Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИВ Тергов департаменти жиноят иши қўзғатди

ИИВ Тергов департаменти жиноят иши қўзғатди

Ички ишлар вазирлиги Сергелидаги ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берди.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган «Inter Logistics» МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. м. майдонда ёнғин келиб чиққан.

Ёнғиннинг зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган ҳамда фуқаролар жароҳатланган.

Айни вақтда бир нафар 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлган.

Жароҳатланган фуқароларга тез-тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган бўлиб, ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Воқеа тафсилотлари юзасидан ахборот бериб борилади, дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг