Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абдуғани Сангинов йирик сув иншоотини қурмоқда (фото)

Абдуғани Сангинов йирик сув иншоотини қурмоқда (фото)

Фото: Xabar.uz

Ушбу сув иншооти тўғонининг баландлиги 200 метрга етиб, Ўзбекистон ҳудудида энг баланд тўғон бўлади.

«Ўзбекгидроэнерго» раиси Абдуғани Сангинов  раҳбарлигида 799,6 млн. долларга тенг инвестиция  ҳисобига Пскoм ГЭС қурилмоқда. Бугун, 25 ноябрь куни ГЭСнинг биринчи тўғонини тўсиш ишларига старт берилди. 

Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади ҳамда йилига ўртача 946,1 млн. кВт. соат электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар яратилади.

Фото: Xabar.uz

«Пскoм ГЭСнинг электр энергия имконияти 400 МВтни ташкил этади. Катталиги бўйича Пскoм ГЭС Чорвоқ ГЭСдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Пскoм ГЭС йилига 950 млн. кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва электр энергия етказиб берувчи энг керакли манба ҳисобланади. Пскoм ГЭСнинг қурилиш майдони геологик шароитлари мураккаблиги, йирик иншоотларни қурилиши режалаштирилганлигини инобатга олиб, 2018 йил 24-26 сентябрь кунлари Россия ва Украина давлатларининг гидроэнергетика соҳасидаги етакчи геолог-мутахассисларини жалб қилган ҳолда «Пскoм ГЭСни лойиҳалаш ва қуриш хусусиятлари» бўйича халқаро техник конференция ўтказилди. Қолаверса, бу тўғонимизнинг баландлиги 200 метр бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида энг баланд тўғон бўлади. Иншоотда 500 млн.м3 сув тўпланади. Чорвоқ сув омбори учун заҳира сув сифатида хизмат қилади», — дейди Абдуғани Сангинов.

Лойиҳанинг геологик асосномаси ва геологик қидирув материаллари Россиянинг «Ленгидропроект» АЖ ташкилоти томонидан қайта кўриб чиқилган. Шу билан бирга, «Б.Е. Веденеева номидаги ВНИИГ» АЖ Грунтларни статик тадқиқот лабораторияси томонидан лойиҳа доирасида олинган грунт намуналари уч ўқли сиқиш синовидан ўтказилган. Мазкур синов ишлари натижаларига кўра, «Ленгидропроект» АЖ ташкилоти Пскoм ГЭСнинг асосий иншоотлари жойлашган ҳудудларнинг геологик шароити бўйича 2018 йил декабрь ойида хулоса тақдим этган.

Москванинг «Институт Гидропроект» АЖ мутахассислари қўшимча геологик-тадқиқотларни услубий бошқариш ва янги олинган материалларни қайта ишлаш учун жалб қилинди. Шунингдек, Россия Федерациясининг «Ингеопроект» МЧЖ ташкилоти томонидан Пскoм дарёси тубида бурғулаш ишлари олиб борилганлиги таъкидланган.

«Лойиҳани бошлашдан олдин Россиядан ўнта пайвандчини олиб келиб бу ерда ишловчи ҳар бир пайвандчини бир ярим йил давомида ўқитдик. Бу иншоотни қуриб битказиш улкан масъулият юклайди. Қолаверса, бу бир-бири билан боғлиқ жараён бўлиб, қайсидир материалдаги сифат кўрсатгичи пасайиб кетса бу, албатта, келажакда яхши натижа бермайди. Шунинг учун биз барча этиборимизни ишнинг сифатига қаратганмиз. Лойиҳа ишга тушиши билан 5000 киши учун иш ўрни яратилади. Бу ерда шаҳарча барпо қиламиз. Мактаб, шифохона, болалар боғчаси ва аҳоли учун зарур бўлган ҳар қандай хизмат турлари олиб келинади. Катта миқдорда пул сарфлаяпмиз, келажакда халқимиз учун 100 йиллар давомида манфаатли бир лойиҳа бўлишини истаймиз», — дея таъкидлади Сангинов.

Пскoм сув омбори тўла ҳажмда 511,2 млн. м3 сувни ташкил қилиб, ундан олинадиган самарали сув куби эса 468,9 млн. м3га етади. Пскoм дарёсида ушбу ГЭС қурилиши мамлакатимизда ёқилғи энергетик ресурсларини самарали сақлаб қолинишини таъминлайди. ГЭС қуввати йилига 300 минг тонна шартли ёнилғи ўрнини босади. Бу билан 250 млн. м3 табиий газни тежаб қолиш мумкин.

Пскoм дарёсида Пскoм ГЭСни қуриш  инвестиция лойиҳаси доирасида, умумий қиймати 799,6 млн. долларга тенг инвестицияни ўзлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада белгиланган ишларнинг ҳажми ва технологик мураккаблигидан келиб чиқиб, лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган.

Биринчи босқич, 2018-2021 йиллар мобайнида 412 млн. долларга тенг бўлган объектларни қуриш ишлари, жумладан, гидротехника иншоотлари, ер ости сув ўтказувчи туннеллар, ГЭС биноси ва 260 км узунликка тенг электр энергиясини узатиш тармоқлари ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ишлари бажарилади.

2022-2026 йиллар давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида лойиҳани амалга ошириш даврида қиймати 1,06 млн. долларга тенг 2 дона кичик босимда ишлайдиган вақтинчалик ишчи ғилдиракларни ўрнатиш ҳисобига жами 401,5 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш мўлжалланган.

Иккинчи босқич, яъни 2022–2026 йиллар мобайнида 387,6 млн. долларга тенг бўлган тўғон қуриш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур тўғонни барпо этиш юзасидан Пскoм ГЭСнинг 1-тўсиқ дарвозасини ёпиш ишлари олиб борилмоқда. Эндиликда Пскoм дарёси суви Пскoм ГЭСнинг 1-тўсиқ дарвозаси орқали оқиб ўтади. Ҳозирда дарёда сув секундига 280 метр куб оқади.

Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади ҳамда йилига ўртача 946,1 млн. кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар яратилади.

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятида «Зарчоб-2» кичик гидроэлектростанцияси ишга туширилгани ҳақида хабар қилган эдик. Ушбу иншоот лойиҳавий қувватига кўра 38,2 МВт электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг