диний қарашлари ўзаро мос келмаган инсонларга нисбатан бағрикенгликни назарда тутади.
Бошқача қилиб айтганда, одамлар ўзларининг виждон ва дин масалаларида эркин бўлишини исташса, бошқача қарашлар ҳам борлигини ва уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари борлигини тан олишлари ва уларнинг танловига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари талаб қилинади.
Дунёвийлик атеизм, динсизлик ёки даҳрийлик дегани эмас. Дунёвийлик тушунчасини динийлик билан мутлақ қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Улар дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятига турлича қараш усулларидир. Дунёвийлик тушунчасида диний ташкилотларни сиёсий ташкилотлардан ажратиш ва динийликни барча учун асос қилиб олмаслик тамойили туради.
Дунёвий тараққиёт йўлини тутган давлатларда гарчи дин давлатдан ажратилган бўлса-да, жамиятдан ажратилмайди, диний ташкилотларнинг ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳамда мамлакат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилади.
Хусусан, ўтган қисқа даврда Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термизда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда Калом ва Ҳадис, Бухорода Тасаввуф, Қашқадарёда Ақида, Фарғонада Фиқҳ илмий мактаблари ташкил этилди.
Биринчи марта вертикал диний таълим тизими яратилиб, ислом фанлари бўйича фалсафа доктори ҳамда фан доктори илмий даражаларини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ва докторантура йўналишлари жорий этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Ҳаж ва Умра зиёратига белгиланган квоталар бир неча каррага оширилди. Бошқа диний конфессияларга оид диний ташкилотлар сони ҳам сезиларли ошди.
Ўзбекистон халқининг 2023 йил 30 апрелда референдумдаги тарихий қарори билан мамлакатимиз ўзининг тараққиёт йўлини –дунёвий демократик йўлни танлади. Янгиланган Конституцияда дунёвий давлат принципининг белгилаб қўйилганлиги – дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасидаги бағрикенгликка асосланган ўзаро тушуниб яшаш турмуш тарзи, диний бирлашмаларга мустақил ва эркин фаолият, дин ва эътиқод эркинлиги, тенглик, ижтимоий тинчлик ва барқарорлигимизни асраб-авайлаш учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter