Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Вазир ишдан кетди, хўш, энди чироқ ўчмайдими?

Вазир ишдан кетди, хўш, энди чироқ ўчмайдими?

Кеча Энергетика вазири Алишер Султонов кутилмаганда лавозимидан кетди. Соғлиги ёмонлашгани учун бошқа ишга ўтиб кетгани айтилди. Расмий талқини шундай, аслида нима бўлгани номаълум ва қизиқ эмас энди.

Кўпчилик вазир кетганидан хурсанд бўлди, бир ишни қойиллатолмагани, қишлоқларга ток ва газ етказиб беролмагани учун унинг истеъфосидан, қуруқ ваъдаларидан қутулганига одамлар мамнун, аслида Султонов ҳаммасидан қутулди. Хўш, айтингчи, вазирнинг ишдан олиниши муаммоларимизни ечиб берадими?

Тўғри, Султонов кўп ваъда берган, умуман чироқ ўчмайди, деган, Сенат раиси Танзила Норбоеванинг «5 йил олдинги эртаги» билан деярли бир хил. Бир матбуот анжуманида журналистнинг «Соҳада тайинли иш қилолмадингиз, энди жамоангиз билан ихтиёрий равишда истеъфога чиқасизми?» қабилидаги саволига вазир шундай жавоб берганди: «Биз кетсак, бу ишларни ким қилади?». Қолаверса, депутат ҳам унинг истеъфосини сўраганди.

Шу ерда вазир ўзи билмаган ҳолда тўғри гапни айтиб юборган. Яна қайсидир валломат келиб, янги ваъдалар беради, яна 2-3 йил шу билан овунамиз. Аслида эса муаммо илдизи бошқа жойда: дейлик, тизимда, одамлар ва раҳбарларнинг дунёқарашида. Халқ муаммо бартараф этилишидан эмас, қайсидир амалдор ишдан олинганидан хурсанд, муаммо эса турибди.

Соғлом ақл билан ўйлаб кўрайлик, бу одам кетиб, бошқаси тайинланса, чироқ ва газ бўйича муаммоларимиз буткул ҳал бўлиб кетадими? Айтайлик, бугун кимнидир шу лавозимга қўйишди. У ҳам йил охирига бориб, ҳисобот беради: палонча дона симёғоч ўрнатдик, пистонча метр қувур ётқиздик ва ҳоказо. Яна қайсидир журналист «эплолмасангиз, кетинг», деган маънода савол беради. Жавоби маълум.

Бироз вақт ўтиб, у ҳам ишдан кетар, аммо муаммо барибир қолаверади. Вазир қўлидан келадиган ишни қила олади, ортиғига имкони ҳам йўқ. Яъни соҳада инқилобий ўзгаришни (дейлик, бутун қишлоғу овулларни узлуксиз газ ва ток билан таъминлаш) амалга ошириш шунчаки унга боғлиқ эмас. Бундай ўзгаришни унинг ўрнига келган амалдор ҳам эплай олмайди.

Мен Алишер Султоновни шахсан танимайман, қўлида ҳам ишламаганман, бу мақолам учун буюртма олмаганман, энди у одам ортиқ мансабдор ҳам эмас. Айтмоқчиманки, аксинча йўл тутишимиз керак эди, унинг истеъфосини сўраш ўрнига, сал бўлса-да, ижобий ўзгариш қилмагунча мансабдан кетмаслигини талаб этишимиз мумкин эди.

Масалан, Сардоба фожиаси асосий айбдорлари ҳамон ишлаб юрибди, ҳатто бошқа йирик сув иншоотини яна унга ишониб топширишди. Нега унинг истеъфосини сўрамадик? Ахир улар халқ бошига кулфат тушишига сабабчи бўлишди-ку. Уларнинг айби билан неча минглаб одамлар уйсиз, кийимсиз, овқатсиз қолишди, бор-будидан айрилишди. Бунинг учун ишдан олиниб, одил судлов орқали жазоланиши керакмасмиди? Шу вазиятда Сангиновнинг истеъфосини талаб қилиш адолатдан бўларди, чунки у муаммони ҳал қилмади, аксинча қўшимча катта муаммо келтириб чиқарди.

Хуллас, айрим вазирларга осон эмас, чунки улар қўлидан келганича ҳаракат қиляпти. Ортиғига имкони ҳам, журъати ҳам етмайди. Ундан кўра тинчгина кетиб қутулади, аммо муаммо барибир ўзгармай қолаверади.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети