Болаликдан иллат ботқоғида «суғорилдик» ёки ичимиздаги «порахўр»

«Коррупционер», «коррупционизм» – луғатдаги янги сўз эмас! Таржимасиз ҳам бу сўзнинг маъносини тушунмайдиган одам йўқ. Кўпчилигимиз совет жамиятининг коррупцион «тузум»ида яшаб, ўз даврининг моддий манфаатдорларига айланиб улгурганмиз. Аслида эса буни тан олгимиз келмайди.
Болалигимиздан шу оғу гирдобида улғайдик.
***
Маоши кесилишидан қўрққан отам
1979 йил. 6 ёшдаман. Отам «колхоз»да табелчи. Аслида, далашийпонда ўтириб, ҳисоб-китобини қилиши керак бўлган отам уззукун колхозчиларга қўшилиб, дала ишчиларигаям кўмаклашади: эгатларга эгилиб, пахтани ўташ, ягоналаш, чеканкалашга қарашади. Пахта ҳам теради. Колхоз даласида ишлагани етмагандек уйимиз томорқасидаям тер тўкади. Томорқада етиштирганлари ҳосил берса, ёғоч дарвозамиз тагида раис боваю, мешқорин бригадир амакиларнинг машинаси тизилади. Отам уларга зомча (ҳандалак, -шев.), қовун-тарвуз, узуму ноклар беради.
– Ота, бизгаям қолсин, – дейман.
– Кўп гапирма, ҳаммага етади, оёқ остига ўралашма! – дейди отам ҳам аччиқ, ҳам кулги аралаш.
– Ҳамма яхшиларини бераяпсиз, фақат ўзимизга чириганлари қолади, – дейман яна тумшайиб.
– Бу тирранчанг бало чиқди-ку! – дейди бригадир амаки.
Улар томорқамиздаги энг сархил ҳосилларни машинасига солиб, ке-е-етишади.
Кўп ўтмай, отам келади. Раҳматли бувим отамнинг олдига чиқади.
– Ҳа-а, болам, бердингми-и? – дейди хафаҳол.
– Ҳм. Булар олишмаса, эртага маошимни кесишади. Кейин қийналиб қоламиз-да, она, – дейди отам ўйчан.
6 ёшимда «коррупция», «порахўрлик», деган сўзни эшитмаганману аммо бир нима ундирмаса, отамнинг ойлигини кесадиган раис боваю бригадир амакидан нафратланиб кетгандим.
– Балони есин улар! – дедим жимжилоқдай қиз тумшайиб, – ҳали катта бўлсам, ҳамма ҳақимизни қайтариб оламан, – дедим қўшимчасига.
Отам мийиғида кулиб, паталак сочимни «апош»лаб, «қаердан ўрганади-я, бу қиз бундай гапларни?» дея яна ишига қайтади.
***
Хурмо ва ирис қанд эвазига «пишган» режа
...1-синфга боришимга икки ойча вақт қолган. Раис бова ва бригадир амакидан қасдимни олишим керак. Робия, Шерали, Орзигул исмли ўзимни катта-кичик қишлоқдош тенгдошларим билан бир жойга тўпландик. Режа туздик: «бригадир бованинг дала еридаги ҳамма қовун-тарвузларни узиб, колхозчиларнинг эгатига ташлаб чиқамиз. Улар маза қилиб ейишсин!»
– Э-э, ман бормайман, қўрқаман, мешқорин ушлаб олса, ўлдиради, – дейди Шерали.
Жаҳлим чиқди:
– Ўлдиролмайди. Ўлдирса, қамалади. Ўлмайсан, юр! – дейман қўрслик билан.
Орага бироз сукут чўмди.
– Ҳай, сенларга бир нима бераман, кейин ман билан борасизлар. Отам кеча хурмо ва ирис қанд келтирганди. Учовларингизгаям бир ҳовучдан бераман. Аммо, онамга айтманглар, йўқса, ея олмайсанлар, бувим яхши, бувимдан сўрайман, «йўқ» демайди, – дейман лабимни буриб.
Хурмо ва ирис қандни эшитган болалар «режам»га рози бўлишди: бригадир амакининг еридаги қовун-тарвузларни ўғирлаб, колхозчиларнинг эгатларига ташлаб чиқдик.
Хурмо ва ирис қанд эвазига режа амалга ошди...
Ҳа, қандайдир мақсадни амалга ошириш учун кимга нимадир бериш керак экан, деган ўйда ўсдик.
***
«Беш»га айланган «уч» баҳо
1980 йил. 1-синфга бордим. Мактабнинг баландлигини кўриб, ҳайратда қолдим. Бирам ўқигим келиб кетди.
«Сенинг бўйинг узун экан», – деб мени синфнинг энг орқадаги партасига қўйишди. Жаҳлим чиқиб, ичимда синфдошчаларни «паканалар» деб сўкдим. Усти қирилган, ҳар хил гул ва алламбалолар ёзилган парталардан бирига ўтирдим.
Биринчи ўқитувчимиз «Ким шеър билади?» деб сўради. Ҳеч ким билмас экан.
– Мен биламан! – дедим.
– Айт-чи!
– «Ҳайло самолёт, учиб кетопти,
Ичига Зулайҳо йиғлаб кетопти.
Йиғлама, Зулайҳо, Тошкент борасан,
Тошкент шаҳрида домло бўласан... »
Давом эттирмоқчи эдим, ўқитувчи «пақиллаб» кулиб, мени тўхтатди:
– Шевада айтиш бўлмасин! – деди.
Мен бу ўқитувчининг «шеваси» нима экан, деб анграйиб қолдим. Шеър сўраганда, опамдан ўрганган шеъримни айтиб берган бўлсам...
Шеър айтиб берганимда, ўқитувчининг устимдан кулгани алам қилди.
– Она ҳақидаям шеър биламан, лекин, энди сизга айтиб бермайман! – дедим қошларим чимирилиб.
Ўқитувчининг оғзи ланг очилди. Аммо, гапирмади. Дарсларига яхши қатнашсам ҳам қўлидаги журналига менга кетма-кет «уч» баҳо қўяверди. Дарсларда яхши қатнашмаса ҳам ўқитувчига совға олиб келганлар «беш» баҳо билан гердайиб юраверишди.
Уйга келдим.
– Бувижон, «уч» ёмон баҳоми? – сўрадим.
Бувим индамади. Эрталаб мактабга боргим келмаётганини айтдим. Бувим чарм папкамга бир латта халтачага ғўлин (туршак), майиз, қанд, патир тугиб берди. «Ўқитувчингга бер!» деди. Бувимнинг айтганини қилдим. Учинчи соатдан кейин катта танаффусда ўзимнинг егим келиб турган бўлса ҳам бувимнинг тугунчасини ўқитувчимга бердим. Ўқитувчимнинг чеҳраси очилиб: «Вуй, керакмас эди», – дея туриб, тугунчани олди ва столининг тагига яшириб қўйди. Шу кундан бошлаб, «уч» баҳоларим «беш»га айланди. Негадир, бола кўнглим оғриган эди, буни ҳар куни бувимга келиб, айтиб-айтиб берар эдим.
***
«Сизга пул бермаймиз... »
1987 йил. Юқори синфга кўтарилганимизда, синфдошлар 8-мартда хотин-қиз ўқитувчилар байрамига пул йиғишди. Бу пайтда бизнинг оиламиздан 7 бола мактабда ўқирди. Бизларни ўқитиш онамга, отамга анча қийинчилик туғдираётганини билардим. Шу боис, онамдан пул сўрай олмадим. «Ўқитувчимга совға бера оласизми, она?» – дедим. Онам ўқитувчимга атайлаб чиройли рўмол берди. Ҳовлимиз ўртасидаги боғдан бир даста райҳон гул ҳам узиб берди.
– Бу сизга мендан совға, устоз, байрамингиз муборак бўлсин! – дедим биринчилардан бўлиб ўқитувчимни табриклар эканман.
Ўқитувчи райҳон гулларни ҳидлаб, столининг устига қўйди-ю, совғамни очиб кўрди. Авзойи ўзгарди.
– Ман тушунмадим. Мани битта рўмолга лойиқ кўрдингми? Ол, совғангни, менга рўмол керак эмас! – деди у кескин ва худди юзимга ирғитгандек газетага ўроғлик рўмолни шашт билан қўлимга қайта тутқазди.
Турган жойимда қотиб қолдим. Устимдан муз қуйилгандек бўлди. Синфдошлар ҳам анграйиб қолишди.
– Совғанинг катта-кичиги борми, устоз? Яхши иш қилмадингиз, энди биз ҳам байрам учун тўплаган пулимизни сизга, умуман, бермаймиз! – деди Қаҳрамон исмли синфдошим ўрнидан дадил туриб.
Мен эса йиғлаганча, синфдан чиқиб кетдим.
Ўшанда ўқитувчимиз ҳам синфдан сўзсиз чиқиб кетган экан. Шу билан у мактабимизга қайтиб кўринмади.
***
1990 йил. Ўз кучим ва билимим эвазига талаба бўлдим. «Соққа» билан талабаликка эришганлар эса 1-2-курсдан нарига ўтишолмади. Имтиҳонларни пул билан «ёпган»лар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Гуруҳимиздаги бир-икки «атаман»лар порахўрликка йўл қўйган домлани «очиб» ташладик...
***
Иллатлар билан «суғорилдик»
...Ҳа, иллат ботқоғини болаликдан кўриб, шунинг ичида улғайдик. Кимгадир соққа беришни истамагани эвазига йиллаб соҳада ишлолмаганлар бор. Мусофирлик тўнини кийиб, хорижга ишлаш учун кетиб қолган зўр-зўр кадрлар қанча. Чўнтакдан-чўнтакка қўл солиб, ҳамма соҳаларда «бегоналар» ўтлаб кетганида ҳам ҳолатни билиб-туриб, жимгина кузатдик.
***
«Икки йил, деганда, неварамизни боғчага қўйиш учун навбат келди. Хурсанд бўлиб олиб бордик. Янги, замонавий боғча. Кўрса, ҳавас қилгулик. Камчилиги йўқ. Қўлимизга узундан-узоқ «рўйхат» тутқазишди. «Рўйхатдан ташқари, 50 доллар ҳам... боғчага ёрдам қилишингиз керак!» – дея шарт сифатида билдиришди. На илож, рози бўлмасак, неварамиз шу боғчада, рози бўлсак, буям коррупциянинг бир кўриниши... кўнишга мажбурмиз!»
***
«Ҳозир ҳамма идора, ташкилотлар камералаштирилган. Шифохоналар ҳам бундан мустасно эмас. Барибир, йўлини қилишяпти. Мажбур бўляпмиз, тўғрироғи, ўзлари ўргатишяпти... кўнгилдан чиқариб беришимиз керак пулларни беморимиз учун пакетларда олганимиз – озиқ-овқатлар ёнига қўшиб солиб юборишни. Айниқса, бу роддомларда кучайган...»
***
Бундай муносабатларни кўпчиликдан эшитамиз. Ҳар гал бу ҳолатларга янгилик эмасдек қараганимизнинг ўзи жамиятда муаммолар баттар урчиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Шифокорга борганда, унинг чўнтагига «қўл ҳақи» солиб қўйишдан, автомашина бошқаришда йўл қоидаларини бузганда, ходимнинг қорнини «ғамлаш»дан, яқинларни ишга жойлаштиришда катталарни «кўриш»дан тап тортмай, шундай иллатлар билан «суғорилиб» яшадик. «Порахўрлик азалий касаллик-ку!» – дея эътиборсиз қўл силтаб қўйишга кўникдик. Бу томошабинлик ҳам, аслида, бизнинг «коррупционер»лигимиз...
Бу иллат жамиятда кенг қулоч ёйиб, дунёни остин-устун қилар даражага олиб келаётгандагина асли хатолар бошида ўзимиз ва ўзимизнинг эътиборсизлигимиз сабабчи эканини тан ола бошладик. Энди эса ичимиздаги коррупцион иллатдан қутилиш учун ҳаракатдамиз. Ҳар биримиз ичимизни бу иллатдан тозаламас эканмиз, унинг ботқоғида суғорилиб яшашда давом этаверамиз.
Бугун ҳам кеч эмас! Биргаликда, ҳамжиҳатликда ўзимиз қурган ва жамиятни муаллақ ҳолатга келтириб қўяётган коррупцияга қарши курашдан тўхтамаслигимиз шарт! Зеро, келажак авлоднинг нозик елкаси бу аросат жамиятга устун бўла олмайди. Хатоларимиз жабрини улар тортмасин!
Лайло Ҳайитова
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter