Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Эшак гўшти можароси: энди колбасалардан воз кечамизми?

Эшак гўшти можароси: энди колбасалардан воз кечамизми?

Коллаж: «Xabar.uz»

Пойтахтдаги «Шаршара» савдо белгисида келиб чиққан можаро кўпчилик истеъмолчиларни ҳайратга солгани ҳақиқат. Колбасаларга қорамол гўшти ўрнига эшак гўшти қўшилганлиги тўғрисидаги хабарни шунчаки қабул қилганлар, бу маҳсулотнинг сифатига шундоқ ҳам шубҳа билан қарайдиган ҳамюртларимиз ҳам талайгина. Албатта, мазкур иш бўйича якуний баҳони ҳуқуқ-тартибот органлари чиқарадилар, айбдорлар суд ҳукмига кўра аниқланади. Аммо энди оддий бир истеъмолчи сифатида бизнинг бу турдаги маҳсулотларга ишончимиз қачон тикланади? Бугун – янги йил байрами эшик қоқиб турган, колбаса ва бошқа турдаги гўшт маҳсулотларига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўладиган бир пайтда, бозордаги вазият қандай, эшак гўшти можароси харидор талабига қандай таъсир қилди? Шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Колбаса бўйича гап кетганида кўпчиликнинг энсаси қотади ва оддийгина, бироқ мантиқли савол билан масалани ёпиб қўйишга ҳаракат қилади – «Гўштнинг килоси 40 минг бўлганда, колбасанинг килоси қандай қилиб 30 минг бўлиши мумкин?». Бир қарашда ўринли савол, ахир гўштдан иборат бўлиши керак бўлган маҳсулот шунча қайта ишловдан кейин хом ашёдан арзон бўлиши ғалати-ку. Майли, бу саволга жавоб топармиз. Аммо биз — истеъмолчиларни ўйлантирадиган саволлар фақат бу эмас. Келинг, уларни бир рўйхатга соламиз-да, барча етакчи ишлаб чиқарувчиларга тақдим қиламиз.

Таъкидлашимиз шарт — мақсадимиз қайсидир корхона маҳсулотини реклама қилиш, тизимнинг тўкилган обрўсини тиклаш ёки колбаса маҳсулотини тарғиб қилиш эмас!

Саволлар:

1. Кўпчилик колбаса маҳсулотларига албатта чўчқа гўшти (ёки унинг айрим элементлари) қўшилиши шарт, йўқса колбасада кутилган таъмга эришилмайди, деб ҳисоблайди. Аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлган юртимизда бу масала жуда муҳим. Бу фикрлар қанчалик асосли?

2. Оддий дудланган колбаса мисолида унинг таркибини муштарийларга тушунарли тарзда келтириб ўта оласизми? Энг муҳими (мисол учун айнан сиз ишлаб чиқарган) дейлик, дудланган колбаса таркибида гўшт неча фоизни ташкил қилади? Бошқа маҳсулотларчи?

3. Албатта, бу тахминни рад этишингиз табиий. Лекин рақобатчингиз (бу ўринда «Шаршара» товар белгиси назарда тутилмоқда) қабул қилган хом ашёда мол гўшти дея бошқа жониворлар гўштлари мавжудлиги аниқлангани хабар қилинди. Сизнинг фаолиятингизда бундай ҳолат рўй бериши мумкинми? «Йўқ» деган жавобингиз қандай чоралар билан кафолатланган?

4. Юртимизда колбаса маҳсулотларини фақат таркибий қисмларига кўра аниқловчи лабораториялар мавжудлиги, аммо суягидан ажратилган гўштнинг қандай жониворга тегишли эканлигини аниқлайдиган ташкилотлар йўқлиги тўғрисидаги маълумотлар тўғрими? Агар тўғри бўлса, айнан сизнинг маҳсулотингизда фақат қорамол гўшти ишлатилаётганлигини қандай аниқлаш (ёки текшириш) мумкин?

5. Эшак гўшти билан боғлиқ можаро сизнинг савдо кўрсаткичларингизга қандай таъсир қилди («таъсир қилмади», деган жавобга кимдир ишониши қийин)? Яқинлашаётган янги йил байрами арафасида савдо ҳажми ўтган йилги даражага чиқишига ишонасизми?

6. Кўпчиликда (хусусан, ижтимоий тармоқларда) бу можаронинг асл илдизи рақобатчилар урушига боғлиқлиги айтилмоқда. Бу фикрда жон борми? Борди-ю бу тўғри бўлса, можаро фақат бир ишлаб чиқарувчига эмас, бутун тизимга таъсир қилмайдими?

Энди шов-шув кўтарган, ҳамкасбларимиз «Kun.uz» сайти ижодкорлари тарқатган шу хабар билан бевосита қайта танишиб чиқамиз:

Тошкентдаги гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона эшак гўшти ишлатмоқчи бўлгани фош қилинди

Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган «Шаршара» бренди остида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «Gold Premium Product» МЧЖга тегишли корхона кўздан кечирилганда, 69,6 кг. эшак гўшти бошқа гўшт турларига қўшиб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда ишончли маълумотга асосланган ҳолда «Kun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Р. ҳамда Ғ.А. режасини амалга ошириш учун хоразмлик С.Ж. орқали 69,6 кг. миқдоридаги эшак гўштини «Шаршара» гўшт ишлаб чиқариш корхонасига ўтказмоқчи бўлган. Бу ишни бажариш учун гўшт А.А.га етказиб берилган. Мазкур гўштни қабул қилиб олган цех ишчилари уни ўша заҳотиёқ бошқа турдаги гўштларга қўшиб юборишади.

Тадбир давомида цех кўздан кечирилганда, кўриниши ва ҳидидан сифатсиз маҳсулотга айланган 275 кг. гўшт маҳсулоти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Санитария эпидемиология назорат маркази ахборот хизматининг Kun.uz'га хабар қилишича, корхонадан олиб қўйилган 275 кг. гўшт ҳақиқатан истеъмолга яроқсиз экани экспертиза хулосаси орқали тасдиқланди.

Мазкур иш юзасидан цех ишчилари Р.Ғ., Н.З., фуқаро А.А ва С.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 186-моддаси 1-қисми, яъни «истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш»да айбланиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Орадан ўн кундан ортиқ вақт ўтиб, бош прокуратура сайтида айни мазмундаги русча хабар пайдо бўлди. Албатта, хабар ҳаққонийлиги учун шу хабар тарқатувчиси масъул. Аммо бир қарашда шубҳали кўринган жиҳатлар ҳам борки, кишини ўйлантириши аниқ.

Аввало эшак кўпчилик ўйлаганидек жуда арзон ёки қишлоқларда ҳар қадамда қаровсиз юрадиган жонивор эмас. Қишлоқда яшовчилар яхши билишади – эшак меҳнати билан турмушда кўп ҳолларда қорамол ёки қўйдан яхшироқ фойда келтиради (ҳатто бу борада «Эшакнинг гўшти ҳаром бўлса-да, меҳнати ҳалол» деган нақл юради). Демак, унинг гўшти ҳам кўпчилик ўйлаганидек осон топиладиган маҳсулот эмас.

Иккинчидан, хабарда билдирилганидек, бир кишининг 69 кг эшак гўштини олиб минг километрдан ортиқ масофа наридан йўлга чиқиши мантиққа тўғри келмайди. Маълум бўлишича, ишлаб чиқарувчининг вакили эшак гўштини 13 минг сўмдан қабул қилган. Демак таъминотчи бу ишдан тахминан 900 минг сўм даромад қилиши мумкин. Хоразмдан бир кишининг 70 кг юк билан келиб кетиши, яна шаҳар ичида юриши, қолаверса, уч кун вақт ичида еб-ичишини тахминан ҳисобласак, энг камида 400-500 минг сўм сарфлаш шартлигига гувоҳ бўламиз. Ҳали эшакни топиш, қанчадир пулга сотиб олиш, киши билмас сўйиш харажатлари турибди. Хабарда яна бу ишга бош қўшганлар бир неча киши эканлиги айтилади. Демак, бу ишдан фойда билан чиқишнинг деярли имкони йўқ. Ўта арзимас фойда учун шу даражада таваккалга қўл урган одам борлиги ҳам шубҳали. Балки бу турдаги гўшт анча кўп миқдорда бўлгану, аниқлангани шунчадир.

Хабарда ишлаб чиқарувчи номидан ўзга бирор аниқ маълумот келтирилмагани иккинчи тахминни илгари суришга асос бўлади. Бозор иқтисодиётида рақобатнинг йўллари кўп. Соғлом рақобат ривожланишга хизмат қилса-да, вақти-вақти билан бу борада қинғирликлар ҳам кузатилиб туради. Рақобатчининг обрўсига путур етказувчи ахборотлар тарқатиш, ишлаб чиқариш жараёнига мос бўлмаган хом ашё киритиш билан сифатга таъсир қилишга уриниш ҳам синалган усуллардан ҳисобланади. Албатта, айнан шундай бўлганини таъкидламоқчи эмасмиз, далилларимиз ҳам йўқ. Лекин бутун тизимга таъсир қиладиган можаро кўтарилган экан, ҳар қандай тахминда асос бўлиши мумкин.

Қуйида мамлакатимиздаги етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг юқоридаги саволларга жавобларини чоп этамиз. Бу саволлар бутун мақола билан бирга барчага бир хил тарзда тақдим қилинди.

Тез орада ишлаб чиқарувчилардан жавоблар ола бошладик. Улардан айримлари ўз ишлаб чиқариш жараёнига бевосита таклиф қилган бўлсалар, айримлари оғзаки ёки ёзма жавоб бериш билан чекландилар, бошқа бирлари эса мутлақо жавоб беришни истамадилар.

Жавобларни олиш тартибида жойлаштириб чиқдик (яъни ким биринчи бўлиб жавоб берган бўлса, шу ишлаб чиқарувчининг жавоби олдинда жойлашди):

«Sherin» корхонаси менежери Ойбек Собиров билан корхонанинг ишлаб чиқариш бўлимини кўздан кечирдик. Бевосита ишлаб чиқариш цехига қадар иккита назорат бўлимидан ўтиш лозим. Гигиеник талабларга риоя қилинади, ҳар бир ходим, ҳар бир ташриф буюрувчи махсус кийим-бош билангина цехга кира олади. Шунингдек, пойабзал ҳам махсус мослама ёрдамида тозаланади.

Бу жараёнда тозалик жуда муҳим.
Фото: «Xabar.uz»

1. Колбаса маҳсулотлари ҳақида мақола ёзаркансиз, аввало бу маҳсулот тарихига ҳам назар ташласангиз ёмон бўлмасди, — дейди мезбон. — Қадимда одамлар гўштни сақлашнинг кўплаб усулларини синаб кўришган. Айнан дудланган колбаса шаклига киритиш сақлаш ва узоқ масофаларга олиб юришда қулай бўлган. Кўпчилик доктор колбасаларини суйиб истеъмол қилади. Бу маҳсулотнинг ҳам ўзига хос тарихи бор – собиқ иттифоқ даврида, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Анастас Микоян томонидан ишлаб чиқилган бу колбаса нисбатан камхаражатлиги, ҳазми енгиллиги билан очарчилик йилларида халқни таъминлаш учун оммавий тарзда ишлаб чиқарила бошланган.

Энди бевосита саволларингизга жавоб берадиган бўлсам, чўчқа гўшти колбасага албатта қўшилиши шарт бўлган маҳсулот эмас. Гарчи чўчқа гўшти қиймати арзон бўлса-да, биз ҳам, юртимиздаги аксарият йирик ишлаб чиқарувчилар ҳам чўчқа гўштини умуман ишлатмаймиз. Эшак гўшти ҳақида ҳатто гапиришни ҳам истамайман! Чунки колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш бўйича давлатимиз ривожланиш босқичида деб аташ мумкин. Шунга қарамай, биз — етакчи ишлаб чиқарувчилар аҳолимизнинг талабидан келиб чиқамиз ва анъаналаримизни ҳурмат қиламиз. Кўпчилик дудланган колбасалардаги оқ ёғларни чўчқа саласи (мойи) билан адаштиради. Йўқ, бундай эмас. Масалан, бизнинг маҳсулотимизда бу от ёғидир.

2. Колбаса баҳоси гўшт баҳосидан арзонлиги ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Кўпчилик бир дона колбасанинг нархини сўрайди ва дарҳол хулосага келади. Аслида ҳамма колбасанинг ҳам бир донаси бир килограмм эмас. Шу ўринда кейинги саволга ҳам ўтишимиз мумкин. Колбаса агар фақат гўштдан иборат бўлганида эди, қийма шаклидаги, ҳазми қийин бир маҳсулотга айланарди. Одатдаги колбасаларда мол гўштидан ташқари товуқ гўшти (қиймати нисбатан арзон), қайишқоқликни, намлик ва енгил ҳазмни таъминловчи элементлар, турли зираворлар қўшилади.

«Колбасада қанча гўшт бўлади?» деган аниқ саволингизга келсак, бизда колбаса маҳсулотининг ўзи турли хил ва уларнинг ҳар бирида таркиби аниқ ёзиб қўйилган. Биз бу таркибга ва Ўзбекистон давлат стандартларига қатъий амал қиламиз.

3. Биз гўштни кушхоналардан харид қиламиз. Кушхоналар сифатсиз ёки биз сўрамаган жонивор гўштини аралаштириш имкони мутлақ бўлмаслиги учун ҳар бир кушхонага вакилларимизни юборганмиз ва улар ҳар бир жониворнинг сўйилишидан тортиб тозаланишигача назорат қилишади. Ҳаммаси рисоладагидек бўлганига ишонч ҳосил қилинганидан кейингина махсус муҳр қўйишади. Ўзимиз жорий қилган шу талабга мос бўлмаган гўштни қабул қилмаймиз. Мана гўштларимиз омборини томоша қилиб турибсиз, уларнинг ҳар бирида муҳр мавжуд ва визуал назоратда ҳам бошқа жонивор гўшти ажралиб қолган бўларди. Дарвоқе, ўз хонадонимизга ҳам гўштни шу кушхоналардан харид қиламиз.

Гўштлар кушхоналардан сотиб олинади.
Фото: «Xabar.uz»

4. Бизда суягидан ажратилган гўштнинг қандай жониворга тегишли эканлигини аниқловчи лаборатория борлиги ҳақида бехабарман. Шундай шубҳалардан холи бўлиш учун хом ашё қабул қилишдан тортиб маҳсулот тайёрлашнинг ҳар бир босқичида ишончли ходимларни тайинлаб чиққанмиз.

5. Савдо кўрсаткичларига келсак, айнан биз бу хабарлардан кейин пасайишни ҳис қилмадик. Албатта, харидорлар талабига бу маълумот таъсир қилиши табиий. Биз шундан сал олдинроқ маҳсулотларимизнинг кенг қамровли тарғиботини бошлагандик. Чунки бизнинг маҳсулотимиз етиб бормаган ёки кўпчилик танимайдиган ҳудудлар ҳам бор. Балки ана шу акцияларимиз ортидан ўсиш пасайишни қоплаб кетгандир. Янги йил байрами олдидан савдо ҳажмининг ўсишини ҳамиша кузатганмиз, ҳозир ҳаммаси режадагидек кетмоқда.

6. «Бу можаро рақобатчилар урушининг бир кўриниши», деган фикрга ҳам қўшила олмаймиз.

«Рўзметов» компанияси директори Фурқат ака Шертаев билан ишлаб чиқариш бўлимини томоша қилдик. Киришда гигиеник талабга кўра сўровнома тўлдириларкан. Бу сўровномада юқумли касалликларга чалинмаганлик, бундай беморлар билан яқин алоқада бўлмаганлик сўралади. Цехга ҳам фақат махсус либосда кирилади. Ишлаб чиқариш жараёнини кузатиб, саволларимизга ҳам жавоб олдик:

1. Корхонамиз 1989 йили ташкил қилинган. Турли босқичларни босиб ўтдик ва анчагина катта тажриба тўпладик. Чўчқа гўшти бўйича мендан жуда кўп сўрашади. Бу жуда эски тушунча, бу хом ашёсиз ҳам яхши натижаларга эришиш йўллари топилган. Биз чўчқа гўшти ишлатмаймиз, керакли юмшоқликка эришиш учун товуқ гўшти ва териси, қўй гўштидан фойдаланамиз.

2. Мамлакатимизда юздан ортиқ ишлаб чиқарувчилар бор. Шулар орасида биринчи бўлиб ISO:22000:2005 халқаро сертификатини олганмиз. Шунингдек Туркиядан «Ҳалол» халқаро сертификатини олдик, бунинг учун мутахассислар анча вақт фаолиятимизни текширишди. Чунки маҳсулотларимиз араб мамлакатларига экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Таъкидлашим жоиз, Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари, хусусан, колбаса ишлаб чиқариш анча яхши ривожланган. Ватанимиз мутахассисларини четда ҳам қадрлашади. Биз ҳам, бошқа ҳамкасбларимиз ҳам Узбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, санитария-эпидемиология назорати ва «ЎзДавстандарт» ишлаб чиққан меъёрий ҳужжатларга қатъий амал қиламиз.

3. Аввало, бу борада ҳатто шубҳа ҳам бўлиши бизга оғир таъсир қилади. Сабаби, биз ўз кушхонамизга эгамиз ва ҳар бир босқични ходимларимиз шахсан кузатиб борадилар. Шунингдек, исталган вақтда эшикларимиз очиқ, маҳсулотларимиз ишлаб чиқарилиш жараёнини кузатиш мумкин.

4. Бу саволга корхонамизда махсус ташкил қилинган лаборатория раҳбари, фан номзоди Хушрўя Мўминова жавоб берса: — Бундай лаборатория мавжуд эмас, ДНК таҳлилига кўра аниқлайдиган лаборатория бор, лекин у ҳам инсон билан боғлиқ текширувларда ишлатилади ва анча қимматбаҳо жараён ҳисобланади.

5. Бу хабар чиқиши ортидан буюртмаларимиз ва бунинг ортидан ишлаб чиқаришимиз ҳам 5-10 фоизга тушди, аммо тез орада қайта тикланди. Ҳозирда олдинги йилнинг шу даври кўрсаткичларини ортда қолдирдик, байрам арафасида янада ошишини кутмоқдамиз.

6. Бизда рақобатчилар уруши бундай услубларда мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бунинг бир нечта сабаби бор — аввало барча йирик ишлаб чиқарувчилар гарчи рақобатчилар ҳисоблансак-да, вақти-вақти билан ўзаро алоқада бўлиб турамиз, турли йиғилишларда соҳа муаммоларини муҳокама қиламиз. Иккинчидан, тўғри таъкидланибдики, бундай можаролардан фақат бир ишлаб чиқарувчи эмас, бутун соҳа зарар кўради, харидорнинг маҳсулотдан кўнгли қолади.

Яна бир йирик ишлаб чиқарувчи «Тўхтаниёз ота» компанияси иш юритувчи раҳбари Ботир Тўхтаниёзовга саволларимизни йўлладик ва телефон орқали жавоблар олдик.

1. Чўчқа гўшти билан боғлиқ гап-сўзлар умуман асоссиз. Масалан биз 20 йилдан буён ишлаяпмиз, лекин чўчқа гўшти ёки унинг элементларини мутлақо ишлатмаганмиз. Ўрнига товуқ, қўй, курка гўшти ишлатилади, ҳозирча маҳсулотларимиздан кўнглимиз тўлмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

2. Маҳсулотларимизда гўшт миқдори 75-82 фоизгача, айримларида 86 фоизгагача ҳам боради. Лекин бу фақат мол гўштидан иборат эмас, юқорида айтганимдек, бошқа жониворлар гўштлари ҳам бор.

3. Бу биз учун энг муҳим масала. Шундай шубҳалардан холи бўлиш учун ўз кушхонамиз, ўз фермер хўжалигимиз ва фермамиз бор (бежизга мулкчилик шаклимиз фермер хўжалиги эмас). 70 фоизгача хом ашё ўзимизники. 20 йилдан буён шу тартибда ишлаймиз. Четдан олинган қорамол ҳам фақат шу кушхонада сўйилади.

4. Бу саволингизга жавоб беролмайман, чунки бундай лабораторияга муҳтож эмасмиз. Агар хом ашё ва ишлаб чиқариш масаласига қайтадиган бўлсак, яқинда Россия экспертлари томонидан бизга ҳалол сертификати берилган. Бунинг учун фаолиятимиз 15 кун кузатилди ва яна назорат давом этаверади;

5. Бу воқеа ишлаб чиқаришимиз ҳажмига таъсир қилмади. Сабаби бизнинг харидорларимизнинг кўпчилиги ишлаб чиқаришимиз жараёнини бевосита кузатишган, вақти-вақти билан алоҳида экскурсиялар уюштириб турамиз. Янги йил байрами арафасида яхши кўрсаткичларга эришишимизга ишонаман;

6. Менимча, бу рақобатчиларнинг иши эмас. Сабаби, барча йирик ишлаб чиқарувчилар бир-бирини шахсан танийди. Шахсий фикрим, бу можарода ишлаб чиқарувчини айблолмайман. Чунки ўзини ҳурмат қилган тадбиркор бунақа йўл тутмайди. Аммо гўшт топширувчилар ёки қабул қилувчилар орасидан кимдир атайлаб бундай йўл тутган бўлиши мумкин.

Таъкидлашимиз жоизки, ҳамма жойда ҳам «очиқ эшиклар»га дуч келмадик. Бошқа бир қатор ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилганимизда саволларимизга жавоб ололмадик. Хусусан, «Tegen» компаниясига бир неча марта йўлланган хатимиз жавобсиз қолди, телефон орқали ўзини Владимир деб таништирган масъул ходим хатимизни ўрганиб чиқишни ваъда қилди, аммо жавоб йўлламади.

«Мастер деликатесов» номида маҳсулот ишлаб чиқарувчилар янада қизиқ йўл тутишди. Аввалига хатимиз етиб бормаганини таъкидлашди, жўнатганимизни исботлаганимиздан кейин эса бу масалалар бўйича «Ўзозиқовқатсаноатхолдинг» компаниясига мурожаат қилишни тавсия қилдилар. Қизиқ, холдинг бу ишлаб чиқарувчилар учун хом ашё қабул қилиб берармикан ёки холдинг бу можарони уюштириб, ўз номини қора қилиши мумкинмикан?.. Бевосита ўзларидан жавоб олиш истагида эканлигимизни билдирганимиздан сўнг ўзини Улуғбек Муталов дея таништирган масъул ходим «Без комментариев» дея саволларимизни жавобсиз қолдирди.

(Агар мақола юзасидан фикр-мулоҳазалар ёки бошқа ишлаб чиқарувчилардан акс-садолар бўлса, бажонидил қабул қилишга тайёрмиз. Мавзуни ўрганишда давом этамиз.)

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети